Россиянинг МТС ширкати икки йиллик қувғиндан сўнг Ўзбекистонга қайтмоқда. “Мобильные ТелеСистемы” ширкати вакилининг Озодликка айтишича, Ўзбекистон ҳукумати билан имзоланган Муроса келишуви асосида МТС шу йилнинг охирига қадар мамлакатда мобил алоқа хизматини тиклашни режалаштирмоқда. Ўртада тузилаётган қўшма корхонада иккинчи тараф сифатида давлат иштирок этиб, улушнинг қарийб яримга эгалик қиладиган бўлди. МТС икки йил аввал йўқотга 10 миллион абонентни яна қайтариб олишга умид қилмоқда.
Россиянинг “Мобильные ТелеСистемы” ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида имзоланган Муроса келишувига кўра, тузилажак қўшма корхонанинг 50,01 фоиз улуши МТСга, қолган 49,99 фоиз улуши Ўзбекистон алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация давлат қўмитасига қарашли бўлади.
МТС ширкати матбуот хизмати раҳбари Елена Кохановская, 1 август куни Озодлик билан суҳбатда, яқин вақт ичида Муроса келишувида белгиланган барча жараёнларни битириш ва ўзбекистонлик мижозларга МТС брэнди остида хизмат кўрсатиш бошланишига умид билдирди.
- Шу йилнинг охирига қадар тармоқни ишга тушириш ва секин-аста абонентлари жалб қилишни режалаштирмоқдамиз. Абонентларни қабул қилиш тезлиги, хизматимиздан фойдаланмоқчи бўлганларнинг оқимига қараб белгиланади. Ўзбекистон ҳукумати, Муроса келишувига биноан, барча керакли лицензияларни, қонунчиликда белгиланган вақт ичида, имкон қадар тезроқ тақдим этишни ваъда қилди. Шунинг учун тармоқни ишга туширгунимизча барча лицензия ва алоқа частоталаримиз қўлимизда бўлиши керак. Демак, ундан кейин ҳаммаси фуқароларнинг фаоллигига боғлиқ бўлади,- дейди МТС мулозими.
МТС 2012 йил июль ойида Ўзбекистон телеком бозоридан сиқиб чиқарилганида мобил ширкатининг 10 миллионга яқин абоненти бошқа операторларга ўтиб кетган, лекин кўпчилик МТС яқин орада қайтади, деган умидда СИМ карталарини сақлаб қолган эди. Елена Кохановскаянинг Озодликка айтишича, ҳозирда собиқ абонентлар қўлларида қолган СИМ карталарни тиклаш масаласи мавҳум бўлса-да, бунинг эҳтимоли сақланиб қолмоқда.
- Бу техник масала. Ҳозирча Муроса келишувини имзоладик ва асосий иш бошланади, Ўзбекистон ҳукумати билан қўшма корхона тузишимиз керак бўлади. Тармоқ ишга туширилган пайтда, бу масалалар ҳам ҳал этилади. Масалан, Туркманистонда ҳам шунга ўхшаш вазият бўлганида эски СИМ карталарни тиклаган эдик. Ўзбекистон бўйича қандай қарор қабул қилиниши ҳақида ҳозирча ҳеч нарса айта олмайман,- деди Кохановская.
МТС 2010 йилда Туркманистонда ҳам лицензиясидан маҳрум этилган ва у ерда ҳам орадан икки йил ўтиб, Россия телеком ширкати ўз фаолиятини тиклашга муваффақ бўлган эди.
МТС матбуот вакилининг Озодликка айтишича, мобил операторнинг Ўзбекистонга қайтиши бошқачароқ шарт-шароитга асосланган:
- Ўзбекистондаги вазиятни Туркманистон билан солиштирмаган бўлардим. Чунки, Туркманистонда шўъба корхонамиз фаолиятини тиклаган эди. Ўзбекистонда ҳукумат билан қўшма корхона тузмоқдамиз. Бу жараён тўла шаффоф тарзда амалга оширилаётгани учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорчилик билдирмоқчимиз, чунки қўшма корхонанинг деярли ярми, яъни 49,99 фоиз улуши давлатга тегишли бўлади. Бизда 50,01 фоизлик назорат пакети қолади. Яъни шаклан бошқачароқ вазият, лекин айнан ана шу шакл туфайли фаолиятимиз кафолати, шаффофлигига эриша оламиз, деган умиддамиз.
