"Минор" қабристони Тошкентдаги энг қиммат "мозор-галерея"га айланмоқда

Пойтахтдаги йирик қабристон - "Чиғатой" қабристонига қўйилган марҳум хонанда Ботир Зокировнинг қабри.

Тошкент Фуқароларга хизмат кўрсатиш бошқармаси шаҳардаги йирик "Минор" қабристони тўлгани, марҳумлар фақат аждодлари хилхонаси ёки яқинларининг 30 йиллик қабри устига қўйилиши мумкинлигини билдирди. Пойтахтда ўзбек миллиардери Алишер Усмонов қураётгани айтилган янги масжид сабаб бу қабристондан жой олиш учун бериладиган пора 2 минг АҚШ долларидан 4 минг долларга ошгани ҳақидаги иддаони расмийлар қатъиян инкор қилди, баъзи пойтахтликлар эса надоматлар билан тасдиқлади.


"Қабристон тўлган, янги маййитларга жой йўқ"

Ўзбекистон Халқ ҳаракати Тошкентдаги манбаларига таяниб, ўзбек миллиардери Алишер Усмонов Юнусобод туманида қураётгани айтилган "Минор" масжиди сабаб унинг ёнидаги қабристондан олинадиган қабр жойи "нархи" 2 минг АҚШ долларидан 4 минг АҚШ долларига ошганини хабар қилди.

Бу хабар шаҳардаги иккинчи йирик қабристон саналган "Минор"да марҳумлар ва бўлғуси марҳумлар учун олинадиган қабр жойи муаммосини яна юзага чиқарди.

"Минор" қабристони маъмурияти, "Қора лола" дафн хизматлари бюроси ва Тошкентдаги Фуқароларга хизмат кўрсатиш бошқармаси расмийлари бу қабристондан пулга жой сотиб олиниши ҳақидаги иддаони қатъиян инкор қилди:

"Минор" қабристони тўлган. У ердан қабр сотиб олиш, деган гап мутлақо бўлмаган гап. Агар аждодларининг хилхонаси бўлса ўша ерга ёки яқинларининг 30 йиллик эски қабри устига кўмиб беришимиз мумкин", деди Тошкентдаги Фуқароларга хизмат кўрсатиш бошқармаси дафн ишларини ташкиллаштириш бўлимининг исмини ошкор қилмаётганимиз расмийси.

Бу расмий қабр жойларининг аввалдан пора эвазига банд қилиб қўйилишига оид иддаоларни ҳам қатъиян инкор қилди.

"Тошкентдаги прописка манзили бўйича кўмилади. Қайси районда пропискаси бўлса, ўша райондаги қабристонга кўмилади. Лекин, "Минор" тўлган, жой йўқ. Қабристонни ёнида яшаган бўлса ҳам, қабристонда яқинларининг қабри бўлса, ўша эски қабрни очиб, устига кўмиб берамиз", дея яна бир карра таъкидлади расмий.

Бу қабристондан 4 минг АҚШ доллари миқдоридаги пора эвазига қабрлик бўлиш имкони ҳақидаги иддаони эшитибоқ, "Минор" қабристони мутасаддиси телефон гўшагини илиб қўйди.


"Янги масжидда ўқилган дуо ёнидаги қабристонга тегиб туради"

"Минор" қабристонига уч дўстини дафн этган қибрайлик тингловчи Ғофуржон ака пойтахтдаги йирик қабристонлардан қабр олиш ҳамиша қийин бўлиб келганини айтади.

- Жой ҳақиқатда муаммо. Менинг уч дўстим ўша ерда аждодлари хилхонасига бепул кўмилди. Шу эски қабрни очиб, ўша ерга қўйишди. "Минор", "Кўкча", "Чиғатой" қабристонларига борсангиз, жой йўқ, дейди доим. Фақат шу хилхонангиз бўлса, ўша ерга кўмиш мумкинда. Бунинг устига катта одамлар, пулдор одамлар сиздан олдинда очередда турадида, - дейди қибрайлик Ғофуржон ака.

Унинг айтишича, яхшигина ҳақ эвазига исталган қабристондан жой топиш мумкин.

- "Минор" қадимдан машҳур қабристон. У ерда Амир Олимхоннинг авлодлари кўмилган, дейишади. Алишер Усмоновнинг акалари бор, дейишади. Қанча катта амалдорлар қўйилган. Энди ёнида шундоқ катта масжид қурилаётганидан кейин, у ерда ўқилган дуолар тегиб турсин, дейдиганлар борда. Энг муҳими, "Минор" марказда. Алишер Усмонов чустлик, Ўзбекистонга келганда дуои фотиҳа учун Наманганга борармиди?! Шундоқ марказдаги "Минор"га бориб фотиҳа қилади, яна кетаверади, тўғрими? дея ўзича ҳисоб олди Ғофур ака.


"Минор"даги қабрга бериладиган пора 2 минг доллардан кўп"

Тошкентда узоқ йиллар катта лавозимларда ишлаган ва аксар расмийларнинг дафн маросимларида ишитирок этган собиқ амалдор "Минор" қабристонидан қабрлик бўлиш учун бериладиган пора миқдорини "энг камида 4 минг доллар", деб иддао қилди.

"Энди қабристон муаммоси собиқ совет замонидан бери борку, буни ҳамма билади! 2 метр жой масаласи "Чиғатой" ва "Минор" қабристонларида жуда катта муаммо. Ёдингизда бўлса, Марказқўмга келган Шароф Рашидов биринчи бўлиб "Чёрный тюльпан" бюросининг ўша даврдаги Расулов, деган раҳбарини қамаган эди. Бу муаммо ўшандан бери катталашган бўлса катталашдики, асло кичиклашмади. "Минор"дан қабр олиш учун энг камида 4 минг, у ёғи бир неча 10 мингларгача боради, буни шу қабристонлардан янги жой олиб, ўлик кўмганнинг ҳаммаси билади, сирмас бу", дейди собиқ амалдор.

