Тошкент расмийлари билан Ўшга газ бериш борасида деярли қирқ кундан бери олиб борилаётган музокаралар натижасиз қолмоқда. Шу боис қирғиз парламентининг энергетика қўмитаси ҳукуматга Ўзбекистонга сув беришни тўхтатишни тавсия қилди. 2000 йилда ҳам Ўзбекистон Қирғизистонга бир ярим ой давомида газ бермай қўйганига жавоб тариқасида Бишкек Ўзбекистонга сув беришни бир ҳафтага тўхтатган эди.
Қирғизистон парламентининг ёнилғи - энергетика комплекси ва табиий бойликлардан фойдаланиш бўйича қўмитаси 21 май куни Қирғизистон ҳукуматига Ўзбекистонга сув беришни тўхтатишни тавсия қилди. Қўмита раиси Кўжўбек Риспаевнинг билдиришича, бу деярли қирқ кундан бери Ўшга газ беришни қайта тиклаш уринишлари самарасиз якунланаётгани билан боғлиқ.
-Ҳукуматга тавсияни бердик. Ҳозир бу борада тегишли тизмлар иш олиб бораяпти. Ҳозир қандай қарор қабул қилсак тўғрироқ бўлади, деган масала кўндаланг турибди. Чунки Ўзбекистонни сув билан таъминлаш борасида давлатлараро шартномалар бор. “Қирғизистон бу шартномадан бир томонлама равишда чиқиши керакми ёки йўқми?” деган савол устида ишлаяпмиз, -деди Кўжўбек Риспаев.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ўзбекистон томони 10 апрелда “Қирғизгаз” Россиянинг “Газпром”ига сотилганидан 4 кун ўтиб, яъни 14 апрелда Ўшга газ беришни тўхтатган эди. 16 апрелда эса Тошкентда минтақа мамлакатлари сув хўжаликлари мувофиқлаштирувчи кенгашида Қирғизистон томони Ўзбекистон ва Қозоғистонни жорий суғориш мавсумида узлуксиз сув билан таъминлаш мажбуриятини олган.
Қирғизистон Бош вазирининг собиқ ўринбосари Базарбай Мамбетов Бишкек Ўзбекистонга таъсир кўрсатиш мақсадида ўз зиммасига олган мажбуриятдан вақтинчалик воз кечиши керак, деган фикрда:
-Ҳеч қандай иложиси қолмаганидан сўнг, биз энг охирги воситани қўллашимиз керак. Ҳозир Норин бассейнида сув оз. Шунинг учун “сув ўзимизга ҳам етишмаяпти”, деган баҳона билан берилаётган сув миқдорини озайтирсак бўлаверади. 2000 йилда ҳам Ўзбекистон газ беришни бир ярим ойга тўхтатиб қўйганида, Қирғизистон Учқўрғон сув омборидан Наманган каналига бериладиган сувни бир ҳафтага тўхтатиб қўйган эди. Ўшанда орадан икки кун ўтмай, Ўзбекистон делегацияси Бишкекка келган ва газ таъминоти тикланган эди, - деб эслайди Базарбой Мамбетов.
Қирғизистон ҳукумати ҳозирча Ўзбекистонга нисбатан сув таъминотида қатъий чоралар қўллашга шошилмаётир. Бироқ қирғиз парламентининг тавсияси ҳамда Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевнинг 21 май куни Хитойга сафари доирасида “ишончисиз газ таъминотчисидан воз кечганимиз тўғри бўлганига кўп маротаба амин бўлмоқдамиз”, деб берган баёноти бундай қатъий чоралар қўлланиши мумкинлигига бир ишорат бўлмоқда.
Қирғизистон ҳукумати “Қирғизгаз”ни “Газпром”га сотиш ортидан газ таъминоти бўйича Ўзбекистон билан ҳамкорликдан воз кечиб, мамлакатни газ билан таъминлаш ҳуқуқини Россияга берган эди. “Газпром” Ўзбекистондан сотиб оладиган газининг бир қисмини бериш орқали Қирғизистонни узлуксиз газ билан таъминлаш мажбуриятини олган. Бироқ “Қирғизгаз”ни Россияга сотиш жараёнида Ўзбекистон омилининг ҳисобга олинмагани, Тошкент билан газ шартномаси бузилмаслиги борасида музокаралар ўтказилмагани сабабли 14 апрелдан буён Ўш шаҳри газсиз қолмоқда.
21 май куни Ўш шаҳридаги мавзелардан бирининг аҳолисидан 100 га яқин киши табиий газ йўқлиги ва электр энергияси тақчиллигидан норозилик билдириб Ўш – Аравон йўлини бир неча соатга тўсиб қўйган эди.
Шу куни мамлакат парламенти депутатларига ҳисобот берган Қирғизистон Бош вазири Жўўмарт Ўтўрбаев Ўзбекистон Бош вазири ва “Ўзтрансгаз” қирғиз расмийлари хатларига ҳам, телефон қўнғироқларига ҳам жавоб бермаётгани тўғрисида баёнот берди.