Ўш воқеасида содир этилган жиноятларнинг фақат 5,3 фоизи фош этилган

Ўшда 2010 йилнинг 10 июнидан 11 июнига ўтар кечаси бошланган зўравонликларда турли жиноятларни содир этгани гумон қилинаётган шахсларнинг 95 фоизи шу кунгача жазолангани йўқ. Айни пайтда Ўш қирғинида айбланиб қамалган 545 кишининг 400 нафари ўзбек, 133 нафари қирғиз, қолганлари эса бошқа миллатга мансуб шахслардир.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ўш воқеасида содир этилган жиноятларнинг фақат 5,3 фоизи фош этилган



Ўш фожеасида жиноят содир этганларнинг 95 фоизи қочиб кетган

Қирғизистон Бош прокурори Аида Салянованинг билдиришича, Ўш воқеасида содир этилган зўравонликлар бўйича 5 мингдан ортиқ жиноят иши очилган. Бироқ шу кунгача бу жиноятларнинг фақат 5,5 фоизга яқини фош этилган. 2014 йилнинг май ойигача бўлган ҳолатга кўра, 307 жиноят бўйича айбланган одамларга нисбатан суд ҳукми ўқилган. 33 жиноят иши эса далиллар етарли бўлмагани учун тергов жараёнида тўхтатилган.

Қирғизистон Бош прокурори жиноят ишларининг асосий қисми охирига етказилмаганини гумон қилинувчилар Россия, Ўзбекистон ва бошқа хориж давлатларига қочиб кетгани билан изоҳламоқда:

-Бу каби жиноят ишларини изи совимасдан туриб фош қилиш керак эди. Бироқ ўша пайтда жиноятни фош этиш осон бўлмаган. Қочиб кетганларнинг кўпчилиги бошқа давлат фуқаролигини олишга муваффақ бўлган, яна бир қисми эса қочқинлик мақомини олган. Шунинг учун ҳам уларни Қирғизистонга олиб келиб, жиноий жавобгарликка тортиш жуда қийин бўлмоқда, - деди Аида Салянова.

Қамалганларнинг кўпчилиги қийноқлар туфайли "айбдор"га айланган

Халқаро ташкилотлар ва маҳаллий ҳуқуқ фаоллари фош этилган жиноят ишлари бўйича ҳам жиноят содир этган шахслар жазога тортилганига шубҳа билан муносабат билдирмоқда. Халқаро ташкилотлар эълон қилган баёнотларида жиноятда айбланиб ҳибс қилинган шахсларга нисбатан тергов жараёнида қийноқлар қўлланилгани, жиноят ишлари сохталаштирилгани ҳақида маълумотлар бор.

Халқаро ташкилотга кўра, 2010 йилдаёқ қийноқлар қўлланилиб, мажбурий иқрорномалар олиш натижасида “умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиш бўйича 27 та ҳамда узоқ муддатли қамоқ жазоси бўйича 6 та ҳукм чиқарилган” бўлиб, “бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилганларнинг ҳаммаси ўзбеклардир”.

Умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган маҳбус Мирзоҳид Солиев Озодлик радиосига берган суҳбатида бу борада қуйидагиларни айтиб берган эди:

- Аввалига мени укамни “тартибсизликларда қатнашгансан”, деб олиб кетишди. Кейин мени терговга чақиришди. Терговчининг хонасига кирсам, укамни жуда қаттиқ калтаклашибди. Мени олдимда ҳам калтаклашиб, “Агар сен мана бу қотилликни бўйнингга олмасанг, укангни бу ердан ўлиги чиқади”, дейишди. Шундан сўнг мен қилмаган жиноятни бўйнимга олишга мажбур бўлдим. Ўшда ўша кунлари ҳуқуқ-тартибот тузилмалари мана шундай принципда ишлашган. Битта уйдан 2-3 та одамни олиб чиқиб кетади-да, улардан 1-2 тасини қаттиқ калтаклайди, қийноққа солади ва қўлга олинганлардан бири ўз яқинини қутқариб қолиш учун қилмаган жиноятни бўйнига олади, - деди Мирзоҳид Солиев.

