Фарғона Политехника институтининг ҳашарчи-талабаси оламдан ўтди

3 октябрь куни Фарғона Политехника институтининг 2-курс талабаси, Риштон туманида пахта тераётган Шаҳноза Мирзажонова оламдан ўтди. Озодлик манбаларига кўра, Шаҳнозага далада касаллангани боис уйига рухсат берилган ва у уйига келганининг эртасига вафот этган.

23 яшар Шаҳноза Мирзажонова Фарғона Политехника институтининг Қурилиш факултетида Муҳандислик-коммуникациялар қурилиши ва монтажи мутахасислиги бўйича 2-босқичда таҳсил олаётганди.

Озодлик манбаларига кўра, 2 октябрь куни пахта тераётган Шаҳнозанинг соғлиги ёмонлашгани учун рухсат олиб уйига кетган ва 3 октябрь куни унинг вафот этгани ҳақидаги хабар келган.

Политехника институти раҳбарияти Шаҳноза Мирзажонованинг ўлимини пахта сиёсати билан боғламасликни сўради.

Институтнинг ўзини таништирмаган мулозимига кўра, Шаҳноза уйига бориб ҳаммом қабул қилаётган пайти оёғи сирпаниб йиқилиб тушган ва бошидан жароҳатланган.

Мулозимнинг айтишича, Шаҳнозанинг жароҳати оғирлиги учун ҳаммомда йиқилган жойида жони узилган.

Ҳозирда Шаҳнозанинг курсдошлари Риштон тумани далаларида пахта теришни давом эттирмоқда.

Шаҳнозанинг ўлими жорий йил пахта мавсумида Озодликка маълум бўлган 14- мудҳиш воқеадир.

Ушбу йилда пахта фронтида содир бўлган қолган 13 та воқеа билан махсус саҳифамизда танишинг.