Тошкентдаги “Минор” масжидида илк бор ҳайит намози ўқилди

Тошкентда янги қурилган Минор масжиди

Бугун ислом оламида мусулмонларнинг муқаддас байрамларидан бири бўлган Ид-аль-Адха, яъни Қурбон Ҳайити нишонланмоқда. Тошкентда янги қурилган ва Ўзбекистондаги энг маҳобатли масжидлардан бири сифатида айтилаётган “Минор” масжидида бугун илк бор намоз ўқилди.

4 октябрь куни Тошкентдаги “Минор” жомеъ масжидида илк жамоат ибодати – Қурбон ҳайит намози адо этилди. Ҳаво ҳарорати пасайиб, ёмғир шивалаб турганига қарамай, намозгоҳда бир неча минг чоғли мусулмон жам бўлди.

Тошкент шаҳар бош имоми Анвар қори Турсунов мавъиза қилди, жомеъ имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов ҳайит намозини ўқиб берди.

Ҳайит намози муносабати билан хавфсизлик чоралари кучайтирилди, масжидга олиб борувчи йўлларда бир чақирим масофада транспорт ҳаракати чекланди.

1 октябрь куни расман очилган ибодатгоҳ уч мингдан зиёд намозхонни ўз бағрига сиғдиради. Масжид қаршисидаги катта саҳнда ҳам кўп сонли киши ибодат қилиши мумкин.

Тошкентдаги “Минор” масжидида илк бор ҳайит намози ўқилди

Минор масжидини қуриш ишлари 2013 йил декабрь ойида бошланган. Ўшанда масжид асли ўзбекистонлик бўлган Россия олигархи Алишер Усмоновнинг маблағи ҳисобига қурилаётгани ҳақида гап-сўзлар тарқалган. Июнь ойида Алишер Усмоновнинг матбуот хизмати Минор масжиди қурилишига Усмонов ҳомийлик қилаётганини инкор қилган.

Шайх Абдулазиз Мансур Озодлик билан суҳбатда Минор масжиди Ўзбекистон ҳукумати ва Ўзбекистон Мусулмонлари идораси маблағига бунёд этилганини айтган.