Москвада ўғирланган ўзбек продюсерининг дараги Тошкентдан чиқди

Мирсобир Ҳамидқориев.

Шу йилнинг 9 июнь куни Россия пойтахти Москвада номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилган ўзбек қочқини Мирсобир Ҳамидқориев айни пайтда Тошкентдаги 1-сонли тергов ҳибсхонасида – “Тоштурма”да сақланмоқда.

Бу ҳақда Озодликка Мирсобир Ҳамидқориевнинг отаси Мирсобит ака маълум қилди.

Унинг айтишича, Тошкентга олиб келинган дастлабки кунларда ўғли Мирсобир Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ертўласида сақланган, кейин эса “Тоштурма”га кўчирилган:

- Тоштурмада – подвалда ётибди. Ҳали гаплашолганимиз йўқ. Терговчи қўнғироқ қилиб: “17-(июн)да Собир олиб келинди, тергов изоляторида”, деди. МВДнинг подвалида ўтирувди, Тоштурмага чиқаришибди энди, дер экан Мирсобит ака яқин кунларда ўғли билан кўришишга умид қилаётганини айтади.

Шу йил май ойида суд қарори билан Россиядан қочқинлик мақоми олган ўзбекистонлик кинопродюсер ва тадбиркор Мирсобир Ҳамидқориев Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан номи ва фаолияти жамоатчиликка нотаниш бўлган "Ислом жиҳодчилари" террорчи гуруҳига асос солганликда айбланиб¸ халқаро қидирувга берилган.

"Продюсер машинада Ўзбекистонга олиб кетилди"

Ҳамидқориев 9 июнь куни Москвада ўғирлаб кетилиши биланоқ унинг ҳимояси билан шуғулланиб келган ҳуқуқ фаоллари бунинг ўзбек махсус хизматлари иши экани ҳақида тахминларни илгари сургандилар.

Ҳамидқориевга адвокатлик қилган Илларион Васильев ўзбек қочқини йўқолиши билан Европа судидан тортиб маҳаллий полиция, чегара хизмати ва Федерал хавфсизлик хизматигача хабар берилгани одам ўғриларининг ишини анча қийинлаштирганини тахмин қилади:

- Улар Мирсобирни олиб чиқиб кетишда муаммога дуч келганлар. Буни мен аниқ биламан. Мендаги маълумотларга кўра, уни самолётда олиб чиқиб кетишга улгуролмай қолганлар, чунки биз аэропортларга тўсиқ қўйгандик, дер экан Илларион Васильев ўз ҳимоясида бўлган Ҳамидқориевнинг Қозоғистон орқали машинада олиб чиқиб кетилганини тахмин қилади.

Мирсобир Ҳамидқориев ғойиб бўлгани ҳақида хабар тарқалиши биланоқ Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Россия ҳукуматидан қочқин мақомидаги бу шахсни Ўзбекистонга бериб юбормасликни талаб қилган, унинг чегарадан олиб ўтилишига тўсқинлик қилиш ва уни излаб топишга қаратилган қидирув ишларини жадаллаштиришни сўраган.

Шунингдек, Страсбург суди Россия ҳукуматига Ҳамидқориевнинг қаерда экани, уни топиш бўйича қандай чоралар кўрилгани, уни қўлга олишда Россия махсус хизматлари иштирок этган-этмаганига оид саволлар йўллаган ва бу саволларга 1 июлга қадар жавоб беришни талаб қилган.

Россия расмийлари Европа суди саволларига айтилган муддатда жавоб берган-бермагани ўзига номаълум эканини айтган адвокат Илларион Васильев, агар Москва Страсбургга жавоб берса, бу жавоблар унга ҳам келишини қўшимча қилади.

2011 йилдан буён Россияда истиқомат қилиб келган Мирсобир Ҳамидқориев ўзининг тақиқланган диний-экстремистик оқимларга алоқадорлиги ҳақида ўзбек расмийлари қўйиб келган айбловларни тамоман рад қилган.

Бу айбловлар ортидан у ўтган йил ёзида Москвадаги ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинган эди.

