Тожикистонда ҳибсга олинган тадқиқотчи олим Александр Содиқовга онаси билан кўришиш имкони берилди. Олимнинг адвокати Абдулқаюм Юсуфийнинг 17 июль куни Озодликка айтишича, Содиқов онаси билан 15 июль куни Душанбедаги Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳибсхонасида учраштирилган.
Юсуфийнинг яна айтишича, ўзи ва яна бир адвокат Содиқов билан 16 июль куни учрашишга муваффақ бўлган.
Содиқов яна бир бор ўзининг айбсизлигини таъкидлади, дея маълум қилди адвокат.
Канадада доимий истиқомат қилувчи Тожикистон фуқароси бўлган 31 ёшли Содиқов 16 июнь куни Хоруғ шаҳрида маҳаллий фаоллар билан суҳбатлашишидан кўп ўтмай ҳибсга олинган эди.
Тожикистон расмийлари уни жосусликда айбламоқда. Содиқовнинг ўзи эса Британиянинг Эксетер Университети ва Канаданинг Торонто Университетида ёқлаётган илмий иши мақсадида Марказий Осиё бўйлаб сафар қилаётганини айтмоқда.