Меҳрибонлик уйида ўсган 20 яшар қизга паспорт бериш учун қонун йўқ

Бир умр Ўзбекистонда яшаган, ўзбек тилини она тилим деб биладиган Татьяна Тимофеева 20 ёшда. У Тошкентдаги SOS-Ўзбекистон болалар маҳаллалари уюшмасида улғайган¸ яъни ота онасиз қолган болалар уйида ўсган.

Тошкентда 14 йилдан буён фаолият юритаётган ушбу меҳрибонлик уйидан чиққан юзлаб тарбияланувчиси орасида фақат Татьянанинг на фуқаролик паспорти, на фуқаролиги йўқлигини тасдиқловчи гувоҳномаси бор. Унинг ягона айби Тожикистон ҳудудида туғилганидир.

- Туғилишим билан уч ойдан кейин онам мени бу ерга олиб келган, дом малюткага топшириб ўзи кетган. Шу билан у йўқ. Қайтиб келмаган, хабар ҳам йўқ, дея ўзбек тилида гапиради Татьяна.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Татяна Тимофеева билан суҳбат

20 ёшли Татьянанинг туғилганлик гувоҳномаси Тожикистонннинг Хўжанд шаҳрида берилган. Айнан шу боис ҳам унга на Ўзбекистон фуқаролиги, на фуқаролиги йўқлиги шахс гувоҳномаси берилаётир.

- Сен Тожикистонда туғилгансан. Ҳеч бўлмаса ота-онанг ҳақида маълумот бўлганида ҳам бўлар эди”¸ дейди. Ота-онам ҳақида маълумот йўқ. “Биз Тожикистон ва Қозоғистонга бермаймиз” деяпти. “Вид на жительство берамиз” дейишаяпти. Аммо у ҳам бир ярим йилдан буён чўзилаяпти. “Умуман бермаймиз. Қонун ёпилган. Қонун очилишини кутаяпмиз. Қонун ҳозир йўқ” деяпти. Мен ОВИРга чиқдим, президент аппаратига, маҳаллага чиқдим. Бўлмади. Шу паспорт билан, фуқароликни ололмаётганим учун ишга жойлаша ололмаяпман, пулимни ололмаяпман. Нормальний яшай ололмаяпман, тушунасизми? Мен ҳозир кутсам ишга жойлаша олмайман. Пулим йўқ. Йиққан пулимга яшаяпман. Банкдаги пулимни олишим керак, ишга жойлашишим керак. Паспорт билан борсам, банкда счёт очилади. Ҳеч бўлмаса шу пулдан ишлатардим, дейди Таня.

Ҳужжат тўплаш жараёнида Татьяна Тимофеева Душанбе расмийларидан Тожикистон фуқароси эмаслигини тасдиқловчи маълумотнома ҳам олиб¸ уни ўзбек идораларига тақдим этган.

SOS болалар маҳалласида улғайган Татьяна Тошкентдаги радиотехника ва автоматика касб-ҳунар коллежида менежер мутахассислигини эгаллаган¸ аммо коллеж дипломини ҳалигача қўлига ололмаган:

- Паспортим йўқлиги учун коллеждан диплом ололмаяпман. Форма 4 билан борсам “биз унақа қоғоз билмаймиз, биз тепадан гап эшитамиз, қилиб бера олмаймиз паспорт билан келинг. Қилиб берамиз. Пулингизни ҳам қилиб берамиз дейишди.

Ўйлашмаяптики, мен бу ерда ишлашим керак, дипломимни олишим керак. Институтларга киргим келади, ўқигим келади, дейди Татьяна.

Ҳозир у Тошкент вилоятининг Зангиота туманида ойига 150 минг сўм тўлаб ижарада яшамоқда. "Бу кетишда яқинда ижара пулини ҳам тополмай қоламан"¸ деган Татьянанинг орзуси Ўзбекистон фуқаролигини олиш ва исмини шарқоналаштириш:

- Умримнинг охиригача Ўзбекистонда яшагим келади. Ўзбекистонимни ташлаб, ҳеч қаерга чиққим йўқ. Менга шу ер ёқади. Агар паспорт олсам¸ худо хохласа исмимни ҳам ўзгартириб юбораман. Самира исмини олмоқчиман. Ўзбек оилага, мусулмон оиласига турмушга чиқмоқдаман. Уларда Таня бошқача чиқади. Исмим ўзимга ёқмайди. Мен ўзбекча исм олмоқчиман. Ҳозир мана тўй бўлиб қолса¸ барибир ЗАГСдан ўтиш керак. ЗАГСда паспорт керак¸ тўғрими? дея яна саволга кўмади Татьяна.

Расмийлар жавоби

Татьяна Тимофеева улғайган Тошкентдаги SOS-Ўзбекистон болалар маҳаллалари уюшмаси ўз тарбияланувчисига паспорт олиб бериш бўйича ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган. Уюшманинг исми сир қолишини истаган вакилига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари Татьяна иши бўйича кутишни маслаҳат бериш билан чекланган.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг Озодлик боғланган мутасаддиси Танянинг иши ҳал бўлиши учун қонун йўқлигини иддао қилди:

- Қонун қабул қилиниши керак. Бу хорижий фуқаро. Фуқароликка мансублиги масаласи йўқ, пропискаси йўқ. Биринчи¸ пропискаси ҳал бўлиши керак. Қайси район бунинг аризасини кўриб чиқади. Шуни биз билмаймиз. Кейин ўша район бунга нима паспорт берилишини ҳал қилади. Бунинг учун қонун қабул қилиниши керак. Яқинда Вазирлар Маҳкамасининг 41-сонли қарори чиққан. Чет эл фуқароларини доимий пропискага қўйиш масаласи шунда ёритилган. Бу ҳозир вақтинчалик тўхтатилди. Ўзгартиш бўлмоқда. Унинг қўлига шахсини тасдиқловчи ҳужжат қилиб берганмиз. Бизнинг қўлимиздан келадигани шу маълумотномани берганмиз. Расмини ёпиштириб¸ шу одам Тимофеева деб берганмиз. Қонун бўлса мен унинг аризасини биринчи навбатда қабул қиламан. Унга зарурлигини мен ҳам тушуниб турибман, деди Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходими.

Татьяна каби Ўзбекистонда яшаётган минглаб инсонлар худди шундай муаммога дуч келмоқда. Марказий Осиёнинг давлатларида туғилиб, Ўзбекистонда яшаётган "форма-4" эгалари ҳамон паспорт кутиш билан яшамоқда.