Россиядан тобутда келаётган ўзбекистонликлар сони ортмоқда

Россиядан тобутда қайтаётган ўзбекистонликлар сони ортмоқда. Биргина Андижон вилоятига ой бошидан буён камида 10 муҳожирининг жасади келтирилди. Санкт Петербургдаги “Ёшлар” ҳаракати фаоллари 4 йил ичида турли сабаблар билан Россиядан юртига ўлиги юборилган ўзбекистонликлар сони 48 минг 674 кишига етган.

Андижон шаҳри аэропорти юкларни қабул қилиб олиш бўлими ходимларидан бирининг Озодликка айтишича, энг сўнгги икки жасад 23 июль куни Москвадан Ўзбекистонга юборилган.

- Уларни иккалови ҳам андижонлик экан. Бириси 47 ёшли эркак Пахтаободдан, яна бири 35 ёшли йигит Андижон туманидан. Биттаси газдан заҳарланиб ўлган, иккинчиси юрак хуружидан. Андижонга келган жасадларни охиргилари бу. Шу ойни ўзида ўндан кўпроқ жасад келди. Ҳаммаси Россиядан, - деди Андижон аэропортининг ходими.

Наманган вилоятида ҳам Озодлик манбааларига кўра, сўнгги тўрт ой ичида Россиядан ўнлаб мардикорнинг жасади олиб келинган.

Наманган Ички ишлар бошқармасидагилар Россиядан ўзбекистонликларнинг жасадлари мунтазам келишини тасдиқлашди, лекин бу борада конкрет рақамни келтиролмасликларини айтишди.

Наманганлик журналист Носир Зокир Россиядан жасадлар келиши сўнгги йилларда одатий ҳолга айланганини айтади.

- Мана биттаси Поп туманидан, яна биттаси Поп туманининг сал чеккароғидан. Кейин Янги Қўрғон, Наманган шаҳрини ўзидан новвой болларни ўлиги келди. Ўзимиз бориб фотиҳасини қилиб келдик. Беш-олти ой олдин Россиядан ота-болаларнинг ўлиги келди. Улар ишга кетишганида боласини ўрис миллатчилари урганда. Боласининг тарафини оламан деб, отаси қўшилганида, уни ҳам ўлдириб қўйишган экан. Менинг қариндошимни ўлиги ҳам келди, уч-тўрт ой олдин. Уни Россияда милатчилар ўлдириб, балчиққа тиқиб ташлашган. Расмларини ҳам кўрдим, - дейди Носир Зокир.

Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик мухожирлар сони 4,5 миллион кишига етгани айтилади.

Санкт Петербургдаги “Ёшлар” ҳаракати деб аталувчи ташкилот раҳбари Махсуд Абдужабборов ҳам ватанига тобутда юборилаётган ўзбекистонликлар сони ошмоқда, деб ҳисоблайди.

Абдужабборовга кўра, Россиядан Ўзбекистонга жўнатилган “Юк-200”, яъни турли нохуш ҳодиса ва касалликлардан нобуд бўлиб, юртига юборилган ўзбекистонликлар жасади сони 164 кишидан (2008-2010 йилларда) 48 минг 674 кишига (2012-2014 йилларда) етган.

- Сўнгги тўрт йил ичида 49 мингга яқин ўзбекистонлик Россия ҳудудида оламдан ўтди. Шулардан 47 фоизи қотиллик қурбони бўлди. 20-30 фоизи қурилишлардан бахтсиз ҳодисалардан ўлди. 4-5 фоизи заҳарланиш, қолгани ўз жонига қасд қилганлар. Булар асосан аёллардир, - дейди Абдужабборов.

Ҳозирча Озодлик "Ёшлар" ҳаракати фаоллари тилга олган рақамларни Россия Миграция хизмати ёки бошқа расмий ташкилотдан тасдиқлатишга муваффақ бўлмади.

Лекин "Ёшлар" ҳаракати келтирган бу рақамни Россия Ички ишлар вазирлиги орқали тасдиқлаш имкони бўлмади.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси на жасадларни ватанига жўнатишга ёрдам беради ва на ҳуқуқий кўмак беради.

“Ёшлар” ҳаркати раҳбари Махсуд Абдужабборовнинг айтишича, агар жасадлар вақтида темир тобутда олиб кетилмаса, уларни ўша ернинг ўзида дафн этишади.

- Санкт-Петербургдан Ўзбекистон бир жасадни юбориш 48 минг рубль (бу қарийб бир ярим минг доллар)га тушади. Ўликхона ҳаражатлари бунга кирмайди. Агар жасад ўликхонада бир ҳафтадан кўпроқ туриб қолса, ҳаражатлар яна ошади. Владивостокдан жасад юбориш 90 минг рублгача боради, - дейди Абдужабборов.

“Ёшлар” ҳаркати Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасини ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишга чақиради.

Ўз навбатида Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси расмийларидан бири "агар ўзбек фуқаролари Россия ҳудудида бирор жиноят қурбонига айланса ёки бахтсиз ҳодиса қурбони бўлса, консуллик ходимлари вазиятни ўрганиб, тегишли тартибда ёрдам беради" айтди.