Россиядаги Яҳудийлар мухтор вилоятида 5 ўзбек нобуд бўлди

Россиянинг Узоқ Шарқидаги “Амур” трассасида юз берган автоҳалокатда Ўзбекистоннинг 5 нафар, Россиянинг 2 нафар фуқароси нобуд бўлди. Полициянинг аниқлашича, машиналардан бири катта тезликда йўлнинг қарама-қарши қатнов қисмига чиқиб кетгани боис ҳалокат юз берган.

Россиянинг Яҳудийлар мухтор вилоятидан ўтувчи “Чита-Хабаровск” йўлининг 2 минг 133 километрида 11 август куни содир бўлган автомобил ҳалокатида нобуд бўлган етти кишидан беш нафари Ўзбекистон фуқароси экани аниқланди.

Озодликнинг Яҳудийлар мухтор вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига қилган мурожаатига жавобан ағдарилган Isuzu Gemini автомобилида нобуд бўлган беш ўзбекистонликдан биттасининг шахси ҳозиргача аниқланмаганини билдиришди.

- Ҳодиса кеча соат 9 ларда содир бўлди. Автомобиллар юзма-юз тўқнашиб кетган. Ўлганлардан беш нафари Ўзбекистон фуқароси - ҳайдовчи – Қурбонов Зафаржон Муйдиналиевич, 07.10.1985 йилда туғилган; йўловчи – Анваржонов Бахромжон Йўлдошжон ўғли, 11.02.1991 йилда туғилган; йўловчи – Қўчқоров Низом Йўлдошевич, 07.02.1986 й.т.; йўловчи – Бестеров Сергей Николаевич, 13.10.75 й.т. Яна бир ўзбекистонлик экани тахмин қилинаётган йўловчининг шахси аниқланмади – ҳужжатлари йўқ экан. Тўқнашиб кетган иккинчи автомобил – “Тойота Марк-2” русумли автомашинада 50 ёшли хабаровсклик эркак киши ва унинг 24 ёшли қизи бўлган. Улар ҳам ҳалокат жойида жон берган, - деди ҳодиса тафсилотларини гапириб берган Яҳудийлар мухтор вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси мутасаддиси Шапошников.

Олинган маълумотларга кўра, йўл-транспорт ҳодисаси вилоятнинг Смидович тумани Камишовка қўрғони ёнидан Биробиджонга ўтувчи трассада содир бўлган.

Россиянинг Яҳудийлар мухтор вилоятида 5 ўзбек нобуд бўлди

Полиция автоҳалокатга хабаровскликларнинг йўл бурилишида катта тезликда қарама-қарши йўналишга чиқиб кетгани сабаб бўлганини тахмин қилмоқда.

- Ҳозирги маълумотларга кўра, ўзбеклар бошқараётган машина бу ҳодисада айбдор эмас. Иккинчи автомобил сурилиб чиққанми ёки катта тезликда олиб чиқилганми – юзма-юз келиб ўзбекистонликлар машинасига урилган. Иккала машинада кетаётганлардан бирортаси тирик қолмаган, гувоҳлар йўқ, - дея маълумот берди навбатчи офицер.

Полиция тергов давом этаётгани, автоҳалокат жойида мутахассислар ишлаётганини маълум қилди.