Россиянинг МТС мобил ширкати Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакатдаги фаолиятини тиклаш борасида якуний келишувга эришди.
Рус матбуотининг хабар қилишича, икки йил аввал Ўзбекистондан ҳайдалган мобил компанияси жорий йил охирига қадар мамлакатга қайтиши ҳақида келишиб олинган.
Интерфакс агентлиги ҳукуматдаги манбага таяниб, ўтган ҳафта охирида Тошкентда “МТС раҳбарияти билан музокараларда ширкатнинг Ўзбекистонга қайтиши шартлари билан боғлиқ баҳсли масалалар бартараф қилингани”ни хабар қилинмоқда.
Хабар қилинишича, ҳозирда янги оператор ширкатини таъсис этиш бўйича ҳужжатлар тайёрланмоқда. Қўшма корхона МТС брэнди остида фаолият юритиши айтилмоқда.
Ўтган ҳафта Ўзбекистон ҳукумати МТСнинг мамлакатга қайтиши хусусида ижобий қарор қабул қилгани ҳақида хабар қилинган эди.
2012 йилда Ўзбекистон ҳукумати лицензиясини бекор қилгунига қадар МТС-Ўздунробита мобил оператори 9 миллиондан ошиқ абоненти билан мамлакатдаги энг йирик телеком ширкати ҳисобланган.
Ўтган йили ширкат банкрот деб эълон қилинган ва унинг мулки кимошди савдосига қўйилган эди. Лекин бир неча уринишда мулкка харидор чиқмагач, уни давлатга қарашли “Ўзбектелеком” ширкатига сақлаш учун топширилган эди.
Ҳозирда Ўзбекистон уяли алоқа бозорида тўртта йирик ширкат - Beeline (Россия), UCell (Швеция), Perfectum Mobile (Ўзбекистон) ва Узмобайл (Ўзбекистон) мобил операторлари фаолият юритади.
Ўзбекистонда мобил алоқа абонентлари 24 миллиондан ошиқ экани айтилади.