Тошкентда бошланган Халқаро пахта ярмаркасида Ўзбекистон 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқроққа тенг пахта толасини сотмоқчи.
13-14 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган ярмаркада, ҳукумат расмийларининг билдиришича, жорий йилги мавсумда тайёрланадиган 600 минг тоннадан ортиқроқ пахта толаси сотувга қўйилади.
Тошкент ҳукумати ташкил қиладиган йиллик тадбирда бу сафар 40 мамлакатдан 300дан ошиқ ширкат вакиллари иштирок этиши айтилмоқда.
Айни пайтда Ўзбекистонда болалар ва катталар мажбурий меҳнати эвазига етиштирилган ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган йирик ширкатлар сафи ҳам кенгаймоқда.
Target, Walmart, C&A, Marks&Spencer, IKEA, H&M, Tesco каби дунёнинг 150дан ошиқ етакчи чакана савдо тармоғи ўз маҳсулотларида ўзбек пахтаси ишлатилишидан воз кечган.
Халқаро ташкилотлар танқидига қарамасдан Пахта-2014 кампанияси давомида ҳам юз минглаб ўзбекистонликлар мажбуран пахтага чиқарилмоқда. Ҳатто Ўзбекистон ҳукумати 18 ёшга тўлмаганлар пахтага чиқарилмаслигини ваъда қилган бўлса-да мактаб ўқувчиларининг пахта даласига ҳайдалгани кузатилди.
Ўзбекистонда ҳар йили териладиган 3,5 миллион пахта хом ашёсидан 1-1,2 миллион тонна пахта толаси тайёрланади ва қарийб 60 фоизи экспорт қилиниши айтилади.