Қорасувда уч ўсмир музқаймоқ кафесига ўт қўйди

Душанбага ўтар кечаси Қорасувда содир бўлган ёнғиндан, мулк эгалари ҳисоб-китобига кўра, тақрибан 60 минг доллар зарар кўрилган.

23 июнга ўтар кечаси Қирғизистоннинг Қорасув шаҳрида катта ёнғин содир бўлди. Чор-атрофни ёритган аланга Шаҳрихонсойнинг нариги қирғоғида яшовчи ўзбекистонликларнинг уйқудан уйғониб, кўчага чиқишига сабаб бўлди.

Бу ҳақда Озодликка воқеа жойидан мобиль мухбирлардан бири хабар қилди.

- Кеча соат тунги 2 ларда менга ўзбекистонлик болалар телефон қилишди: “Сизлар томонда бир нарса ёнаяпти-ку” деб. Бизнинг уй ичкарироқда эди. Кўчада бир морожнахона бор эди, темир йўл вокзали рўпарасида, катта морожнахона эди - ўша ерга ўт қўйиб юборишибди. У ёқдан ўзбекистонликлар тўпланиб каналнинг бўйига чиқиб олишибди, - дейди қорасувлик мобиль мухбиримиз.

Суҳбатдошимиз айтаётган канал Шаҳрихонсой бўлиб, у айни пайтда Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида чегара вазифасини ўтайди.

Музқаймоқ кафеси эгасининг яқинларидан бири Шуҳрат акага кўра, кечаги ёнғиндан кўрилган зарар тақрибан 60 минг долларни ташкил қилади.

- Беш хонали мороженое кафеси эди. Кўрилган зарар - ичида 20 та мягкий мебель бор эди, 3 та фризер аппарат, 3 та сув музлаткичи, 2 та мороженое музлаткичи, 3 та телевизор, 3 та ноутбук, 2 та шифонер, кондиционерлар – ҳозирча билганимиз шу.

Озодлик: Тахмин қилишингларча, кўрилган зарарнинг умумий суммаси қанча бўлаяпти?

- Зарар бино ва ичидаги жиҳозлари қўшилиб 3 миллиондан ошиқ бўлаяпти сўмга (қарийб 60 минг АҚШ доллари – таҳр.), - деди қорасувлик Шуҳрат ака.

Музқаймоқ кафеси жойлашган Нурохунов маҳалласи фаолларидан бири кеча кафега ўт қўйган 16-17 ёшлардаги ўсмирлар ушланганини айтади.

- Учта бола ушланди. Биттаси больницага ётиб олибди. Уни ҳеч ким урмаганди, урдирмаганман кеча мен бу ерда турволиб. Улар маскада экан, маскаларини манави ерга ташлаган экан, ҳозир олдик уни. Ҳозир энди: “Тўлаймиз”, дейишяпти. Тоғалари, қариндош-уруғлари келишди, - дейди Нурохунов маҳалласи фаолларидан бири бўлган аёл.

Воқеанинг бошқа гувоҳларига кўра, кафеда ёнғин содир бўлишидан икки кун аввал кимдир маҳалладаги сартарошхона ойналарини чилпарчин қилиб кетган, бундан ташқари, темир йўл вокзалидаги паровознинг ойналарини синдириб кетган.

Ёнғинни ўчиришда иштирок этган қорасувликларнинг айтишича, кеча тунда ушланган қирғиз миллатига мансуб ўсмирлардан бирининг исми Руслан бўлиб, у Қорасувдаги Эркин исмли бильярдхона эгасининг ўғли экан.

Ўтёқар ўсмирлар ушланганидан кўп ўтмай бир киши келиб, милиция гувоҳномасини кўрсатиб, уларни ўзи билан олиб кетган. Кейинчалик эса ҳақиқатан милицияда ишлайдиган бу одам ўтёқарлардан бирининг яқин қариндоши бўлиб чиққан. Гувоҳларга кўра, у ўтёқарларни туман милиция бўлимига эмас, уй-уйларига етказган.

Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида биз Қорасув туман милиция бўлимига ҳам қўнғироқ қилдик. Телефон гўшагини кўтарган ва ўзини Жақипов деб таништирган милиция ходими тунда бутун шаҳарни оёққа қалқитган ҳодисадан милициянинг хабари йўқлигини айтди.

- Бизга ундай материал келгани йўқ. Бизга хабар беришмади. Биз бугун келдик, кечагини билмаймиз-да биз. Бугун бизга айтишмади, - деди Қорасув туман милиция бўлими ходими Жақипов.

Озодлик билан суҳбатлашган айрим қорасувликлар қўли узун қариндошлари бўлган ўтёқар ўсмирларнинг қилмишлари учун жазодан қутулиб кетиши мумкинлигини истисно қилмаяптилар.