Кўпайсин бобо: "Дарахтларим-болаларим сувсизликдан қуриб бораяпти"

Кўпайсин бобонинг боғидаги дарахтлар гулладию, лекин сувсизликдан мевасини пишира олмади

Андижон вилоятининг Марҳамат туманида истиқомат қиладиган 84 ёшли Кўпайсин ҳожи Шокировнинг ўз қўли билан тошлоқ адирда яратган 5 гектарлик боғи сувсизликдан қуриб қолди. Кўпайсин бобонинг иддао қилишича, вилоят ҳокимининг буйруғи билан жорий йилнинг баҳорида унинг боғига сув берилиши тўхтатилган. Оқибатда ғарқ ҳосилга кирган юзлаб ўрик ва гилос дарахтлари ва минглаб терак қуриб қолди.

Андижон вилоятидаги Марҳамат туманининг Ипак йўли кўчасидаги 154-уйда истиқомат қилувчи 84 ёшли Кўпайсин ҳожи Шокиров “ОзодМикрофон”га боғланиб, ҳоким буйруғи билан сув берилмай қўйилгани сабабли 24 йил давомида ўз қўли билан яратган боғи қуриб бораётганидан шикоят қилди:

- Мен 1990 йилда пенсияга чиққанман. Ўша йили адирдаги тоғ-тошдан беш гектару 35 сўтих ер олиб, боғ яратишга киришган эдим. 24 йил давомида 3000 минг дона мевали дарахт ва 40 минг дона қурилишбоп терак экиб боғ қилдим. Шунча йил давомида сув билан таъминланиб келдим. Лекин ўтган йилдан мени сувдан қиса бошлашди. Бу йил февраль ойидан эса вилоят ҳокимининг буйруғи билан мени сувдан тамоман узиб ташлади,- дейди кекса боғбон.

Кўпайсин ҳожи Шокировнинг айтишича, ҳоким унга сув таъминотини тиклаб беришни ваъда қилган, аммо сўзида турмаган:

- Сувни узгандан кейин март ойида вилоят ҳокими телевидениеда жонли мулоқот қилди. Телефон қилиб айтдим ҳаммасини. Ҳоким сувни тиклаб беришга ваъда қилди, лекин ҳеч ким келиб уламади. Кейин Андижондаги “Турон” маҳаллий телевидениесига арз қилдим. Улар келиб, баклашкаларда сув қуяётганимизни тасвирга олиб, чиқарди. Лекин ҳеч қандай натижа бўлмади. Дарахтлар кўз ўнгимда қурий бошлади. Яхши ўрикдан 128 таси, гилосдан 50таси, тераклардан мингтаси қуриб кетди. Қолганлари ҳам қурияпти. Булар мени 24 йиллик меҳнатимни оёқ ости қилишди, - дейди Кўпайсин бобо.

Боғбонга кўра, унинг арз қилиб бормаган эшиги қолмади.

- Бир ярим йилдан буён туман ҳокимига қатнайман. Қабул қилмайди, мени кўрса қочиб кетади. Президент девонига бордим, арз қилдим. Лекин ҳеч қандай натижа бўлмаяпти. Ўзингнинг қўлинг билан эккан дарахтлар ўзингнинг болангдай бўлиб қолар экан. Ана шу болаларим менга ҳар куни сув дейди, лекин сув келтириб беролмаяпман. Шўрлик дарахтларим бирин - кетин нобуд бўлаяпти,- деди марҳаматлик Кўпайсин бобо Шокиров.

Озодлик бу воқеага муносабат олиш учун Марҳамат тумани ҳокимлиги билан боғланди. Бироқ ҳокимнинг ўз иш жойида эмаслиги боис бошқа мулозимлар бу саволга жавоб бериш ваколатига эга эмасликларини айтдилар.

Озодлик бу воқеани суриштиришда давом этади.