Ўзбекистон аскарлари ШХТнинг аксилтеррор машқларида қатнашмади

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШХТ)га аъзо давлатлар армия қўмондонлари 29 август куни Хитойнинг Иннер Монголия ҳудудида ўтказилаётган аксилтеррор машқларининг якуний босқичини кузатади.

Олти кунлик ҳарбий машқларда Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг етти минг ҳарбийси иштирок этмоқда.

Машқларда Ўзбекистон ҳарбийлари қатнашмаяпти.

28 август куни Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон армиялари бош штаблари бошлиқлари Пекинда учрашди.

Йиғилишда хавфсизликни таъминлаш борасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олингани хабар қилинди.

Россия қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи генерал Валерий Герасимов терроризм, айирмачилик, экстремизм ва наркотиклар контрабандаси хавфсизликка тахдид эканини таъкидлади.