Ўзбекистон олтин бошлар ва олтин қўллар тарк қилаëтган мамлакатлар рўйхатида

Россияда меҳнат муҳожирлари учун мўлжаллаб чиқарилган қўлланмадан олинган сурат.

Заковат соҳиблари, юқори савиядаги интеллектуал ва техник билими юқори бўлган кадрлар заҳирасининг қочиши ҳолатига бағишланган кўрсаткичлар Foreign Policy нашри ва Америка Тинчлик жамғармасининг "Лаëқатсиз давлатлар индекси"да (Failed States Index) эълон қилинган.

Ҳисоботда Ўзбекистоннинг "малакали кадрлардан мосуво бўлиш" кўрсаткичлари 10 балли тизим бўйича 6,6 балл, деб баҳоланган.

Бу олий маълумотли кадрлардан айрилишнинг МДҲдаги энг баланд кўрсаткичидир.

Масалан, Беларусь ва Қозоғистонда “оқиллар ва моҳирлар ҳижрати” 3,7 ва 3,8 балл, деб баҳоланган. Айни кўрсаткич бу икки мамлакатни малакали кадрлар МДҲда энг кам тарк этаëтганидан далолат.

Қирғизистон билан Тожикистон кўрсаткичлари 6,1 балл¸ Арманистон 5,7 балл, Гуржистон 5,5, Украина эса 5,4 балл соҳиби бўлган.

Россияда бу кўрсаткич 4,8 балл, Озарбайжон эса 4,7 баллга тенг.

Ҳисобот тузувчиларга кўра, бу кўрсаткичлар МДҲ мамлакатларини малакали мутахассислар фаол тарк этаётганларидан далолатдир.

Айни пайтда бу мазкур мамлакатлардаги “оқиллар ҳижрати” билан боғлиқ вазият Ўзбекистонга солиштирганда яхшироқ, деганидир.

2013 йил натижалари асосида тайёрланган ҳисоботда ўзбекистонликлар учун тасалли бўладиган рақамлар ҳам бор.

Инсоний ресурсларнинг мамлакатни тарк этиши бўйича дунёда энг ёмон вазият, ҳисоботга кўра¸ Ҳаитида деб топилган.

Ҳаитидаги оқиллар ва моҳирлар ҳижрати вазияти 9,1 баллга баҳоланган. Бу кўрсаткич Самоада 8,9 балл, Гайанада 8,8 баллни ташкил қилган.

Ўзбекистонни тарк этаëтган олтин бошлар

Foreign Policy ва The Fund for Peaceнинг янги ҳисоботига кўра, Ўзбекистон юқори малакали мутахассислар оëғини қўлга олиб қочаëтган антимагнит, нотавону қашшоқ мамлакатлардан биридир.

Ўзбекистон заминида етишган минглаб мутахассис Ислом Каримов иқтидорда бўлган 25 йил мобайнида бирин-кетин Ўзбекистонни тарк қилиб, ўз билим ва маҳоратини ўзга эллар равнақи учун харжламоқда.

Тошкентлик ген олимаси Нодира Йўлдошева Лондонда Британия илм-фанига ҳисса қўшмоқда. Урганчлик жарроҳлар Африкада кўричак кесмоқда. Фарғоналик рассом Мақсуд Фатхуллин Москвада халқаро санъат академиясини бошқармоқда.

Тюмень ва Сургутда ўзбек пайвандчилари ишламоқда. Мармар кесувчи ва меъмору муҳандислар Қозоғистон ва Россия бинокорлигини ривожлантирмоқда.

Ўз юртида кино ололмаган ўзбек киночиси Рустам Ҳамдамов Россия шарафи учун фильм суратга олиб, Венеция фестивалида қатнашди.

Синоптик, авиадиспетчер¸ лаборант, фрезер, лазер пайвандчиси каби касб эгаларини ҳам хорижлик иш берувчилар қучоқ очиб кутиб олмоқда.

Ўзбекистон ҳисобидан дунëнинг обрўли олийгоҳларида ўқиган ëшлар қайтиб келмасдан ўша ëқларда ерлашиб, қолиб кетмоқдалар.

Қолаверса, ўзбек боксчиси Руслан Чагаев бегона байроқ остида жанг қилмоқда.

Хўш, олтин қўл ва олтин каллаларнинг мамлакатдан буткул чиқиб кетиши ва мамлакатда малакасиз ишчилар қолиши яхшими ё ëмон?

Ахир Фурқат ҳам Қўқонда қолмай, Ëркентга кетган, Беруний Хоразмда қолмай, Бағдодга борган эди-ку.

Бобур ҳам оëғи етган жойгача бориб, Ҳиндистонни обод қилган эди.

Аммо "Ўзига енг бўлмаган бировга эн бўладими", деган гап ҳам бор.

Бу ҳақда сизнинг фикрингиз қандай?