Муҳожирнинг жасади неча пул туради?

Россияда ўзини осиб ўлдирган Абдусамад Фазлиддинов жасади Москвадан Ўзбекистонга жўнатилган

Россияда турли ҳалокатлар оқибатида вафот этган ва яқинлари аниқланмагани натижасида маҳаллий ўликхоналарга олиб келинган муҳожирлар жасади ёқиб юборилмоқда ёки оммавий қабристонларга жанозасиз кўмилмоқда. Ўликхона хизматлари қимматлиги туфайли айрим марҳумларнинг яқинлари жасадни сотиб олишга қурби етмаяпти.

Россияда турли ҳалокатлар оқибатида вафот этган ва яқинлари аниқланмагани натижасида маҳаллий ўликхоналарга олиб келинган муҳожирлар жасади ёқиб юборилмоқда ёки оммавий қабристонларга жанозасиз кўмилмоқда. Ўликхона хизматлари қимматлиги туфайли айрим марҳумларнинг яқинлари жасадни сотиб олишга қурби етмаяпти.

“Дадам Россияда вафот этибди”

Самарқанд вилоятидан Озодликка мурожаат қилган Озода ўтган ҳафта бошларида Россиянинг Сочи шаҳридаги Ясная Поляна мавзесида отаси вафот этганидан хабар топганини маълум қилди.

Озодага отаси Жумақул Эшназаровнинг шифохонада ўлгани ва уни ўликхонадан олиб чиқиш учун катта пул кераклигини у билан бирга ишлаган ўзбек муҳожирлардан бири телефон орқали маълум қилган.

Озода отаси шу йилнинг 26 майида Россияга пул ишлагани кетгани ва июль бошларигача улар билан алоқада бўлиб турганини эслатди.

Сочи шаҳар бош шифохонасига қарашли ўликхонада Озодликка Эшназаров Жумақул 16 июль куни шифохоналардан бирида вафот этгани ва бу ерга олиб келинганини тасдиқлашди.

- Эшназаров жасади бизда. Уни 10 кун давомида олиб кетишмаса, биз қонунга мувофиқ “яқинлари йўқ шахс” сифатида оммавий қабристонга кўмамиз. У ҳақда маълумотлар бизда сақлаб қолинади, яқинлари келса – қаерга кўмилганини кўрсатишимиз мумкин, - деди Сочи шаҳар ўликхона ходимаси.

Морг ходимлари Россиянинг йирик шаҳарлари, масалан, Москва ва Ростов-Дон қабристонида ер қимматлиги боис одатда “эгаси топилмаган” ўликлар ёқиб юборилишини, бошқа минтақаларда маҳаллий ҳокимият ҳисобига оммавий қабрларга ётқизилишини билдиришди.

“Бир ўликни жўнатиш ўртача 60 минг рублга тушади”

56 ёшда Сочида ўлдирилган самарқандлик Жўрақул Эшназаровнинг иш берувчилари уни моргдан олиб чиқиш ва Ўзбекистонга жўнатиш учун 70 минг рубл (тахминан 2 минг АҚШ долл.) зарур эканини гапирмоқда.

Ўзини Зуҳра деб таништирган аёл бу пулни улардан Сочи шаҳар ўликхонасида дафн маросимларини бошқарувчи ширкат талаб қилганини айтди.

- Ҳозир марҳумнинг аёли етиб келди, хўжайиним билан мавзолейга кетишди. У кишини мавзолейга қўйиб, катта пул сўрашаяпти. У киши жудаям сокин, тоза инсон эди, фермада ишларди. 40 минг ишлаган экан, ўша пулини олиб бера оламан. Биз нима ҳам ёрдам қила оламиз? 70 минг пул сўраяпти хизматлари учун. Хотини келди, йиғлаб ётибди “Қандай кўмаман буни?” деб. Мен кўмишдан ҳам олиб чиқишни ўйлаяпман, - дейди ўзини Зуҳра деб таништирган ўзбекистонлик аёл.

Ўзбекистонлик бу аёлнинг айтшича, июль бошларида Ясная Полянадаги ҳовлилардан бирида Эшназаров Жумақулни ўлдирганликда айбланиб Маннон ва Дилмурод исмли ўзбекистонликлар ҳибсга олинган.

