Пахта-2014: Ҳашарчиларни олиб кетаётган автобус аварияга учради

Пахта теримига ҳашарчиларни Тошкентдан Жиззах вилоятига олиб кетаётган автобуслардан иккитаси 14 сентябрь куни аварияга учради. Воқеа гувоҳларининг айтишларича, автобуслардан бири олдинда кетаётган автобуснинг ортидан бориб урган. Ҳайдовчи ва ҳашарчилардан бир неча киши жароҳат олгани айтилмоқда.

Сирдарё вилоятининг Мирзаобод тумани ҳудудида бўлган воқеа ҳақида Озодлик манбаси хабар берди:

“Биз йўлда кетаётгандик. Автобуслар авария бўлганлиги боис йўлда ярим соат тўхтаб қолдик. Автобуслар Тошкентдан талаба ҳашарчиларни олиб кетаётган экан. Кўп талабаларнинг боши ёрилган, қўли синган. Битта беҳуш ётган талабани ҳам кўрдик. Автобус ҳайдовчисининг аҳволи оғир эди. Иккита автобуснинг ойналари синган, кузов ичкарига кириб кетган. Талабаларнинг кўпини ойна синиқлари жароҳатлаган”, дея маълум қилди воқеа гувоҳи бўлган Озодлик манбаси.

Сирдарё вилоят ички ишлар бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими шундай воқеа содир бўлганини Озодликка тасдиқлади:

“Тошкентдан Жиззахга ҳашарчиларни олиб кетаётган автобуслар колоннасидаги иккита автобус ҳалокатга учрагани рост. Воқеа Мирзаобод тумани ҳудудида содир бўлган. Битта автобус олдинда кетаётган автобусни орқасидан бориб солган. Ҳайдовчи ва бир ҳашарчи жароҳат олиб, касалхонага ётқизилди. Енгил жароҳат олганларга жойида тиббий ёрдам кўрсатилди”, деди ички ишлар ходими.

Мулозимнинг айтишича, пачақланган автобусдаги ҳашарчилар бошқа автобусларга ўтқазилиб, колонна икки соатдан сўнг яна йўлида давом этган.

Ҳар йили Ўзбекистонда пахта терими мавсумида ана шу кампания билан боғлиқ нохуш ҳодисалар кўп кузатилади. Ўтган йили Озодлик ўзига маълум бўлган 11 та ўлим ҳолати ҳақида хабар берган эди.

Ўзбекистонда мактаб, боғча, коллеж, институт, университет, шифохона, завод-фабрика ва бошқа давлат идоралари ишчи-хизматчиларини йилнинг тўрт фаслида турли ишларга мажбурий тарзда жалб қилиниши одатий ҳолга айланган.

Ўзбекистон ҳукумати халқаро босимлар остида мактаб ўқувчиларини пахта теримига мажбурий чиқаришни тўхтатганидан сўнг, асосий оғирлик бюджетдан маош олиб ишлайдиган идораларнинг ишчи-хизматчилари бўйнига тушмоқда.