Тошкентга келган абитуриентлар квартираларидан қувилaяпти

Тошкентга ўқишга кириш учун келган абитуриентларга яшаш жойи топиш ҳам муаммо бўлиб қолмоқда.

Абитуриентлардан келган шикоятларга муносабат билдирган ички ишлар тизими расмийлари¸ вилоятдан келиб Тошкентда ижарага турмоқчи бўлган абитуриентлар¸ мавжуд низомга мувофиқ¸ уй эгаси берган розилик хати билан уч кун ичида маҳалла участка нозирига учрашиб вақтинчалик пропискадан ўтиши керак.

Қашқадарё вилоятидан Тошкент Техника университетига ўқишга кириш учун келган абитуриент Озодликка мурожаат қилиб¸ участка милиция нозири томонидан Учтепа туманида ижарага турган уйидан қувиб чиқарилганини билдирди:

- Биз ўқишга ҳужжат топширгани келган эдик. Яшаш учун танишимиз квартира топиб берган эди. Ярим тунда квартирамизга участкавойлар бостириб келиб, бизни сўроқ қила бошлади. Биз абитуриентмиз, ўқишга келганмиз десак ҳам, эртадан бошлаб бу ердан кетларинг, деб дўқ-пўписа қилди. Нима, бизни Тошкентда туришга ҳаққимиз йўқми, биз ҳам шу юртнинг фарзандимизку? Бизни қувиб солишса қандай ўқишга кирамиз, дейди тунда кўчага қувилган абитуриент.

Манбага кўра, капитан кийимида бўлган милиционер ўзини Учтепа тумани Ички ишлар бўлимига қарашли 24-таянч пунктининг участка нозири Мурод деб таништирган.

Озодликка гапирган бошқа бир абитуриентнинг айтишича, участка нозири уй эгасига жарима солган ва улардан зудлик билан кетишини талаб қилган:

- Биз бир ойлик ижара ҳақини олдиндан тўлаб қўйган эдик. Хозяйкага ҳам штраф солибди, шунга у ҳам майли пулларингни ярмини қайтариб бераман чиқиб кетинглар, деяпти. Ҳайрон бўлиб қолдик, ахир биз чет эл фуқаролари эмасмизку, унда биз қаерда яшашимиз керак, деди абитуриент.

Суҳбатдошнинг айтишича, участка нозири абитуриентларни вақтинчалик пропискага қўйиш мумкинлиги ҳақида ҳеч нарса демаган.

Тошкентдаги олий ўқув юртига ҳужжат топшириш ва имтиҳонларда қатнашиш учун вилоятлардан келган абитуриентларга камида бир ой вақт талаб қилинади.

Олий ўқув юртларидаги ётоқхоналарнинг барча абитурентларни яшаш жойи билан таъминлаш имкони йўқлиги боис¸ аксарият абитуриентлар ижарада туришга мажбур.

Озодлик абитуриентларнинг пойтахтда истиқомат қилиш тартиби қандай бўлиши ҳақида маълумот олиш учун Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасининг Ҳуқуқбузарликни олдини олиш бўлимига мурожаат қилди.

Бўлим мулозими Суннат Хўжаевнинг айтишича, пойтахтга келган абитуриентлар уч кун ичида вақтинчалик пропискага туришлари шарт:

- "Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий ва вақтинчалик рўйхатга олиш” ҳақидаги 2011 йилда қабул қилинган Қонунга кўра, пойтахтга ўқишга кириш учун келган абитуриентлар уч кун орасида ижарага бериладиган уй эгасининг розилигини олиб участка нозирига мурожаат қилиши керак. Кейин милиция таянч пунктининг бошлиғи уни уч ойгача бўлган муддатга вақтинчалик рўйхатга олади. Бунинг нимаси ёмон? Агар 10-15 кун ичида ўша болага бирор нарса бўлиб қолса¸ ким жавоб беради, албатта¸ участка нозири жавоб берадида. Кейин унинг у ерда нима иш қилаётганини ким кўриб ўтирибди, қанақа бола у, рўйхатдан ўтиб қўйиш керак. Биз бу уйда ким яшаётганини билишимиз керак, деди Суннат Хўжаев.

Амалдаги қонунга кўра¸ Тошкент шаҳри ва вилоятига келган Ўзбекистон фуқаролари ушбу ҳудудларда рўйхатдан ўтмасдан беш кун юришлари мумкин.

Беш кундан ортиқ муддатга келган ўзбекистонликлар¸ низом талабича¸ мажбурий тартибда қайддан ўтишлари лозим. Бу ўқишга кириш учун келган абитуриентларга ҳам тегишли.

Бу тартиб илк бор 1999 йилги февраль портлашларидан кейин жорий қилинган эди. Ўшандан буён Тошкент шаҳрига бошқа вилоятлардан келган ўзбекистонликлар турли хил таъқибларга учраётгани айтилади.

Ўзбекистон Конституциясига кўра, фуқаролар мамлакат ҳудудида эркин ҳаракатланиш ҳуқуқига эга.

Бу конституцион ҳақни топташни прописка¸ қолаверса чиқиш визаси тизими ҳозирги пайтда фақат Шимолий Корея, Россия, Беларусда мавжуд¸ холос.