Жумақул Эшназаров маросимини ташкиллаштирувчи Сочидаги хусусий дафн ширкат вакиласи Алёна авиаширкатлар жасадларни махсус тайёргарликдан кейингина бортга олишини айтди:

- Биринчидан, ўлган одамнинг нотариал тасдиқланган паспортининг таржимаси керак: усиз чегарадан ўтказишмайди. Жасадни транспорт орқали жўнатиш учун мўмиёлаш керак – яқинлари розилигисиз буни қила олмаймиз. Мўмиёлаш эса авиакомпаниялар талаби. Кейинги масала – қандай жўнатилади жасад: оддий кафанга ўрабми, қимматроқ турадиган костюм-шимда, тартибга келтирибми; қиммат тобутдами ёки оддий цинк тобутдами..Одатда мусулмонларни жўнатиш учун биз энг арзон хизматимизни тавсия қиламиз – цинк тобут кўк мато билан қопланади ва юртига етиб борганида мусулмончилик қоидаларига кўра ювилади. Эшназаров масаласида - 60 минг рублгача кетади Ўзбекистонга жўнатиш учун, - деди дафн этиш бюроси менеджери Алёна.

Ширкат вакиласи мурдани мўмиёлашнинг энг арзон нархи – 15 минг рубл, авиажўнатмалар учун цинк тобут – 18 минг рубл туришини билдирди.

Россияда ўлган меҳнат муҳожирлари сони кўпаймоқда

Россиянинг турли жойларида тақирбошлар дастидан, ишлаб чиқаришдаги ҳодиса ёки автоҳалокат натижасида ўлаётган ўзбекистонлик муҳожирларнинг ҳаммаси ҳам ўз юртига жўнатилмаётгани, уларнинг бир қисми Ислом ақидаларига хилоф равишда ё ёқиб юборилаётгани ёки жанозасиз кўмиб ташланаётгани маълум.

Бу масалада Озодлик мурожаат қилган ўзбек жамиятлари вакиллари турли сабабларга кўра Россияда нобуд бўлаётган айрим ўзбекистонлик муҳожирлар сони йилдан-йилга ошаётганини тасдиқлади. Улар ўлганларнинг яқинлари кўп ҳолларда ночорлик сабабли жасадларни ўликхоналардан олиб чиқа олмаётгани маълум қилмоқда.

Баҳром Ҳамроев Озодлик билан суҳбатда куни-кеча қариндошлари топилмаган бир ўзбек муҳожирини мусулмонлар орасида пул йиғиб, Москванинг мусулмон қабристонларидан бирига дафн қилишганини айтди.

- Аслида, одамни ёқиб юбориш кўмишдан ҳам қимматроқ туради – одамнинг қадри шунчалик бўлди. Бу оғир масала... Бундай ҳолатлар кўп бўлган. Бир неча маротаба биз ҳам бундай одамларни олиб бориб татарларнинг қабристонига 10-15 киши бўлиб кўмганмиз. Моргдагилар бу мусулмонни олиб бориб қаергадир кўмиб келишмоқчи эди. Ўзбекистон фуқаролари, масалан, оилада битта ўғли бўлса ҳам Россияга келаяпти. Ўлиб қолса унинг ота-онаси билмайди. Доим эшитаман – Ўзбекистон фуқаросини ўлдириб кетибди, посолствога борсак қувиб чиқарибди, деган гапларни. Аслида бу муаммо ўзбекларнинг тарқоқлигида – бу муаммо Ўзбекистондан келяпти,- деди Баҳром Ҳамроев.

"Ёрдам" ташкилоти раҳбари кўп ҳолларда қаллоблар ўлганларнинг қаридошлари рус тили ва қонунчиликни билмаслигидан фойдаланиб, улардан катта миқдорда пул ундиришга муваффақ бўлаётганини айтди.

Россиядаги Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой ташкилоти раҳбари Даврон Муҳамадиев Озодлик билан суҳбатда марказий осиёлик муҳожирларни жўнатиш тартиби давлатлараро шартномалар ва келишувлар орқалигина ҳал этилишини билдирди.

Даврон Муҳамадиев Россияда қурбон бўлаётган марказий осиёлик муҳожирларнинг сони борасида аниқ маълумотлар йўқлиги, бундан ташқари мамлакат кенгликларида йилига юзлаб меҳнат қилгани келган фуқаролар дом-дараксиз йўқолиб бораётганини маълум қилди.

Россия Федерал миграция хизмати тарқатган маълумотга кўра, Россияда 2014 йилнинг май ойида расман 2 миллион 342 минг 884 Ўзбекистон фуқароси рўйхатга олинган.