Блог: Хиёбонда бўсахўрликни тақиқлаш керакми?..

Озодлик блоггери Тошкент марказидаги Амир Темур хиёбонини кезди ва кўрган-кечирганларини қоғозга туширди. Бу гал фаол блоггер хиёбонни тўлдириб, ўпишаётган ёшларни "бўсахўрлар" деб атар экан, бу манзарадан хулосаларини баён қилди.

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

Боғ-хиёбонда бўзахўрлик қилиб ўтирган бўз йигитларни кўп кўргансиз, а? Энди денг, бўсахўрлар ҳам кўпайиб кетди.

“Оббо, бўсахўрлар ким бўлди” дейсизми? Ким бўларди, куппа-кундузи бир-бирининг пинжига кириб, ўпишаётган ошиқ-маъшуқлар-да.

“Ҳой, эррайим, ўпишса ўпишаверсин, сенга нима, энди бировнинг лабига хўжайинлик қилмоқчимисан?!” дея гапга омоч солмай туринг.

Сўз эркинлиги дегич тансиқ неъматдан фойдаланиб икки оғиз мулоҳазамни билдириб олай, эътирозингиз бўлса, кейин эшитмаган номард!

Собиқ Тошкент шаҳар ҳокимияти, ҳозирги Халқ банки биноси биқинидаги хиёбонга йўлингиз тушиб қолса, бўш ўриндиқ топаман деб хомтама бўлманг.

Аксар скамейкаларни серэҳтирос жуфтликлар эгаллаган бўлади. “Ўпса нетар– ювса кетар!”

Шаҳидлар хотираси (!) хиёбони ҳам севишганларнинг висол маконига айланганига аллазамон бўлди.

“Панд-насиҳатни набирангизга қиласиз,бобой, тошингизни теринг, бировнинг ишига бурун суқманг, хопми?!”

Сенат ортидаги сўлим Анҳор бўйи ҳам қайноққон ошиқ-маъшуқларнинг “сиёсий бошпанаси”га айланган. “Сайр баҳона, дийдор ғанимат!”

Ботаника боғини-ку айтмай қўяқолай, чирмовуқдек чирмашган жуфтларни қизғин “ижод” устида кўрасиз. “Ёшлик – бебошлик!”

Рўйхатни давом эттираверайми?

Бўлар, а?

Юксак ахлоқ ҳақида нутқ ирод қилиб, кулгига қолмай. Ахлоқ дегани “модадан қолгани”га анча бўлди, шекилли.

Лекин... барибир бу аҳволда боғ-хиёбонга вояга етмаган бола билан йўлаб бўлмаслигини айтсам, эскичиликда айбламассиз.

Ота-онаси билан сайр қилиб юрган мардум “текин томоша” устидан чиқиб, ўнғайсиз ҳолга тушишини айтсам, замондан орқада қолишга йўймассиз.

Албатта ўпишиш – мутлақо шахсий иш. Аммо жамоат жойда эҳтиросларга эрк беришни ҳам шахсий иш деб бўладими?

Индонезия, Малайзия, БАА сингари давлатларда жамоат жойда ўпишганларга жарима ё қамоқ жазоси тайинланар экан. Осиё Осиё-да, дерсиз.

Бу ёғи Европа – Вена метроси, Тбилиси хиёбонларида ҳам ўпишиш тақиқланган деб эшитаман.

Ўзбекистонда ҳам жамоат жойларда ўпишишни тақиқлаш керакмикан?

Йўғе, ясоқдан иш чиқмас-ов. Ўзи шундоқ ҳам тақиқлар сероб бўп турганда янгисини ўйлаб топмайлик, тўғрими? Қолаверса, тақиқланган меванинг таъми ширинроқ бўлиб чиқмасин...

Лондон метросида ўпишиш учун алоҳида ҳудуд ажратилган деб ўқигандим. Балки бизда ҳам ошиқ-маъшуқларга махсус жой ажратиш керакдир.

Эҳтимол, овлоқ маскан тополмай жамоат кўз ўнгида хўрозқанд шимишаётган ошиқларни тушуниб, уларнинг тинчини бузмаган маъқулдир?

Тўхтанг, тўхтанг, масаланинг росмона ечими ёшларнинг эътиқоди, интеллектини оширишда эмасмикан?..

Инжиқ муштарий