Унинг айтишича, "Чиғатой" билан "Минор"дан қабрлик жой олиш учун пулнинг ўзи ҳам кифоя эмас.

"Чиғатой"га, мисол учун, марҳум Шароф Рашидовнинг рафиқасини қўйиш ҳам муаммо бўлган. Чунки, бу қабристондан жой олиш учун арбобнинг хотини ҳам давлат арбоби бўлиш керак экан, тушуняпсизми? Ҳа бошқа пулдорлар бу масалани пул билан ҳал қилиши тайин энди. Ўзи шу қабристонда жой масаласи бизга руснинг замонида кириб келган жиддий муаммога айландида", деди собиқ давлат арбоби.


"Маййитлар устига бостирилган ҳайкаллар галереяси"

"Минор" қабристонига уч дўстини дафн этган қибрайлик тингловчи Ғофуржон ака "Минор"ни Марказий Осиёдаги энг қиммат мозор, деб баҳолади.

- "Минор" қабристони санъат асарлари музейи-ку! Гуллар экилган, йўлакчалар қилинган. Мармар тошлар, ҳайкаллар! Прибалтикадан келади мармарлар. Шахсан биламан, 40 минг долларга мозор устига мавзолей қурдирганни. Суратлари билан, отларини ёздириб, мармар тошга ўйдириб қилинган қабрни. Бюстлари билан. Тошкентдаги қабристонлар орасида энг зўри ва қиммати шу "Минор", деб ҳисоблайди Ғофуржон ака.

Тошкентдаги "Чиғатой" қабристони ҳам ҳукумат вакиллари ва давлат арбоблари мозорлари устига бостирилган ҳайкаллар билан тўлиб-тошган.

Қуйида ушбу қабристондан олинган суратлар галереясини томоша қилишингиз мумкин.

Ўзбекистонда Хотира ва қадрлаш куни



"Тириклар эгаллаган қабрлар ҳамма қабристонда бор"

Қибрайлик Ғофуржон ака ҳам, Озодликка исмини сир сақлаш шарти билан сўзлаган собиқ давлат арбоби ҳам собиқ иттифоқидан қолган тирик туриб, мозорлик бўлиш анаъаси ҳамма қабристонлар, айниқса номи танилган эски қабристонларда кузатилишини айтади.

- Шу аждодлар хилхонаси, дейишадику, ана шу хилхоналарнинг кўпида озгинадан бўш жойи бўлади. Атрофини ўраб қўйишган. Айниқса, эри ўлган бўлса, хотини мениям ёнига қўйинглар, деб қўяди. Айримлар ота-онаси, ота-бобосининг ёнида ётсам, дейди. Тўғри, Исломда жой олиб қўйинг демагану, лекин олманг ҳам демаганда. Шаҳар атрофидаги қабристонда тириклар эгаллаб қўйган мозорлар кўп, дейди қибрайлик Ғофуржон ака.

Тошкентдаги Фуқароларга хизмат кўрсатиш бошқармаси бу таъкидни билвосита тасдиқлади.

"Ўша ҳудудда яшайдиган, пропискаси бор оилаларнинг хилхоналари бор. Лекин, "Минор"да бу хилхоналарнинг кўпида ҳам жой қолмаган", деди расмий.


"Зиёратчилари тарк этган қабрлар бизнеси бор"

Пойтахтдаги қабрлари "харидоргир" бўлган айрим қабристонларда зиёратчилари тарк этган ёки бўлмаган қабрлар янги маййитлар учун сотилиши ҳақида давомли иддаолар бор.

Бундай иддаоларни қувватлаганлар фикрича, қабристон маъмуриятларида ана шундай қабрларнинг мунтазам равишда янгиланиб турадиган яширин рўйхати бор.

"Хуллас, қабристон аталмиш қоронғу дунёнинг бунақа синоатлари кўп. Пул эвазига катта мозорлардан жой топиб берадиганларни ўлганлар у дунёдан, тириклар эса бу дунёдан қўллаб тураркан, бу бизнес ўлмайди", дейди жумладан собиқ давлат амалдори.

У ана шундай пулдор "тирик мурда"лар шарофати билан дафн этилишида муаммо бўлган айрим халқ ёзувчиларининг оиласи хилхоналарига кўмилмай қолишини афсус билан тилга олди.


Тошкентда тирикларга уй, ўликларга мозорлик бўлиш қийин

Тошкент шаҳрида жами 70 та қабристон бўлиб, булардан 10 таси ëпилган, яна 10 таси бошқа миллат вакилларига ажратилган.

Тошкент шаҳридаги фуқароларни дафн қилиш бошқармаси расмийсининг айтишича, қолган 50 қабристон аслида Тошкент шаҳрида расман рўйхатдан ўтган 3 миллион аҳолига мўлжалланган.

Аммо, йил сайин аҳоли сони ошиб бораётган пойтахт резинадан кенгайиб бораётганига қарамай, тирик жонлар учун турар-жой муаммоси қанчалик кучаяётган бўлса, марҳумлар учун шаҳар қабристонларидан қабр олиш масаласи ҳам йил сайин кучайиб бораётгани айтилади.

Ҳозир пойтахт қабристонларига марҳумларни жойлаш хизматлари ҳаққи энг камида 500 минг сўмдан, бир неча минг долларгаяа бориши айтилди.