Ўзбекистонлик тадбиркор аёл Украинада ҳалок бўлди

"Нажот" ташкилотига кўра, сўнгги тўрт ой ичида Россия ва Украинадан камида 35 хоразмликнинг жасади келтирилган.

Украинада ҳалок бўлган хоразмлик аёлнинг жасади ўтган ҳафтада оиласига берилди. Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси 39 яшар аёлнинг Украинада “бахтсиз ҳодиса” қурбони бўлганини айтмоқда. Воқеа тафсилотлари ҳақида Озодликка хабар берган бир-биридан мустақил икки манба аёлнинг бошидан отиб ўлдирилганини иддао қилди. Лекин бу иддаони марҳуманинг яқинлари на тасдиқлади, на инкор қилди.

Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида яшаган Қ. О.нинг яқинлари илтимосига кўра, Озодлик марҳумнинг исми- шарифини тўлиқ эълон қилмаяпти.

Украинадан келган мазкур хабар ортидан Озодлик марҳуманинг Хивадаги яшаш манзилини аниқлаб, қўшнилари билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

Уларга кўра, жасад Украинадан Хивадаги уйига келтирилиб, ими-жимида дафн этилган:

– Бу аёл Украинага тирикчилик учун кетган бўлган. Житомир (Украина шимоли- ғарбидаги шаҳар - таҳр)дан мол олиб келиб, сотиш билан шуғулланиб келган. Хивада уй бошлашган, шу уйни қуриш учун Украинага қатнар эди. Ўтган ой охирларида у “Газель” машинасида Украинадан қайтаётганида бошидан ўқ еб, ҳалок бўлган, деб айтишяпти, - дейди марҳумнинг қўшниларидан бири.

Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси расмийлари хивалик тадбиркор аёлнинг “бахтсиз ҳодиса” қурбони бўлганини таъкидлади. Бироқ бошқа тафсилотларни очиқламади.

Воқеани ўрганаётган маҳаллий "Нажот" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубов аёлнинг ўлимига оид кўп нарса мавҳумлигини айтди:

- Икки фарзанднинг онаси экан у. Ҳозир маъракалари бўляпти. Украинадан қайтаётганида авария бўлиб, боши машина остида қолиб кетган, дейишяпти. Лекин, кўп нарса мавҳум. Оиласидагилар кўп нарса айтишмаяпти. Ўлик экспертиза қилинмасдан тез дафн қилинган, - деди Ҳайитбой Ёқубов.

Украинанинг Житомир вилоятидан автоуловда Ўзбекистонга Киев - Курск йўналиши орқали келинади. Бу йўналиш жанглар бораётган Донецк, Луганск ҳудудларидан анча олисдан жойлашган.

"Нажот" ташкилоти ҳисоб-китобича, жорий йил июнидан буён Россия ва Украинадан камида 35 хоразмликнинг жасади келтирилган.

- Шу 35 жасаднинг иккитаси Украинадан юборилган. Олдинги ўлик август ойларида юборилган. Униси ҳам аёл. Лекин унинг ўлимига Украинадаги урушнинг алоқаси йўқ, юрак ҳуружидан оламдан ўтганини айтишган, - деди Ҳайитбой Ёқубов.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси ўзбекистонликларга Украинанинг "уруш бўлаётган" шарқий вилоятларига бормасликни тавсия этмоқда.

“Фавқулодда ҳолатларга дуч келганда, Ўзбекистон фуқаролари зудлик билан Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонасига (+380) 44 501-50-00 ва (+380) 44 501 41 82 телефон рақамлари орқали боғланишлари лозим”, демоқда элчихона расмийлари.