Сайидюнус Истаравшаний: Каримов режими рафиқамни ўлдирди

Суратда Нилуфар Раҳимжонова чапдан биринчи

14 сентябрь куни Тошкент вилоятидаги Зангиота аёллар қамоқхонасидан муслима Нилуфар Раҳимжонованинг ўлиги чиқди. Марҳуманинг турмуш ўртоғи тожикистонлик таниқли журналист ва мухолифат фаоли Сайидюнус Истаравшаний Озодлик билан суҳбатда рафиқасининг ўлимида Ўзбекистон режимини айблади.

Тожикистонлик журналист ва мухолифат фаоли Сайидюнус Истарафшаний.

Сайидюнус Истаравшанийнинг айтишича, рафиқаси Нилуфар Раҳимжонованинг жасади Ўзбекистондаги яқинларига шанба куни берилган ва жасадни зудлик билан кўмиш талаб қилинган.

- Жасад олиб келинганидан сўнг олти соатнинг ичида Тошкентдаги қабристонга тупроққа берилган. Мурдани олиб келганлар ўлим сабабини айтишмаган, - дейди Сайидюнус Истаравшаний.

BBC ўзбек хизмати маълумотига кўра, Нилуфар Раҳимжонова жасади 14 сентябрь куни пойтахтнинг Олмазор туманидаги қабристонлардан бирига дафн қилинган.

Тожикистонга турмушга чиққан Нилуфар Раҳимжонова 2012 йилда яқинларини кўргани Ўзбекистонга борганида чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ва терроризмда айбланиб 10 йилга озодликдан маҳрум этилган.

​- Мен ўшанда рафиқамга айтган эдим, борма, Каримов режими бизни ёмон кўради деб. У қулоқ солмай Ўзбекистонга кетди. Кейин чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айблаб, қамоққа олишди. Телевизорга чиқиб Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг аъзосимиз, эрим шу ҳаракатнинг аъзоси деб айтсанг, қўйворамиз, деб ваъда беришган. Рафиқам бу гапларга ишониб шундай деган. Эронда таълим олиб, Ўзбекистонга террорчилик ҳужумларини содир этгани келганман, деб айтган. Кейин мана ўзинг айтдинг, деб 10 йил берворишган, - дейди Сайидюнус Истаравшаний.

37 яшар Нилуфар Раҳимжонованинг ўлими сабаблари яқинларига маълум қилинмаган.

Нилуфарнинг отаси Маъруфжон Раҳимжонов (ўнгдан биринчи) Тошкентдаги Кўкалдош мадрасисида имомлик қилган.

Нилуфар Раҳимжонова Тошкентдаги Кўкалдош мадрасасининг собиқ имоми Маъруфжон Раҳимжоновнинг тўнғич қизидир.

Ҳозир Тожикистонда яшаётган Маъруфжон Раҳимжоновнинг қизи Нилуфар 1992 йилда тожикистонлик журналист Сайидюнус Истаравшанийга турмушга чиққан.

Кейинчалик улар тўрт фарзанди билан Эронга кўчиб кетишган.

- 1992 йилдан 2011 йилгача бирга бўлганмиз. Уч йил аввал у Тожикистонга кетди. У ердан Ўзбекистонга бораман, деб менга қўнғироқ қилди. Яқинларининг тўйи бор экан. Мен борма, дедим. У мени гапимга кўнмай, Ўзбекистонга борган. Борганидан бир ой ўтиб қамоққа олишган. Бизга қўйилаётган айбловлар ҳаммаси бўхтон, уйдирма. Биз илм билан шуғулланадиган одамлармиз. Ўзбекистон Исломий ҳаракатига ҳеч алоқамиз йўқ, - дейди Сайидюнус Истаравшаний.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон қамоқхоналарида террорчиликка алоқадорлик айблови билан қамалган маҳкумларга нисбатан қийноқлар систематик эканини айтиб келишади.

БМТнинг қийноқларга қарши қўмитасининг жума куни эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистонда ҳибсга олинганлар мажбурий кўрсатмалар учун шафқатсиз қийноқлар ва жинсий зўрлашларга дуч келиши айтилади.