Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги узоқ йиллик сиёсий маҳбус Мурод Жўраевнинг ҳуқуқлари топталаётгани ҳақидаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилотининг баёнотини рад қилган. Бу ҳақда 12news.uz нашри Ўзбекистон ИИВ расмийсига асосланиб, хабар қилди.
Францияда жойлашган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўтган ой Мурод Жўраев соғлиги ёмонлашганига қарамай қамоқхонада оғир меҳнатга мажбурланаётгани ҳақида бонг урган эди.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ташкилотнинг ушбу баёнотига раддия эълон қилди.
"Ўтказилган текширувлар давомида маҳбус ҳуқуқлари бузилмагани аниқланди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия Кодексининг 88-моддасига мувофиқ Мурод Жўраев ишлашга жалб этилмаган. КИН-6 тиббий ходимлари хулосасига кўра, махбуснинг соғлиги қониқарлидир", дея Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмийсидан иқтибос келтирди 12news.uz нашри.
Шунингдек, Ўзбекистон ИИВ расмийси Вашингтонда жойлашган “Freedom Now” ташкилоти Мурод Жўраевга тиш протези учун маблағ ажратгани ҳақидаги хабарларга қарамай, махбусга ҳеч қанақа пул етиб келмаганини ҳам айтган.
“Freedom Now” Жўраевга ҳам бошқаларга ҳам ҳеч қанақа пул жўнатмагани аниқланди", деб айтган ИИВ расмийси.
Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Отаева, Озодлик билан суҳбатда, ИИВ расмийсининг айтганлари ғирт бўхтон эканини айтади.
- Америкадаги ташкилот махбус Мурод Жўраевга тиш протези қўйиш учун қамоқхона ҳисобига пул ўтказа олмайдику. Гуманитар ташкилотлар ёрдамни маҳбуснинг яқинлари орқали етказади. Биз шу пул ўтказилганини аниқ биламиз. Тиш доктори қамоқхонага бориб, Мурод Жўраевга тиш протезини қўйиш учун ўлчамларини олганини ҳам биламиз. Кейин шу доктор йўқолиб қолди. Мана бир йилдан буён доктор йўқ. Маҳбус эса бир йилдан буён тишсизликдан азоб чекяпти, овқатни чайнай олмайди. Йигирма йилдан буён қамоқда қолаётган маҳбусни бу аҳволда қолдиришнинг ўзи қийноқ билан баравар,- дейди Отаева.
Озодлик мухбири сиёсий маҳбуснинг рафиқаси Холбика Жўраева билан боғлана олмади.
62 ёшли собиқ парламент депутати Мурод Жўраев 20 йилдан буён Ўзбекистон қамоқхонасида қолмоқда.
Ҳозирда Жўраев Чирчиқ шаҳридаги 64/6-сонли жазони ўташ муассасасида сақланаётгани, яқинлари унинг соғлиги жуда оғир эканидан шикоят қилиб келмоқда.
Собиқ парламент депутати 1994 йилда ҳокимиятни ағдаришга уринишда айбланиб, ҳибсга олинган ва мол-мулки мусодара этилиб, 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.
Мурод Жўраев озодликка чиқишига оз қолганида унинг жазо муддати уч марта турли баҳоналар билан узайтириб келинади.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмийси 12news.uz нашрига маҳбуснинг қамоқ муддати мунтазам узайтириб келинаётганини шундай изоҳлаган.
"Ўзбекистон ҳукумати бир неча марта инсонпарварлик қилиб, маҳбусга белгиланган муддатни қисқартирмоқчи бўлди. Лекин, М.Жўраевнинг ҳаддан зиёд агрессивлиги, қамоқхона режимини қўпол бузгани бунга тўсиқ яратди. “Собиқ ҳоким” қамоқхонада бошқа маҳбуслар билан бир неча марта низо келиб чиқишига ҳам сабабчи бўлган", деб таъкидлаган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмийси.
Надежда Отаева ИИВ расмийсининг бу иддаоси ҳақиқатга мутлақо тўғри келмаслигини айтади.
- Йигирма йил давомида қамоқда тинкаси қуриган, деврга суяниб, зўрға юрадиган маҳбус қандай қилиб агрессив бўлиши мумкин,- дейди Отаева.
Саксонинчи йилларнинг иккинчи ярмида Мурод Жўраев Қашқадарё вилоятидаги Муборак шаҳар ижроия қўмитаси раиси лавозимида ишлаган.
У 1990 йилда Ўзбекистон парламенти депутати ҳам бўлган.
Ўзбекистон йиллардан бери халқаро ташкилотлар ҳисоботларида "инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмон бўлган" давлатлар қаторида тилга олиб келинади.
Бу мамлакатда қийноқлар ва маҳбусларнинг ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари тарафидан таҳқирланиши, уларнинг адолатли маҳкамалардан мосуво қолаётгани, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳамда фуқаровий жамият фаолиятининг чеклангани Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ энг катта муаммолар сифатида қайд этилади.
Ҳозир Ўзбекистон қамоқхоналарида камида ўн нафар ҳуқуқ фаоли ва журналист бор.
Солижон Абдураҳмонов, Аъзам Фармонов, Нозим Исоқов, Ғайбулло Жалилов, Абдурасул Худойназаров, Ғанихон Маматхонов, Йўлдош Расулов, Дилмурод Саидов, Аъзам Турғунов каби журналист ва ҳуқуқ ҳимоячилари шулар жумласидандир.
Ўн уч йиллик қамоқ жазосини ўтаб, озодликка чиқиши керак бўлган 60 ёшли сиёсий маҳбус Муҳаммад Бекжоннинг жазо муддати икки йил аввал 4 йилу 8 ойга узайтирилган.
Журналист Юсуф Рўзимуродов ҳам, соғлиғи ёмонлашганига қарамай, 15 йилдан буён қамоқда қолмоқда.