"Евроцемент груп" Ўзбекистондаги мулки учун курашади

“Оҳангаронцемент” эгаси бўлган Россиянинг “Евроцемент груп” холдинги Ўзбекистондаги ўз мулкини қайтариб олиш йўналишида ҳаракат қилади. Бу ҳақда холдинг матбуот хизмати 29 июль куни баёнот тарқатди.

Баёнотда айтилишича, Тошкент вилоят хўжалик суди “Оҳангаронцемент” ширкатининг 414 миллиард сўм миқдоридаги мулкини ҳибс қилиш ҳақида қарор чиқарган. “Евроцемент груп” раҳбарияти мазкур қарорнинг ноқонунийлигидан шикоят қилиб, юқори суд инстанциясига ариза киритган.

“21 июлдан бошлаб “Евроцемент груп” 30 кун ичида апелляция бериш ҳуқуқига эга. Агар суд биринчи инстанция қарорини тасдиқласа, бу активларнинг экспроприация қилинишини англатади. Айни пайтда Ўзбекистонда 2012 йилда хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш ёки бекор қилиш тақиқланган қонун қабул қилинган”, деб билдирган баёнотда “Евроцемент груп” холдинги президенти Михаил Скороход.

Тошкент вилояти хўжалик суди 21 июль кунги қарори билан Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг шикоят аризасини қондириб, 1994 йилдаги “Оҳангаронцемнет” бирлашмасини хусусийлаштириш натижаларини ноқонуний, деб эълон қилган.

Мазкур қарор ортидан 2006 йилда “Оҳангаронцемент”ни сотиб олган Россиянинг “Евроцемент” компанияси ўз ҳақидан мосуво қилинган эди.