7 август куни эса Москванинг Головинская туманлараро прокуратураси Ҳамидқориевни Ўзбекистонга топширишга асос йўқлиги боис ҳибсдан озод қилганидан кейин ўзбек кинопродюсери ўз адвокатлари орқали Россиядан сиëсий бошпана сўраган эди.

Машҳур киночилар жиҳодчига айлантирилди

Ўзбекистонда диний экстремизмда айбланиб, қидирувга берилган тошкентлик 36 яшар кинопродюсер ва тадбиркор Мирсобир Ҳамидқориев Тошкентдаги зиëли элита орасида санъат шинвандаси сифатида танилган.

Миорсобир Ҳамидқориевни яқиндан билганлар¸ унинг номозхон бўлганини айтишади.

Мирсобир Ҳамидқориев Ўзбекистонда тақиқлаб қўйилган “Нафс” филмига продюсерлик қилган.

Ўзбекистон махсус хизмат идораларига кўра¸ Мирсобир Ҳамидқориев ўз тарафдорлари билан “Ислом жиҳодчилари” ташкилотини яратган.

Мирсобир Ҳамидқориевнинг адвокати Илларион Васильев ўз тасарруфидаги ҳужжатларга асосланиб, кинопродюссер мамлакат ҳукмдор элитасининг “соҳибаси” билан конфликтга тушганини айтади:

- Ҳамидқориев Ўзбекистонда ҳозирда тақиқланган “Нафс” филмини ишлашда иштирок этган. Унинг акаси ҳам ҳозирда қамоқхонада. Ўзбек хавфсзилик хизмати Ҳамидқориевдан бошқа яна 40 кишини, "экстремистик ташкилот"га алоқадорликда айблаган. Айбланганлардан бири кўп йил давомида президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан жуда яқин алоқада бўлиб келган. Гулнора Каримова билан бу алоқа узилганидан сўнг, гуруҳ диний айбловлар нишонида қолган. Мирсобирнинг муаммолари 2010 йилда бошланди. Қуролланган номаълум кишилар ниқобларда унинг "Мир электроники" дўконига бостириб киришади ва у ердаги нарсаларни олиб кетишади. Сўнгра 24-дан 25-декабрга ўтар кечаси эр-хотин ўтирган машина ўққа тутилади. Икки соатдан сўнг миллий хавфсизлик ходимлари Мирсобирнинг акаси Миразизни ҳибсга олганлари маълум бўлади. Шу куни Мирсобир Ҳамидқориев ва оиласи Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлишади, дейди россиялик адвокат.

Илларион Васильевнинг Озодликка айтишича¸ Ҳамидқориев Тошкентдаги 1,5 миллион долларлик мол-мулкидан айрилган. Унга тегишли "Мир электроники" дўкони олиб қўйилган.

Ўзбекистонда продюсер Мирсобир Ҳамидқориевга 2011 йил 3 январда сиртдан жиноий иш қўзғатилган.

Мирсобир Ҳамидқориев 2011 йил 1 апрелда қидирувга берилган, 7 июнда Россия ИИВ федерал қидирув хизмати рўйхатига киритилган.

Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот идоралари иддаосига кўра¸ Мирсобир Ҳамидқориев 2009 йил бир гуруҳ тошкентликлар билан "Ислом жиҳодчилари" террористик гуруҳини тузган.

Бу гуруҳ таркибига спортчи, санъаткор, киночилар кириб, ҳозир қочиб кетган Нурилло Саидхўжаев томонидан бошқарилгани иддао қилинади.

"Мемориал" марказидаги ҳужжатларда гуруҳ таркибида киноактёр Фаррух Соипов, бастакор Азиз Холмуротов, мусиқачи Сурат Қосимов, кинооператор Темур Примқуловлар бўлгани ҳам иддао қилинади.

Бу маълумотларга кўра , "Ислом жиҳодчилари" диний гуруҳига алоқадорлик айби билан 40 киши ушланган.

"Мемориал" фаоллари ўз қўлларидаги ҳужжатларга асосланиб, ушланганлардан 30 нафари 60 минг долларгача бўлган пора эвазига озодликка чиқарилгани ва қолган 9 киши, жумладан, Ҳамидқориевнинг акаси ҳам узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм қилинганини айтишади.