ФМС ноқонуний мигрантларга умумий авф эълон қилмоқчи

Россия Федерал миграция хизмати Россияда ноқонуний тарзда яшаб келаётган барча меҳнат муҳожирларига уч ойлик авф эълон қилишга тайёрланмоқда. Муҳожирлар учун амнистияни ижобий баҳолаётган миграция соҳаси мутахассислари бу тадбирни сўнгги йилларда ҳукумат томонидан қабул қилинган қатор қонун-қоидаларнинг тескари натижа бергани билан изоҳлаб, янги тартиб туфайли мамлакатда ноқонуний муҳожирлар сони кескин кўпайиб кетганини айтмоқдалар.

ФМС умумий авф эълон қилмоқчи

Россия Федерал миграция хизмати мамлакатда ноқонуний яшаб, меҳнат қилаётган муҳожирлар учун оммавий амнистия эълон қилишга ҳозирлик кўрмоқда.

Идора раҳбари Константин Ромодановский журналистлар олдида қилган ўз чиқишида авф уч ойлик муддат амал қилиши мумкинлигини билдирди.

- Бизда ноқонуний яшаётганлар учун кўп бўлмаган муддатга – бир, икки, уч ойга Россия Федерацияси ҳудудида ҳуқуқий ва меҳнат мақомини расмийлаштиришга имкон бериш мумкин, деб ҳисоблайман. Бу ишда уларга кўмаклашиш керак, деган фикрдаман, - деди ФМС раҳбари.

Ромодановский “амнистия” сўзи унга ёқмаётган бўлса-да, янги шароитда усиз миграция соҳасида Россияда тартиб ўрнатиб бўлмаслигини гапирди. Умумий авф давомида хориж фуқароси юридик шахсларга ишлашга рухсат берувчи патент сотиб олиши ва легаллашиши мумкин.

Россия Федерал миграция хизмати вакиллари Озодлик сўровига жавобан идора раҳбари қилган баёнот ҳақиқат эканини тасдиқлашди.

- Ҳа, бу масала муҳокама этиляпти. Лекин ортиқча изоҳ бера олмайман. Бироз вақтдан кейин муҳокамадан бирор натижа бўлса, албатта ахборот воситалари орқали хабар қиламиз, - деди амнистия жорий қилиниши муддати тўғрисида маълумотга эга эмаслигини гапирган ФМС бош бошқармаси матбуот хизмати ходими.

Озодликнинг Россия ФМСидаги манбасига кўра, Россия ҳукумати мигрантларга ажратилаётган ишчи квоталарни бекор қилиб, унинг ўрнига юридик шахсларда меҳнат қилиш учун пулли патентларни жорий қилмоқчи.

Шунингдек, меҳнат муҳожирларнинг у ёки бу минтақадаги миқдори маҳаллий ҳукуматлар томонидан белгиланиб, бошқариб борилиши режаланмоқда.

ФМС сиздирган хабардан ишга рухсат берувчи патентга нархлар ҳам турли минтақаларда маҳаллий шарт-шароитдан келиб чиққан ҳолда белгиланиши маълум бўлди, яъни патент нархи ишчи кучи зарур бўлган ҳудудларда арзон, ишчи кучи ортиқча бўлган минтақаларда эса қиммат.

Озодлик суҳбатлашган Россиянинг турли минтақаларида яшаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг аксари бу янгиликни ижобий баҳолади ва қонуний йўл билан ишлашдан энг аввало муҳожирнинг ўзи манфаатдор эканини таъкидлашди.

Ромодановский нега фикрини ўзгартирди?

Россия жамоатчилиги анчадан буён нолегал муҳожирлар учун умумий авф масаласини муҳокама қилиб келмоқда.

Бироқ айнан Федерал миграция идораси бу амал миграция муаммоларини бартараф этишда натижа бермаслигига рус жамиятини ишонтириб келган. Хусусан, Константин Ромодановскийнинг ўзи бир йил олдин “Амнистия ҳафсалани пир қилади, токи мен хизмат раҳбариман – бу иш амалга ошмайди”, дея ишонтирган эди.

