Меркель ва Путин Украина юзасидан фикр алмашди

Германия канцлери Ангела Меркель Москва Украина шарқидаги россияпараст айирмачиларга босим ўтказиши лозим, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Меркель 1 октябрь куни Россия президенти Владимир Путин билан бўлиб ўтган телефон суҳбати чоғида билдирган.

Германия канцлери матбуот котибининг маълум қилишича, икки давлат раҳбари Украинада зўравонлик ҳолатлари ҳали-ҳамон давом этаётганидан ташвиш изҳор қилганлар.

Меркель Украина-Россия чегараси қаттиқ назорат қилиниши лозимлиги ҳамда бунда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг роли катта эканини қайд этган. У ўз мамлакати Украинадаги бўлажак маҳаллий сайловларда муҳим роль ўйнаши мумкин бўлган ЕХҲТ миссиясини бундан буён ҳам дастаклашини таъкидлаган.

Аввалроқ НАТОнинг янги бош котиби Йенс Столтенберг Украинадаги урушни тўхтатиш имконияти мавжудлиги, бироқ Россия аввалда бўлгани каби бу мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштириш мумкинлигини билдирганди.