Ўн миллион абонент билан ҳайдалган МТС 2,5 миллион билан иш бошлаши мумкин

Ўзбекистонга қайтаётган МТС мамлакат бўйлаб шаҳар ва вилоятларга бириктирилган абонент рақамлари режасини тузиб чиқди. Режага кўра, дастлаб бутун Ўзбекистон бўйлаб икки ярим миллионта абонент рақами сотилиши назарда тутилган.

"UMS" брэнди остида Ўзбекистонда ўз фаолиятини тиклаган Россиянинг МТС ширкати мамлакат мобил бозорига қайтишга тайёргарлик ишларини давом эттирмоқда.

Озодлик 16 сентябрь куни "Universal Mobile Systems" мобил операторига ажратилган абонент рақамларига доир ҳужжатни қўлга киритди. Бу ҳужжатнинг номи "Республика телекоммуникация тармоқларини рақамлаш режасидан "Universal Mobile Systems" масъулияти чекланган жамиятига бириктирилган рақам сиғимлари" деб номланади.

Бу ҳужжатга кўра, "Universal Mobile Systems" МЧЖга Қорақалпоғистон республикаси, вилоят ва шаҳарлари учун ҳаммаси бўлиб икки ярим миллион абонент рақами ажратилгани айтилади.

Икки ярим миллион абонент рақамининг ярмидан кўпи, яъни бир ярим миллионтаси Тошкент шаҳри учун ажратилган, қолганлари эса шаҳар ва вилоятларга бўлиб ташланган.

Жумладан, Самарқанд вилоятига 200 мингта, Андижон, Фарғона, Қашқадарё вилоятларига 120 мингтадан, Наманган вилоятига 100 мингта, Сурхондарё, Хоразм вилоятларига 60 мингтадан, Тошкент, Бухоро, Сирдарё, Навоий вилоятларига 40 мингтадан, Қорақалпоғистон республикаси ва Жиззах вилоятига эса 30 мингтадан абонент рақами ажратилиши режаланган.

Ҳужжатда айтилишича, маҳаллий, шаҳарлараро ва халқаро кириш қўнғироқлари “597”(“97”) тармоққа уланиш коди орқали амалга оширилади, ҳудудларда 9 рақамли рақамлаш тизимига ўткунга қадар маҳаллий телефон тармоғидан тўғридан тўғри еттита рақамни териш орқали киришга рухсат этилади.

Озодлик бу ҳужжатнинг ҳақиқий ёки ҳақиқий эмаслигини тасдиқлата олмади.

Ўзбекистондан ҳайдалишидан олдин қарийб 10 миллионта абонентга эга бўлган МТС учун республика телекоммуникация тармоғидан икки ярим миллионта абонент рақами ажратилиши мобил оператори аввалги қамровининг тўртдан бирини ташкил этади.

Икки ярим миллионта абонент "Universal Mobile Systems"нинг бошланғич режасими ёки бу билан Ўзбекистон ҳукумати МТСнинг фаолиятини чеклаб қўйяптими, деган савол билан Озодлик МТСнинг Москвадаги бош идораси матбуот хизматига мурожаат қилди.

МТСнинг матбуот хизмати бошлиғи Дмитрий Солодовников бу борада ҳеч қандай изоҳ бера олмаслигини айтди:

- Биз бу масалага ҳозирча изоҳ бермасликка қарор қилдик,- деди Дмитрий Солодовников.

"Universal Mobile Systems" МЧЖнинг иш бошлаши ҳақида аввал хабар қилинганди. Бироқ, бу ташкилотнинг телефон рақамлари ҳозирча Ўзбекистондаги маълумот берадиган бюролар рўйхатига киритилмаган.

Ўзбекистондаги бошқа мобил компаниянинг исми сир қолишини сўраган мутахассисининг айтишича, икки йилдан ортиқ ишламай турган МТСнинг бундан сўнг ҳам сифатли ишлаб кетиши учун авал икки ярим миллионлик абонентга хизмат кўрсатиш режаланиши табиий ҳол:

"Бирданига беш ёки ўн миллион абонентга хизмат кўрсатиш билан иш бошлаш қийин. Бунда сифат йўқолиши ва компания обрўсига путур етиши мумкин. Шунинг учун ҳам МТС аввал икки ярим миллиондан иш бошламоқчи", деди мутахассис.

МТС бундан аввал мижозларга хизмат кўрсатишни қайта йўлга қўйишга тайёргарлик ишлари 1 декабргача якунланишини билдирган эди. Озодлик билан суҳбатда МТС ширкати матбуот хизмати раҳбари Елена Кохановская янги тузилаётган "Universal Mobile Systems" ёки қисқача "UMS" қўшма корхонасини Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтказиш жараёни 25 сентябргача якунланишини маълум қилган эди.

Икки тарафлама битимга мувофиқ, МТСнинг собиқ шўъбаси “Ўздунробита”га тегишли бўлган мол-мулк, асбоб-ускуна ва инфратузилмаларни янги қўшма корхона балансига ўтказиш бўйича иш олиб борилмоқда.

Россиядаги энг йирик телеком ширкати “Мобильные ТелеСистемы” ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида 2014 йилнинг 31 июль куни имзоланган Муроса битимига кўра тузилажак қўшма корхонанинг 50,01 фоиз улуши МТСга, 49,99 фоиз улуши Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация давлат қўмитасига қарашли бўлади.

Муроса битимига биноан, икки томон ўзаро даъволардан воз кечиши ҳам кўзда тутилган.

МТСнинг Ўзбекистондаги шўъбаси "Ўздунробита" 2012 йилнинг июль ойида ҳукумат қарори билан фаолиятини тўхтатган эди.

Ўзбекистон расмий идоралари "Ўздунробита"ни катта миқдорда солиқдан бўйин товлаш, пул ювиш, мижозлар пулларини ноқонуний ўзлаштириш ва бошқа қонунбузарликларда айблаган эди.

Фаолияти тўхтатилгунига қадар Ўзбекистон бозоридаги энг йирик мобил алоқа оператори бўлган МТС 10 миллионга яқин мижозини бой берди.

МТС Ўзбекистондаги фаолияти тўхтатилгани боис 1 миллиард АҚШ долларидан ошиқ зарар кўрди ва сармоядорлар ўртасидаги келишмовчиликни тартибга солувчи Вашингтондаги халқаро марказга бу юзадан шикоят қилган.

Ўзбекистон ҳукумати МТСга доир мулк ва ускуналарни бир неча марта кимошди савдосига қўйди, лекин унга харидор топа олмади.