Жанубий Кореянинг Daewoo International Corporation ширкати Сеулдаги қароргоҳи олдида 10 июль куни ўтказилган намойиш иштирокчилари Ўзбекистонда болалар ва катталар мажбурий меҳнатига қарши 230 мингга яқин имзо қўйилган мурожаатномани ширкат вакилларига топширди. Daewoo ширкати Ўзбекистонда пахтани қайта ишловчи энг йирик ширкат ҳисобланади.
Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга қарши чиқаётган Cotton Campaign халқаро ҳаракати иштирокчилари тарқатган баёнотда айтилишича, мазкур тадбир Daewoo ширкатидан Ўзбекистон ҳукуматидан пахта сотиб олишни тўхтатиш талаби билан икки йилдан бери амалга оширилаётган кампаниянинг бир қисмидир.
Ушбу кампанияга жавобан Nike, H&M, Ikea, C&A, Jones Group ва Michael Kors каби ширкатлар Daewoo томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиб олишдан бош тортгани қайд этилади баёнотда. Дунёнинг 130дан ортиқ йирик чакана савдо ширкати Ўзбекистонда болалар ва катталар мажбурий меҳнати эвазига етиштирилган пахтани сотиб олишга бойкот эълон қилган.
“Биз Daewoo ширкатидан инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш борасида олган мажбуриятларига амал қилишни ва мажбурий меҳнатдан фойда кўрмасликни талаб этгани бу ерга тўпландик”, дея таъкидлади Cotton Campaign ҳаракати ва Сеулдаги норозилик намойиши иштирокчиси бўлган Advocates for Public Interest Law (APIL) ташкилотининг раҳбари Жонг Чул Ким. “Daewoo Ўзбекистонда пахта етиштирилишида мажбурий меҳнат муаммоси борлигини тан олган бўлса-да, Ўзбекистонда пахта сотиб олмасликдан бош тортибгина қолмасдан, аксинча Ўзбекистон текстиль саноатига сармоя ётқизишни оширди”, деди кореялик фаол.
Ўзбекистон пахта етиштиришда болалар ва катталар мажбурий меҳнатидан фойдаланиши йиллардан бери халқаро ташкилотлар томонидан танқид қилиб келинади. Ўзбекистон ҳукумати муаммони ҳал этиш бўйича чора кўраётганини айтиб келса-да, амалда миллионлаб ўзбекистонлик пахта мавсумида далага мажбуран олиб чиқилаётгани кузатилади.
Daewoo вакилларига 10 июль куни топширилган мурожаатнома остига 190 мамлакатдан 230 мингга яқин одам имзо қўйган.