Чустлик 44 яшар фермер ўзини осиб қўйди

Наманган вилояти, Чуст тумани, Баймоқ қишлоғилик фермер якшанба, 22 июнь куни дала шийпонида ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақда Озодликка хабар берган норасмий манбанинг марҳумнинг яқинларига таяниб айтишича, жонига қасд қилган чустлик ўзининг фермерлиги билан боғлиқ муаммолар олдида ожиз қолган.


Норасмий манбадан олинган хабарни ўз жонига қасд қилган Қурбонтой Усмоновнинг 22 июнь, маҳаллий вақт билан соат 14 да бўлиб ўтган дафн маросимида қатнашган, исми айтилмаслиги сўраган баймоқлик йигит тасдиқлади. 1970 йилда туғилган марҳумнинг балоғатга етган бир қизи борлиги айтилди.

Дафн маросимида қатнашган баймоқликнинг айтишича, қишлоқликлар орасида “Қурбонтой вос-вос касалига учраб қолган экан, деган гап тарқаган”.

Биз марҳумнинг шу кунда Москвада ишлаб юрган қишлоқдоши билан ҳам боғландик. Унинг айтишича, Қурбонтой Усмонов бундан 2 ой муқаддам Москвага борган, “хушчақчақ, бир гапириб ўн куладиган, басавлат улфат йигит эди”.

Воқеа тўғрисида биринчи бўлиб хабар қилган, исми сир қолишини истаган норасмий манбага кўра, “Қарийб 10 йилдан бери фермерлик қилиб келаётган Қурбонтой Усмонов 22 июнь куни эрталаб ишчиларини далага ишга жўнатган ва соат 9 ларда дала шийпонида ўзини осган. Қарзи борлиги учун у яқинда ўз уйининг 10 сўтигини 11 минг долларга сотган эди.”

Манбага кўра, Қурбонтой Усмоновнинг қарзи унинг фермер хўжалиги билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Озодлик манбасининг ёзишича, Қурбонтой Усмонов сўнгги йилларда ўз жонига қасд қилган ягона фермер эмас. “Бундан 4 йил олдин қўшни қишлоқда яшаган, фермер бўлиб ишлаган курсдошим ўзини осган, унинг ҳам қандайдир қарзи бўлгани тўғрисида гап бўлган эди”, деб ёзди манба.

Чустлик фермернинг ўз жонига қасд қилиши касбий фаолияти билан боғлиқ эканлигининг расмий тасдиғи йўқ.

Айни пайтда чустлик фермернинг ўз жонига қасд қилгани тўғрисидаги хабар шу мазмундаги хабарларнинг биринчиси эмас.

2013 йилнинг августида Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги “Қўшработ” фермерлар ширкати раиси Исмат Шодмонов ўз жонига қасд қилган, Озодлик манбаларининг хабарига кўра, у йиғилишда туман ҳокими томонидан хўрланиб, калтакланганидан сўнг уйига келиб ўзини осган эди.

2013 йилнинг ноябрида Сирдарёнинг Боёвут туманида яшаган 54 яшар фермер Неъмат Сулаймонов ўзини осган, ҳуқуқ фаолларига кўра, фермер маҳаллий ҳокимлик вакилларининг босимига чидай олмай ўз жонига қасд қилган эди.

Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманида саксондан зиёд фермер ҳокимият вакилларининг зўравонлигидан безиб, ўз хўжалигини ёпишни сўраб туман ҳокимлигига ариза бергани тўғрисида Озодлик жорий йил январида хабар қилган эди.

Бундан роппа-роса бир ой олдин эса, Озодликнинг OzodMikrofonига Наманган вилояти, Чуст туманидан боғланган 35 яшар собиқ фермер Абдулла Ҳакимов (исм ўзгартирилган) 2008 йилдаги қурғоқчиликда ғалла ва пахтадан кўрган зарарни суғурта ташкилоти тўламагани, орадан 6 йил ўтиб бу суммани банк ери ҳам тортиб олинган деҳқондан олишга уринаётганидан арз қилган эди.