Ўзбекистон республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2 моддаси асосида лицензиясиз фаолият юритиш ҳамда жамоат тинчини бузувчи материалларни тарқатишда айбланган мустақил журналист Сид Янишев ҳимояси Тошкент шаҳар прокурорига ариза тайёрлади. Адвокат Полина Браунерг журналистга ўзини ҳимоя қилиш имкони берилмаётганидан арз қилди.
Сид Янишев тахаллуси билан танилган ўзбекистонлик мустақил журналист Саид Абдураҳимов адвокати асоссиз айбловдан ўзини ҳимоя қилиш учун журналистга имкон берилмаётгани тўғрисида Тошкент шаҳар прокуратурасига ариза ҳозирлади.
Адвокат Полина Браунерг 21 июль куни Тошкент шаҳар Жиноят ишлари судида бўлиб ўтган кассация тартибидаги маҳкамага айбланувчи журналист таклиф қилинмаганини айтди.
- Кассация тартибида ўтган маҳкамага Сидни чақиришмади. Бунинг устига суд Шайхонтоҳур туман суди қарорини ўзгаришсиз қолдирди ва Сидга қарши янги далилларни ҳам илгари сурмади. 5 август куни Тошкент шаҳар прокурорига ариза топшираман. Суд ҳукми асоссиз, - деб даъво қилди адвокат.
Журналист Сид Янишев шу йилнинг 28 июнида Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Жиноят ишлари суди томонидан юз минимал ойлик - 9 миллион 600 минг сўм (қарийб 3 минг АҚш доллари - Таҳр.) миқдорида жаримага тортди. Унинг видео-аудео техникасини ҳам мусодара қилишга қарор қилди.
Журналист илк бор 26 июнь куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига чақиртирилиб, сўроқ қилинди. Бунга унинг май ойида Fergana.ru сайтида босилган Тошкентдаги уйлар бузилиши ва уй эгаларининг ҳуқуқлари топталиши ҳақидаги мақоласи сабаб бўлгани айтилди.
Шу мақола асосида Сид Янишев Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 165-моддаси - "Фаолият билан лицензиясиз ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатларсиз шуғулланиш" ҳамда 184-моддаси - "Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш мақсадида сақлаш" моддалари асосида айбланди.
Дастлабки судда мақола қаҳрамони бўлган уйи бузилган тошкентликлар журналистга қарши кўрсатма ҳам берди.
Адвокат Полина Браунерг Озодлик билан суҳбатда ҳар иккала суд ҳукмини асоссиз, деб билиши ва маҳкамаларда журналистга ҳимоя имкони берилмаганини таъкидлади.
- Биринчидан, журналистга маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги айбловлар мутлақо асоссиз равишда қўйилган. Иккинчидан, у ҳимоя ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Суд томонидан таклиф қилинган адвокатлар унинг ҳимоясига бирорта сўз айтмади. Учинчидан, таржимон берилмади. Судда тақдим қилинган материалларнинг бир қисми ўзбек тилида ёзилган. Хуллас, журналист ҳар томонлама ҳимоя имконидан маҳрум қилинмоқда, - деб ҳисоблайди Полина Браунерг.
Адвокат журналистнинг видео-аудео техникасини мусодара қилиш қарорини ҳам асоссиз, деб ҳисоблайди.
- Мен суд материаллари билан бошдан-оёқ танишиб чиқдим ва Сиднинг камераси ёхуд фотоаппаратини мусодара қилиш қарорини асословчи бирор далил ёки кўрсатма топмадим. Суд ишида камера ва фотоаппарат ҳақида Сиднинг сўзларидан бошқа бирор маълумот, бирор кўрсатма йўқ, - дейди адвокат.
Шу тариқа мустақил журналист Сид Янишев ҳимояси Тошкент шаҳар прокурорига мурожаат қилиш ва қонуний тартиб асосида журналистга асоссиз қўйилган, деб баҳолаётгани айбловни бекор қилишга эришишга ҳаракат қилмоқда.
Журналистнинг судланишига асос бўлган мақолани чоп этган Fergana.ru сайти таҳририяти Янишев касбий фаолияти учун тазйиққа учрамоқда, деб баёнот берган. Таҳририят Ўзбекистон ҳукуматини мамлакат Конституцияси ва оммавий ахборот воситалари ҳақидаги қонунга амал қилишга чақирган.
Қароргоҳи Парижда жойлашган Чегара билмас мухбирлар ташкилоти ҳам Ўзбекистонда мустақил журналист Сид Янишевга ёзган мақоласи учун йирик жарима белгиланганини қоралаган ва ўз баёнотида бу жараённи "журналистни қўрқитиш амали", деб таърифлаган.