МТС вакилига кўра, ширкатнинг собиқ шўъбаси “Уздунробита” фирмасига қарашли бўлган мулк, ускуна ва инфратузилма янги қўшма корхона ҳисобига ўтказилади. МТС ва Ўзбекистон алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация давлат қўмитаси ўртасида қўшма корхона тузилиши биланоқ тармоқни ишга туширишга тайёрмиз, дея билдирди Елена Кохановская:
- Ўзбекистонда энг янги технологияларга асосланган инфратузимамиз бор ва у аъло даражада сақланиб қолган. Ҳозирда бу ускуналарнинг инвентаризацияси амалга оширилмоқда. Ускуналар жуда яхши сақланиб қолган ва бундан биз ғоятда мамнунмиз,- дейди Елена Кохановская.
Унинг яна айтишича, Ўзбекистон ҳукумати тузилаётган қўшма корхонага 2G/3G/LTE лицензияларини тақдим қилади. МТС оператори фаолияти тўхтатилишидан аввал фақат 2G ва 3G алоқа хизматларини кўрсатган. LTE, яъни 4G алоқаси Ўзбекистон телеком бозори учун янгилик бўлади. Лекин Кохановскаяга кўра, LTE алоқасини дарҳол йўлга қўйиш ҳозирча режалаштирилаётгани йўқ. “Ҳаммаси фаолиятимиз шарт-шароитлари ва суръатига боғлиқ бўлади”, - дейди МТС мулозими.
МТСнинг Ўзбекистондаги шўъбаси "Ўздунробита" 2012 йилнинг июль ойида ҳукумат қарори билан фаолиятини тўхтатган эди. Ўзбекистон расмий идоралари "Ўздунробита"ни катта миқдорда солиқдан бўйин товлаш, пул ювиш, мижозлар пулларини ноқонуний ўзлаштириш ва бошқа қонунбузарликларда айблаган эди.
Фаолияти тўхтатилгунига қадар Ўзбекистон телеком бозоридаги энг йирик мобил алоқа оператор бўлган МТС 10 миллионга яқин мижозини қўлдан бой берди.
МТС Ўзбекистондаги фаолияти тўхтатилганидан 1 миллиард АҚШ долларидан ошиқ зарар кўрди ва Сармоядорлар ўртасидаги келишмовчиликларни тартибга солувчи Вашингтондаги халқаро марказга бу юзадан шикоят қилган.
Ўзбекистон ҳукумати МТСга доир мулк ва ускуналарни бир неча марта кимошди савдосига қўйди, лекин унга харидор топа олмади.
31 июль куни имзоланган Муроса келишувига биноан энди ўзаро даъволар бекор қилинадиган бўлди.
МТС Ўзбекистонда муаммога учраб, кейинчалик муросага эришган ягона хорижий ширкат эмас. Бундан аввал АҚШнинг Newmont Mining ва Британиянинг Oxus Gold ширкатлари ҳам солиқдан бўйин товлаганлик айбловларига доир муаммога дуч келган, ундан кейин Тошкент ҳукумати билан муросага эришиб, мамлакатга қайтишга муваффақ бўлган эди.
Лекин шунга қарамай бу ширкатлар барибир Ўзбекистондан чиқариб юборилган эди. Хусусан, Oxus Gold ширкатининг Халқаро арбитражга Ўзбекистон устидан берган аризаси жорий йилда кўриб чиқилиши керак.
МТС расмийси Елена Кохановская, Озодлик билан суҳбатда, Ўзбекистон ҳукумати бераётган кафолатлар келгусида янги мобил операторини жиддий муаммолардан "ҳимоя қилиши борасида некбин" эканини билдирди.