“Ватандош” муҳожирларнинг амнистия қилинишини талаб қилмоқчи

Россиядаги ўзбекларнинг “Ватандош” жамияти раиси Усмон Баратов (ў).

Қрим татарлари СССР даврида ўз ватанлари Қрим ярим оролидан депортация қилинганига 2014 йил 18 май куни 70 йил тўлди. Сана муносабати билан Москвада хотира маросими ўтказилиши режаланган. Тадбирда иштирок этадиган ўзбекларнинг “Ватандош” жамияти Россия ҳукуматидан ўзбеклар, тожиклар ва қирғизларнинг амнистия қилинишини талаб қилиш ниятида.

Қрим татарлари ўз ватанларидан бадарға қилинганига 70 йил тўлиши муносабати билан Россия пойтахти Москвада уюштирилаётган тадбирда қрим татарларидан ташқари СССР йўлбошчиси Иосиф Сталин буйруғига биноан қатағон қилинган немис, корейс, поляк, латиш, эстон ва бошқа миллатлар вакиллари ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Россиядаги ўзбекларнинг “Ватандош” жамияти раиси Усмон Баратов Озодлик билан суҳбатда тадбир иштирокчилари 18 майни “СССРда депортация қилинган халқлар куни” деб эълон қилиш ниятида эканини айтди.

- Биз тарихдаги бундай фожиа яна қайтарилмасин, демоқчимиз. Ҳозирги кунда Россияда юрган жуда кўп ўзбекистонлик, тожикистонлик, қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари чиқариб юбориляпти. Баъзан “депортация”, баъзан “выдворение”, баъзан “въезд для Российской Федерации закрыть” деган сўзлар ишлатилади.

Тарихда бўлган воқеалар ҳозир яна қайтариляпти. Фақат кўриниши ўзгарган. Мақсадимиз - фожиа қайтарилишининг олдини олиш. Ҳар ойда 55-60 минг одамнинг Россияга келиш йўли тўсиляпти, - дейди Ватандош жамияти раиси.

Москванинг “1905 йил” номли кўчасида соат 13:00дан 15:00гача бўладиган маросимида Россиядаги мухолиф “Яблоко” партияси расмийлари, советлар зуғумига учраб, қатағон қилинган бошқа халқлар вакиллари қатнашади.

Усмон Баратов "Ватандош" жамияти Россияда маъмурий жазога тортилгани учун мамлакатга кириши таъқиқланган ўзбеклар, тожиклар ва қирғизларнинг амнистия қилиниши талабини илгари сураётганини айтди.

- Бизнинг ўзбеклар жамияти илгари сураётган талаб - ҳозирги меҳнат муҳожирлари ҳам амнистия қилинсин. Декабрь ойида Россия Конституцияси қабул қилинганининг 20 йиллиги муносабати билан жуда катта амнистия эълон қилинди. Жиноят содир этиб, 5 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган россияликлар амнистия қилинди. Жиноят қилганларни ҳукумат кечирди.

Аммо кўчада нотўғри қадам босиб қўйган бизнинг марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари жиноий жавобгарликка тортилмаган бўлса ҳам амнистия қилинмади. Бундан миллатчилик, расизм ва шунга ўхшаган нарсаларнинг ҳиди келиб турибди, - дейди "Ватандош" жамияти раиси.

Усмон Баратов 18 май кунги маросим мотам тадбирига айланиб кетмаслиги учун ўзбек ва кавказлик санъаткорлар ҳам тадбирга таклиф этилганларини, улар куй ва қўшиқлар ижро этишини қўшимча қилди.

Бундан 70 йил муқаддам май ойида Қрим татарлари СССР йўлбошчиси Иосиф Сталиннинг буйруғига мувофиқ бир кечада ўта шафқатсиз йўсинда юк вагонларига ортилиб¸ олис юртларга олиб кетилган.

Маълумотларга кўра¸ 1944 йили 183 минг 155 нафар татар бадарға қилинган. Улардан 151 минг 136 нафари Ўзбекистонга жўнатилган.

Сталин қарори асосида 1944 йили бадарға қилинган Қрим татарлари 1989 йилда СССРнинг охирги раҳбари Михаил Горбачëв рухсати билан ватанларига қайтишга муваффақ бўлдилар.

Қримда оммавий тадбирларга тақиқ жорий қилинганига қарамай, кўплаб қрим татарлари 2014 йил 18 май куни Сталин депортациясининг 70 йиллигига бағишлаб ўтказиладиган намойишга чиқишга тараддуд кўрмоқда.

Бу ҳақда Қрим татарлари мажлиси раиси Рефат Чубаров шанба куни Симферополда ўтказилган матбуот анжуманида таъкидлади.

Чубаров сўнгги 23 йил ичида улар илк бор тақиққа рўбарў бўлаётганлари ва бундан ўта норози эканларини айтди.

2014 йил март ойида Россия аннексия қилган Қримнинг раҳбари Сергей Аксёнов Қрим ярим оролида 6 июнга қадар оммавий тадбирлар ўтказишга тақиқ жорий этганини Украина жанубий-шарқидаги вазиятнинг қалтислиги билан изоҳлаган.