Ўзбекистонда давом этаётган пахта йиғим-теримига давлат ташкилотларидан ташқари, хусусий ширкатлар мажбуран жалб қилинди. Ҳар бир хусусий тадбиркорлик субъекти ўз штатидаги ходимларнинг 5-10 фоизини пахта далаларига ўз ҳисобидан жўнатишга мажбурланмоқда. Пахтага одам чиқармаган ширкатларнинг аксаридан ходимларнинг камида 2-3 кунлик иш ҳақини пахта кампанияси харажатларини қоплаш учун ўтказиш талаб қилинмоқда. Озодлик гаплашган Тошкентдаги хусусий ширкатлар орасида бир ойлик иш ҳақидан воз кечишга мажбур бўлганлар ҳам топилди.
Ўзбекистон ҳокимият идоралари Пахта-2014 кампаниясига одамларни мажбуран жалб қилишда аввалги йилларданда каттороқ жонбозлик кўрсатмоқда.
Ўтган йилги пахта мавсумида асосан давлат ташкилотлари, коллеж ва олий ўқув юртлари иштирок этиб, хусусий ширкатларнинг мажбурий иштироки анчайин чекланган эди. Бу йил эса, хусусий ширкатлар ёппасига пахта хирмонига ҳисса қўшишга мажбурланмоқда.
Озодлик қўнғироқ қилган Тошкент шаҳри ва бир неча вилоятлардаги хусусий ширкатлар вакилларининг барчаси бу йилги пахтага ўз ходимларидан теримчиларни юборгани ёхуд терим кампаниясига молиявий ёрдам кўрсатганини билдиришди.
Тошкентда мебель ишлаб чиқарадиган фирмалардан бирининг ходими шу кунларда Сирдарё вилоятида 35 нафар ходими пахта тераётганини билдирди.
“Теримчиларимизнинг овқати, ётоғи ва пахта билан боғлиқ барча харажатлари фирмамиз ҳисобидан қопланяпти”, деди суҳбатдошимиз.
Озодлик билан суҳбатлашган майиши техника моллари билан савдо қилувчи ширкат вакилига кўра, улар теримчи чиқара олмагани боис, Тошкент шаҳар ҳокимлиги талаби билан корхона штатидаги барча ходимларнинг бир ойлик маошини пахта теримига молиявий кўмак сифатида ўтказиб берган.
“Фирмамизда директор билан ҳисоблаганда 10 киши ишлайди. Корхона кичкинароқ бўлгани учун одам чиқара олмадик. Шунинг учун ҳар бир ходимнинг бир ойлик иш ҳақини ўтказиб бердик. Ўртача ойлик 250 минг сўм атрофида бўлгани учун, жами 2,5 миллион сўмни шаҳар ҳокимлиги берган ҳисоб рақамига ўтказдик”, деди фирма вакили.
Тошкент ва вилоятлардаги Озодлик билан суҳбатлашган 20дан ошиқ хусусий тадбиркорлик субъекти вакиллари ҳам ходимларининг ўртача 5-10 фоизини пахтага жўнатишга мажбур бўлгани, теримчи беролмаганлари эса камида 2-3 кунлик иш ҳақларини пахта харажатларини молиялаш мақсадларига ўтказиб берганини билдиршди.
Энг қизиғи, Озодлик билан суҳбатлашган хусусий тадбиркорлардан бирортаси давлат сотиб фойдасини оладиган пахта учун пул тўлаётгани хусусида эътироз билдирмади.
Ўзбекистонлик сиёсатшунос Алишер Илҳомов бу вазиятни жорий йилги пахта мавсумида Ўзбекистон ҳукумати халқаро танқидларга жавобан ёш болаларни пахтага имкон қадар чиқармасликка ҳаракат қилаётгани билан изоҳлайди. Лекин, давлат пахта секторини ислоҳ қилиш истагида бўлмагани боис, мажбурий меҳнатга бўлган эҳтиёж сақланиб қолмоқда, дейди таҳлилчи.
- Буни давлат аҳолининг бошқа қатламлари ҳисобидан амалга оширмоқда. Пахта сектори, умуман қишлоқ хўжалиги секторини ташкил қилиш модели ўзгаргани йўқ ва мажбурий меҳнатга бўлган эҳтиёж аввалги даражада сақланиб қолмоқда. Чунки давлат пахта етиштирадиган бошқа мамлакатлардаги каби, бу соҳада тижорий муносабатларни шакллантириш учун, соҳани ислоҳ қилиш учун ҳеч нарса қилгани йўқ. Пахтадан тушадиган фойдани тўлиқ оладиган давлат, уни етиштириш, таннархидаги харажатларнинг барчасини аҳолининг зиммасига юкламоқда, дейди Илҳомов.
Ўзбекистон етиштирадиган 3 миллион тонна хом пахтадан олинган толанинг тахминан 600 минг тоннасини хорижга сотиши айтилади. Олинадиган фойда турли ҳисоб-китобларга кўра 1 миллиард АҚШ долларидан ошади. Лекин мамлакатдаги давлат ташкилотлари, хусусий ширкатларнинг деярли барчаси пахта теримига жалб қилинаётганидан мамлакат иқтисоди кўраётган зарар ундан ошиб тушиши ҳукуматни қизиқтирмаётган кўринади.
Таҳлилчи Алишер Илҳомов буни Ўзбекистон ҳукумати дунёқараши ўта торлигига йўяди.
- Иқтисодда мўъжизалар бўлмайди. Фойда олиш учун кимдир тўлаши керак. Тўлаётган эса ишидан чалғиётган, бизнесини тўхтатиб қўяётган аҳолидир. Бизнес даромадининг маълум миқдоридан воз кечишига тўғри келмоқда, оқибатда давлат ғазнасига тушадиган солиқ камаймоқда. Иқтисоднинг асоси бўлган талаб ва таклиф ўртасидаги мувозанат бузилмоқда. Иқтисодий фаолияти сусаймоқда. Пировардида эса иқтисодий ривожланиш даражаси тушиб кетмоқда. Бунинг ҳаммаси ҳукуматнинг жуда тор ўйлашга ўрганиб қолгани билан боғлиқдир. Уларни фақатгина бугун, ҳозир олинадиган фойда қизиқтиради холос. Лекин умуман олганда давлат ҳам, жамият ҳам катта зарар кўраётгани билан эса ҳеч кимнинг иши йўқ. Чунки мажбурлаш ва қуллик, давлат фуқаролар чўнтагига қўл суқиш билан иқтисодий ривожланиш бўлмайди, дейди таҳлилчи Алишер Илҳомов.
Ўтган ойда Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги хорижий ширкатлардан ҳам пахта мавсуми харажатлари учун пул ундираётгани маълум бўлди. Хусусан, Ucell мобил операторидан пахта мавсумига ҳомийлик тариқасида 50 минг АҚШ доллари талаб қилиб олингани TeliaSonera компаниясининг Швециядаги айрим ҳақдорлари тарафидан пора сифатида талқин қилинган эди.