Маҳбусни ўз ҳимоясига олган Франциядаги “Ўтюраклар клуби” айбловчиларда Ғофуровга қарши қурол таҳдиди остида берилган “иқрорнома”сидан бошқа бирор далил-исботи йўқлигини билдирмоқда.
40 ёшли Ўзбекистон фуқароси бўлган Абдуллажон Ғофуров Москва вилоятининг Волоколамское Ички ишлар бўлимида диктофонга ёзилган иқрорномаси асосидагина 4 кишининг қотиллигида айбланиб ҳисбда сақланмоқда.
Айни пайтда унинг яқинлари Абдуллажон бундан олдинроқ уюшган жиноий гуруҳ томонидан 18 кун давомида номаълум жойда сақлангани ва калтакланганини айтмоыда.
Маҳбуснинг опаси Маъмура Турғунова Озодлик билан суҳбатда укаси Абдуллажон ҳам ўзбек босқинчилари босими, ҳам полицияда ишловчи ходимлар тамагирлиги остида қолганини гапириб берди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
- Абдуллажон 9 йилдан бери Россияда ишлайди. Подъездлар, уйлар ремонти билан шуғулланади. Қўшмурод исмли қирғизистонлик одам укамларга бригадир бўлган. Кейин укам бошқа бригада тузиб олиб ишлаб юрди. 3-4 йилдан кейин қирғизми-тожикми бўлган болалар унга ниманидир ҳидлатиб, беҳуш қилиб ўғирлаб кетишди. У ерда уни ўрмонга олиб чиқиб, чуқур ковлатиб, ёнига кислотани қўйиб, 35 минг доллар пул талаб қилишган,- дейди Маъмура.
Ғофуровларнинг Озодликка тақдим этган аудиоёзувларида Қўшмурод Ғоипов экани иддао қилинаётган шахс маҳбуснинг яқинларидан очиқчасига пул талаб қилаётгани, сўралаётган пул берилмаса қотиллик тўғрисида Абдуллажоннинг аллақандай иқрорини полицияга топшириш билан қўрқитаётгани ва полицияга хабар бермасликни айтаётгани акс этган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Маъмуранинг айтишича, ўзлари яшаётган Дмитровская тумани Трудовая қўрғонидаги полиция бўлимига қилган мурожаати эътиборсиз қолган. Бу аёлнинг айтишича, улар Ўзбекистондаги қариндош-уруғдан 12 минг доллар пул йиғиб, бу пулни шу йилнинг 2 июнида банк орқали Молдалиев Нурсултон номига ўтказган.
- Икки кундан кейин буйнига яна 16 миллион рубл қўйиб, қўйворишган. Укам ёмон ҳолда келди, ҳамма ёғри кўкариб кетган, қовурғалари синиб кетган, ўтира олмайди, орқаларига бир балоларни қилишган – хуллас, ёмон қийнашган. Укамга “Бўл йиғиштир, тирик келибсан, Оллоҳга шукур, кетамиз”, десам, “Опажон, ман кета олмайман – жиноятчи бўлиб қоламан. Мени чуқурга ташашиб, оёқ қўлларимни бойлаб, қотилликларни бўйнимга қўйишди. Ман кетсам ўша жиноятларни қилган бўлиб қоламан”, деди, - дейди Маъмура Ғофурова.
Укаси Дмитров туман полициясига мурожаат қилиши ортидан, 24 июнь куни эрталабки соат бешларда Митишчи туман ОМОНи эшик-деразаларни синдириб бостириб кирган ва хонада яшаётган Абдуллажон, унинг аёли Гулшода ва икки нафар вояга етмаган фарзанди, Маъмуранинг ўзи ва бошқа қариндошларини калтаклаб бўлимга олиб кетган.
Маъмура хонага бостириб кирган омончилар улардан пул ва олтин буюмларни талаб қилгани, калтаклардан ётоқ жой қонга тўлганини айтади. “Таъмагир ўзбек-тожикларнинг полиция билан алоқаси бор бўлса керак”, дея давом этади суҳбатдош.
- Болаларни автоматлар билан уришди, бошларини ёришди, уйни қонга тўлдиришди. Аёлларни ҳам тепишди. Мен ҳозир ерга қараб ёта олмайман. Пистолетлари билан тишларимизга, оғзимизга қўйиб, “Анчадан бери ишлаяпсан, тиллолар қани?” деб бизни қийнашди. Ўзи ўтира олмаган Абдуллажонни роса уришди. Уйимизнинг аҳволини кўриб бўлмайди – ҳамма нарсаларимизни титишибди. Биз у ерда қолишдан қўрқиб бабуляларникида бир-икки кун боллар билан яшаб юрдик. Ўзбекистон элчихонасига борсак “Адвокат олсаларинг кейин аризангизни оламиз”, деб аризамизни олишмади. Адвокатлари 300-400 минг дейишяпти: бизда эса бундай пул йўқ,-деди Маъмура Ғофурова.
Маъмура Ғофурова полиция ходимлари 11 ёшли Абдуллажоннинг ўғли Абдусаломга ва 2,5 ёшли Бибисорага пистолет ва автомат билан таҳдид қилганини ҳам эслади. У полиция бўлимида 2 кун овқатсиз-сувсиз ушлаб турилганини ҳам айтди.
Маълум бўлишича, Митишчи туман Ички ишлар бўлимининг Юрий исмли ходими Абдуллажонни калтакламаслик учун унинг яқинларидан 100 минг рубль пул талаб қилган. Бу борада Озодлик мухбирининг саволига Юрий:
- Мен ундай одамни танимайман. Бундай гапларни истаган одам гапириши мумкин. Айниқса, у ҳибсда сақланаётган бўлса, -деб жавоб берди.
Ҳозирда тергов изоляторда қолаётган Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманидан Россияга меҳнат қилгани келган 40 яшар Абдуллажон Ғофуров 4 кишини ўлдирганликда айбланмоқда. Озодликда юрган Қўшмурод Ғоипов исмли шахс ва полиция ходимлари таҳдидларидан чўчиган Ғофуровлар Ўзбекистонга қайтиб кетган.
Суҳбат сўнггида Абдуллажон адвокатсиз қолганини гапирган Маъмура Ғофурова, полицияда укаси 18 йилга қамалиб кетилиши мумкинлигини гапиришганини маълум қилди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Францияда жойлашган “Ўтюраклар клуби” Халқаро ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева Абдуллажон Ғофуров ишини ўз назоратига олди.
Ҳуқуқ фаоли Ўзбекистон фуқароларининг қилган шикояти устидан тергов олиб бормаган ва жиноий ҳаракатларга йўл қўйган полиция ходимларини жавобгарликка тортилиши, Абдуллажон Ғофуровни 18 кун давомида азоб берган ва пул талаб қилган шахслар қидирувини жадаллаштиришни сўраб, махсус мурожаатнома билан чиқди.
Озодлик Россиядаги фарғоналик маҳбус Абдуллажон Ғофуров ишини кузатишда давом этади.