Москвада сохта ҳужжат тайёрлашда гумонланган ЎИҲ аъзолари қўлга олинди

Россия Ички ишлар вазирлиги сохта ҳужжатлар тайёрлашда гумонланган Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари қўлга олингани ҳақида хабар берди. Ўтказилган тезкор амалиёт чоғида¸ расмий баëнотга кўра¸ гумондорлар квартирасидан икки юздан ортиқ Россиянинг ички, хорижий ҳамда 40дан зиёд бошқа давлатнинг паспортлари топилгани айтилади.

Россия Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ходими Владимир Коноваловнинг Озодликка айтишича, Россия ИИВнинг жиноят-қидирув бўлими бош бошқармаси ходимлари Москва шаҳридаги ўз ҳамкасблари билан биргаликда Ясенова туманидаги квартиралардан бирида ЎИҲ аъзоларини қўлга олган:

- Ўтказилган тезкор амалиёт чоғида радикал исломга эътиқод қилган ва келиб чиқиши марказий осиёлик бўлган одамлар яшаган квартира аниқланди. Бу одамлар тақиқланган Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари бўлган. Москвада улар ғайриқонуний тарзда сохта паспортлар, ҳайдовчилик гувоҳномалари ва бошқа ҳужжатлар тайёрлашган, деди матбуот хизмати ходими.

Владимир Коноваловга кўра, бу квартирадан 200 та Россия ички ва 15 та хорижий паспорти, шунингдек 40 дан ортиқ хорижий мамлакат паспортлари топилган.

“Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилотининг фаоли Баҳром Ҳамроев сохта паспортлар тайёрлайдиган гуруҳлар борлигини инкор қилмас экан, бу гуруҳларни Ўзбекистон исломий ҳаракати билан боғлашнинг баҳсли масала эканлигини айтади:

- Ҳозир Россияга Ўзбекистон ва Тожикистоннинг репрессив режимларидан қочиб келганларнинг қалбаки паспортларга эҳтиёжи катта. Одамлар бу давлатларда ноҳақ қамалиб кетмаслик ва қамоқхоналарига тушиб қийноқлардан ўлмаслик учун ҳам шундай паспортларни сотиб олиб яшаяпти, хорижга чиқиб кетаяпти. Лекин буларни Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзо деб гумон қилиши ҳали баҳсли масала, дейди Баҳром Ҳамроев.

Россия Ички ишлар вазирлигининг қайд этишича, бу мамлакатда ушланган Ўзбекистон исломий ҳаракатининг биринчи аъзолари эмас. Жорий йилнинг май ойида Россия ИИВи Москва вилоятининг Ногинск шаҳрида 27 ёшли эркакнинг ушланганини хабар қилган эди.

Ўшанда қўлга олинган шахснинг исми ва қайси давлатдан эканлиги очиқланмаган ва у Ўзбекистон исломий ҳаракатининг марказий осиёлик аъзоси эканлиги айтилган эди.

Россия полицияси маълумотига кўра, Москва вилоятида ҳаракат қилган, асли тожикистонлик бўлган ЎИҲнинг аъзолари 2012 йилда Москвадаги компаниялардан бирига ҳужум қилиб, менежерни яралаган ва 900 минг рублни олиб чиқиб кетган эди.