Дилмурод Ҳайдаров: Тўла оқланмагунимча курашни тўхтатмайман

Ўш вилоят суди томонидан 10 йилга кесилган Дилмурод Ҳайдаров, 8 йилга қамалган Ғани Содиқжонов ва Ҳайрулло Соипов, 6 йилга қамалган Шукрулло Қўчқоров, Дониёр Қодиров, Баҳодир Собиров апрель ойида қамоқдан озод қилинди. Бу шахсларга нисбатан тергов ва суд жараёни қарийиб тўрт йил давом этди. Лекин бир неча маротаба ўтказилган қайта терговлар ва суд жараёнларида уларга нисбатан билдирилган қотиллик айблови исботини топмаган. Шунинг учун ҳам суд уларга тартибсизлик иштирокчилари сифатида турли муддатларга жазо белгилаган ва бу жазо муддати ҳибсда ўтирган кунлар ҳисобидан ўтаб бўлинган деб топилиб, озодликка чиқарилган.

Бироқ мазкур иш бўйича айбланган Дилмурод Ҳайдаров суд уни тўла оқламагунига қадар курашдан чарчамаслигини билдирди:

-Худо хоҳласа, тўла оқланиш учун курашимизни давом эттирамиз. Чунки мен шахсан Ўш воқелари пайтида бирорта ноқонуний ҳаракат қилганим йўқ. Мен Ўшдаги топбазада ишлайдиган 25 та қирғиз аёл ва қизларни, заправкада ишлайдиган Айтмамат акани оиласи ва акаси билан билан хавфсиз жойларга олиб чиқиб қўйдим. Бундан ташқари “Достон” кафесида ишлайдиган официант қизларни, Хитой фуқароларини, эронликларни хавфсиз жойларга кўчирдим. Ўш воқеаси кунлари мен халқимизнинг тинчлиги учун қўлимдан келганича хизмат қилдим, -деди Дилмурод Ҳайдаров.

Халқаро ташкилотлар ва маҳаллий ҳуқуқ фаоллари умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Азимжон Асқаровни озод қилиш йўналишида тўрт йилдан бери ҳаракат қилиб келмоқда. Халқаро ташкилотлар ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганини айтиб келади. Бироқ Қирғизистон расмийлари Азимжон Асқаровнинг Бозорқўрғон туманида бир милиция ходими ҳалок бўлган тартибсизликларни уюштирганлиги исботланган факт эканни иддао қилиб келмоқда.

"Амнистия миллатлараро иноқликни мустаҳкамлайди"

Айни пайтда Қирғизистон Халқлари Конгресси сиёсий партияси Ўш воқеасида айбланиб қамалганларга ҳамда хорижга қочиб кетган айбланувчиларга амнистия эълон қилиш ташаббуси билан чиқмоқда.

- Иноқлик ва бирдамликни мустаҳкамлаш мақсадида мана шундай ташаббусни кўтардик. Бироқ оғир жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан амнистия қўлланилмайди. Биз иложсиз вазиятга тушиб қолгани учун тартибсизликларда иштирок этишга мажбур бўлган шахсларга нисбатан амнистия эълон қилинишини таклиф этаяпмиз. Қамалганларнинг айримлари гуноҳсиз бўлса-да, ҳуқуқ-тартибот тузилмалари уларга айблов билдирган. Гуноҳсиз одамнинг пули бўлса, пулини олиб қўйиб юборишган, пули бўлмаса жиноят иши очиб, қамаб юборган ҳолатлар ҳам бор, - деди Шамшибек Медетбеков.

Қирғизистон Халқлари Конгресси сиёсий партияси амнистия ташаббусини бир ой олдин кўтарган бўлса ҳам шу кунгача Бишкек расмийлари бу борада ўз муносабатини билдиргани йўқ.

Қирғизистон президентининг расмий сайтидаги маълумотларга қараганда, 2010 йилнинг 10 июнида бошланиб бир неча кун давом этган Ўш қирғини чоғида 442 одам ҳалок бўлган. Уларнинг 70 фоизи этник ўзбеклардир.

Айни пайтда Ўш қирғинида айбланиб қамалган 545 кишининг 400 нафари ўзбек, 133 нафари эса қирғиз миллатига мансубдир.