Хўш, ФМС бошлиғининг бир йил ўтиб фикри тамоман тескари томонга ўзгаришига нима сабаб бўлди?

Бу савол билан Озодлик Россияда миграция масалалари ва мигрантлар ҳуқуқлари ҳимояси билан анча йиллардан буён шуғулланиб келаётган “Тонг жаҳони” халқаро нотижорат ташкилоти раҳбари, юридика фанлари номзоди Валентина Чупикка мурожаат қилди.

- Ўтган бир йил давомида қуйидаги ўзгаришлар рўй берди: ФМС киришга таъқиқларни жорий қилганидан бошлаб боши берк кўчага кириб қолди. Улар Россия ҳудудида оиласи бор ўн минглаб одамга, Россия ҳудудида доимий ўқиётган талабаларга киришни тақиқлаб қўйди. Мамлакатда вақтинчалик ва доимий яшашга рухсати бор саноқсиз фуқаролар бадарға қилинди! Ҳозир эса Москва шаҳри ва вилоятида юридик шахсларда ишлашга патенти бор кўплаб муҳожирларнинг депортация қилиниши кузатилмоқда. Хуллас, Россия судлари бу депортлар устидан шикоятларга кўмилиб кетди. Демак, ФМС шу тариқа вазиятдан чиқиб кетмоқчи, - дейди Валентина Чупик.

Мутахассис куни кеча Миграция идораси томонидан “ноқонуний” деб эълон қилинган 4,3 миллион меҳнат муҳожири аслида мамлакатга қонунан кириб, маҳаллий миграция қоидалари нобоплиги боис нолегал ҳолатга тушиб қолаётганига эътиборимизни қаратди.

Валентина Чупик Россия ҳукумати бошлаб юборган “тозалаш”, “мигрантларни қувиш” амалиётлари тескари натижа бергани ва ҳозирда ноқонуний муҳожирлар сони яна кескин ошиб кетганига гувоҳ бўлаётганини айтади.

- Мигрантлар коррупциялашган миграция идораларида ўрнатилмиш тартиблар асосида ҳужжатларни расмийлаштира олмаяпти. Мен ноқонуний муҳожирлар кескин кўпайганига гувоҳ бўлаяпман. Айтишим керакки, кириш тақиқланган хорижликлар бемалол Россияга кириб келмоқда - бу йўллар ҳақида сизга гапириб ўтирмайман. Лекин сўнгги йилларда Россия раҳбарияти ўйланмасдан қабул қилган миграция қонунлари салбий натижа бера бошлади - мамлакатда криминал вазият оғирлашди, коррупция мисли кўрилмаган даражага етди. ФМС ҳисоботларида эса ҳаммаси сайқаллаб берилмоқда, - дейди киритилажак амнистия сабабларини тушунтиришга уринган муҳожирлар ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти раҳбари Валентина Чупик.

ФМС томонидан тайёрланаётган амнистия, шунингдек, давлат ғазнасига катта тушум келтириши кутилмоқда.

Эслатиш жоизки, 2010 йилда жисмоний шахсларникида ишлаш учун жорий қилинган патентлар сотилиши Россия бюджетига салкам 1 миллиард доллар даромад келтирган.

Айни пайтда, Миграция хизмати очиқлаган рақамларга кўра, бир хорижликни Россиядан депортация қилишга давлат ҳисобидан 1 минг АҚШ доллари сарфланаётир.

Ноқонуний муҳожирларга қарши кураш байроғи остида мамлакатга киришни тақиқлаш кампанияси авж олган сўнгги бир йилда 990 мингдан зиёд хориж фуқаросига Россия эшиклари ёпилди. Улардан 400 мингтаси Ўзбекистон фуқароларидир.