Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон бугун мамлакат парламентида Сурия ва Ироқда жиҳодчилар сафига қўшилган Британия фуқароларига қарши кескинроқ чораларни кўриш таклифини киритиши кутилмоқда.
Камерон бу таклиф билан 1 сентябрь куни Тошкент вақти билан 19.30да парламентда нутқ сўзлайди. 29 август куни Британия ҳукумати Сурия ва Ироқдаги асли британиялик жиҳодчилар тарафидан ҳужум уюштирилиши “эҳтимоли жуда юқори”, дея террор хуружи огоҳлантирувини эълон қилди.
Кэмерон гумонланувчиларга нисбатан айблов эълон қилиш учун етарли далил бўлмаган ҳолда, уларга нисбатан кўрилиши лозим бўлган чораларга доир таклифни киритиши кутилмоқда.
Британия матбуотида пайдо бўлган хабарларга кўра, таклиф этилиши мумкин бўлган чоралар қаторида Яқин Шарқда жиҳодчиларга алоқадорликда гумонланаётган британияликларни “вақтинча” мамлакатга киритмасликни ўз ичига олиши мумкин.
Ўтган ойда америкалик журналист Жэймс Фоли Исломий давлат экстремистик гуруҳининг асли британиялик аъзоси тарафидан ўлдирилиши ортидан Британияга қайтаётган жиҳодчилар мамлакатда ҳужум уюштириши мумкин, деган хавотирлар туғилди.