Озодликка ўзини Фарғона вилоятида пахта тераётган Тошкент ахборот технологиялари университетининг Фарғона филиали талабаси, деб тақдим қилган муштарийдан мактуб келди. Мактуб муаллифи кам пахта терган талабаларга ўқитувчилар томонидан жазо тариқасида жисмоний куч қўлланилаётганини иддао қилди. Озодлик мазкур мактубни таҳрирсиз чоп этмоқда.
(Ушбу мактубда келтирилган мутасадди шахсларга нисбатан илгари сурилган даъволар ҳозирча бошқа манбалар орқали тасдиқланмагани боис сир сақланмоқда, мурожаатга оид журналистик суриштирув давом этмоқда - таҳр.)
"Мен сизларга Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиалидаги пахта мавсумидаги ўқитувчиларнинг якка ҳукмронлигининг азобларидан тўйган ўқувчиларнинг арз-додидан парча келтирмоқдаман.
Пахта мавсумидаги коррупция ва таниш-билишчилик ниҳоятда кўпайди ва оддий қашшоқ халқ фарзандлари бой ва таниш билиши кўп бўлган инсонлар фарзанди ўрнига ҳам пахта теришга мажбур бўлаяпмиз. Бунга пора олган ўқитувчилар пахтага келган талабаларни хилма-хил қийноқ усуллари билан эришаяпти.
Ман ҳам шу университетнинг 3 босқич талабасиман. ... факультетидаги ... - .., -.., -.. гуруҳ талабаларининг қарийб 70 % пора бергани менга аён. Уларнинг исм-фамилиясини айтолмайман. Бундан ташқари, ...- .. талабасининг 3 нафари.
Яна ...-.., ...-.. талабаларининг 5 нафари. Булар гуруҳлардир. Булар деканатдаги Ж. Н. ва Ф. М. га пора, яъни энг ками 200 $ доллар, энг кўпи эса 400$ доллар бериб гаплашишган. Булар ичида менинг танишларим ҳам бор.
Бундан ташқари, пахтага келмаганлар ичида ўқитувчиларнинг ҳам фарзандлари бор. Мисол, пахтада штабда бўлган И.нинг фарзанди Н. И. ҳозир пахтада йўқ. Мен уни Фарғона шаҳрида қизлар билан рохатда юрганлигини кўрдим.
Отаси, яъни ўқитувчи пахтада штаб бошлиғи, бизларга «Ватан чақириғига лаббай деб жавоб бериш керак» дея такрор ва такрор уқтиради. Ўзининг ўғли эса ёғли ош еб юрибди. Биз эса гўшт нималигини кўрмай макарон еб юрибмиз. Мана энди пахтага келмасликнинг 3 йўли – дўхтирдан справка олишдир. Бу йўл ҳам пуллик. Касалмисиз ёки йўқми камида 200 минг ўзбек пули олади. Кўпи билан эса 200 долларгача. Буни шахсан ўзим синаб кўрдим.
Хўш, энди пахта теришдаги ахвол. Пахтанинг нормаси 80 килограмм деб талаб қўйишади, лекин саноқли одамгина бу нормани бажаради. Аксарият 30-35 килограмм тераяпти. Лекин ким 40 килограммдан кам терса, азоб берилаяпти. Яъни Ф. М. жаноблари спорт устаси, спортсмен, гавдаси ҳам ниҳоятда катта, 120 килодан кўпроқ. У талабаларни кўкрак қафаси, нафас йўлларига уриб, инсоннинг нафас олишини маълум вақт тўхтатади ва инсон танасига кучли оғриқ киритади.
Агар яна сал қаттиқроқ урса инсон хаво етмаслигидан вафот этиши аниқ. Ф.М. тўғрисида талабалар ўртасида аввал Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматида ишлаган деган гап бор. Лекин мен буни текшириб кўрдим - ундай эмас, ҳеч ҳам СНБга алоқаси йўқ.
Лекин ўзининг айтишича, унинг орқаси жуда катта. Унинг акаси ҳозирда Ўзбекистон Мудофаа бошқармасида ишлайди. Бу менинг текширишимча аниқ. Айнан шундай орқасига ишониб талабаларни бемалол қийнайди, уриб азоблайди.
Дала ичида эса қўлига дурбин (бинокл), яъни узоқни яқин қилиб кўрсатувчи асбобни кўтариб худди қул инсонларни ишлатаётгандек бақириб сўкади. Агар яқинроқда бўлса тошми, қўлига илинган нарсани отади ва ҳақоратлайди.
Бундан ташқари, эрталаб уйғотишда худди ҳайвон ҳайдагандек калтаклаб уйғотишади. Армияда ҳам бундай аҳволни кўрмаганман. Талабаларга бериладиган гўшт маҳсулотларини ўзлари паққос еб қўйишади. Бундан ташқари ўз яқин инсонларига уйга бориб келиш учун рухсат беришаяпти. Лекин бошқаларга рухсат йўқ.
Яна бир бошка жойда штабимиз бор. Унда телекоммуникация йўналиши талабалари жойлашган. У жойда А. Х. исмли ўқитувчи бошлиқ экан. Дўстимнинг айтишича, уларда ҳам худди биздек. Баъзи жойлари биздан баттар аҳволда. Ўқитувчининг калтакларидан жонидан туйгани, кетай деса зўрға икки йилда ўқишга киргани ва икки йиллик контрактни тўлаганини, шунинг учун ўқишдан хайдалишини истамаслигини айтди.
Бу иш юзасидан кимга мурожаат қилишни билмаймиз.
Сизларга ёзишдан мақсад шуки, Озодлик сайти лентасида кўриш. Иккинчи максадимиз уларга телефон қилиб суриштиришлариздир. Шунда уларни бедодлигини кузатаётган ташкилот борлигини билишсин.
Илтимос, шуни амалга оширинглар!
Ҳурмат билан ТАТУ ФФ талабалари".
***************************************************************************
OzodMaktubда берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!