Краснодарда қурувчилик қилиб юрган Баҳром Ваҳобов қадимдан маълум бўлган танадан ортиқча қонни чиқариш усули – ҳижома ёрдамида ўз касбдошларини даволамоқда. У ҳижоманинг оммалашаётганини Россияда ишлаётган мигрантларнинг кўпчилиги тиббий ёрдам олишга имконсиз экани билан изоҳламоқда.
40 ёшли Баҳромжон Ваҳобов ўн йилдан ортиқ вақт давомида Россиянинг турли шаҳарларида қурувчилик қилиб келади.
Уч йилдирки, у краснодарлик меҳнат муҳожирлари орасида нафақат катта уста, балки табиб сифатида ҳам ном қозонди. У одамларнинг дори-дармонларсиз ноёб усул ёрдамида шифо топишига кўмаклашиб келади, бироқ ўз меҳнати учун ҳақ олмайди.
Озодлик билан суҳбатда Баҳромжон қон чиқариш ёки ҳижома исломий қоидалар нуқтаи назаридан ҳам “даволашнинг энг муносибларидандир”, деб билади.
- Бизнинг ишимиз оғир, кўпинча омборларда ёки бошқа оғир ишларни қиламиз. Эрталабдан кечгача мана шу аҳвол. Касал бўлади одам. Дўхтирлар бизнинг болаларга яхши қарамайди: яхши қараши учун кўпроқ пул бериш керак. Битта приёми 1 минг рублдан кам эмас. Иккинчи сабаб, кўп ўқиган ҳадисларимизда "Пайғамбаримиз (с.а.в.) оёқларидан ёки бошларидан қон олдирдилар", деган ҳадислар учрайди. "Энг яхши даво ҳижома!", деганлари қизиқишимга сабаб бўлди кўпроқ, - дейди Баҳромжон Ваҳобов.
Баҳромжон Россияда тиббий даволаниш жуда қимматлиги ва кўплаб меҳнат муҳожирлари “ҳижома каби ота-боболаримиздан қолган қадимги даволаш усулларини тиклашга мажбур бўлаётгани”ни қўшимча қилди.
Табиб ҳеч қандай тиббий маълумотга эга бўлмасада, ҳижома қилишга қизиқиши катта бўлгани ва бу ҳақда чиққан манбаларни деярли барчасини мутолаа қилганини гапириб берди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
У қон чиқариш учун бироз шароит йўқлигини гапирсада, имкони борича барча асбоб ускуналарни стерил ҳолатда сақлаши, бевосита танага тегаётган асбоб ускуналарини бир маротаба ишлатишини таъкидлади.
Озодлик мухбири ўз танасида ҳижома орқали даволашни синаб кўрди ва танада дарҳақиқат енгиллик сезгандек бўлди.
Бу феноменни Баҳромжон Ваҳобов “танада қотиб, қон айланишини тўхтатиб қуйганортиқча қоннинг сўриб олингани ва натижада, қон айланиши ўнглангани” билан тушунтирди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Баҳромжон ҳозирча унга мурожаат қилган бирорта меҳнат муҳожиридан унинг даволаш усули устидан шикоят тушмаганини айтади.
- Нуқталар асосида бош томондан, бошқа жойлардан 1 мм чуқурликда, 2-3 мм узунликда кесилади. Чунки қон босимингиз бўлса 1,5 дан 3 соатгача боради. Ҳаром қон олиб ташланади, у қонни кўрсангиз – қон деб ўйламайсиз: қорайиб кетган бўлади. Шилимшиқ, жигарсимон нарса бўлади. Баъзан ичида қум борга ўхшайди. Буни олган одам ҳам, олдирган одам ҳам савоб олади,- дейди ҳижома кўплаб касалликларга даво эканинини гапирган Баҳромжон Ваҳобов.
Уста-табиб Краснодарда иккита шогирд ҳам етиштирганини айтди.
Ҳижома ҳақида қисқача маълумот:
Ҳижома арабча «сўрмоқ» сўзидан келиб чиққан. Қон олиш жараёни″Ҳижома″, қон олинадиган асбоб-ускуна эса ″Миҳжам″ дейилади.
Қадимда ҳижома қилувчи табиб қонни вакуумда сўриб олишга тилла, кумуш, шиша идиш ёки ҳайвон шохларини ишлатган.
Ислом дини пешволари ҳижомага суннат каби амал қилишни тавсия қилганлар.
Кадимги Хитой, Бобил, Ҳиндистон ва Мисрда ҳам ҳижома амалда кенг қўлланган.