Ҳукумат Skype, WhatsApp, Viber каби хизматларни тўсиб қўймоқда

Ўзбекистонда Skype, WhatsApp, Telegram, Viber, Mail.Ru агент каби хизматлар орқали овозли мулоқот қилишда муаммолар кузатилмоқда. Баъзи хабарларга кўра, давлатга қарашли “Ўзтелеком” алоқа ширкати бу хизматлар фаолиятини блок қилишга ҳаракат қилмоқда. Бу хизматлардан фойдаланаётган абонентлар ёзувли хабарлар билан алмашиши мумкин, лекин бир-бири билан гаплашиш имкони бўлмаётганидан шикоят қилишмоқда.

Ўтган ҳафтадан бери Skype, WhatsApp, Telegram, Viber, Mail.Ru каби VoIP интернет-телефон хизматларидан ўзбекистонлик абонентлар фойдалана олмаяпти.

Интернет-телефон воситасида гаплашмоқчи бўлиб бир-бири билан боғланган абонентлар бир неча сониядан ортиқ гаплаша олмаётганларидан шикоят қилишмоқда. Ўзбекистонликларнинг Озодликка айтишича, дастлабки сониялардан кейин алоқа сифати гаплашаётганлар бир-бирини тушунмайдиган даражада тушиб кетмоқда.

“Ростдан ҳам муаммо бўлаяпти. Ҳозир текшириб кўрдим. 7 секунддан кейин на унинг овоз, на сизнинг овозингиз эшитилади. Viber ҳам шунақа бўлаяпти. Лекин алоқа узилмайди, чунки Интернет бор”, деб ёзди Озодлик муштарийларидан бири 16 октябрь куни.

Баъзи хабарларга кўра, мазкур овозли хизматлар Ўзбекистонда интернет ва телефон алоқасини назорат қиладиган давлатга қарашли “Ўзтелеком” ширкати тарафидан махсус тўсиб қўйилмоқда.

Uznews.net нашрининг “Sharq Telekom” Интернет провайдеридаги ўз манбасига таяниб ёзишича, бу хизматларни тўсиш айнан “Ўзтелеком” тарафидан амалга оширилмоқда. Ташқи телефон ва интернет-трафик тўлалигича давлатга қарашли бу идора назоратидадир. “Бунда қайси технологиялардан фойдаланётганини аниқ айта олмайман, лекин овозли трафикни айнан “Ўзтелеком” блок қилаётганини ишонч билан айта оламан”, дея иқтибос келтирди нашр интренет мутахссис сўзларидан.

Озодликнинг информацион технологиялар бўйича мутахассиси Гленн Кейтс VoIP интернет телефон хизматларини тўсиш жуда осон дейди:

- Ҳозир кунда бу соҳада катта тажриба бўлгани учун бундай хизматларни тўсиш осонлашиб қолган. Бундан ташқари бир нарсани эътиборга олишингиз керак. Масалан, Ўзбекистон бугун Skype хизматини тўсиб қўймоқчи бўлса, буни бирданига амалга оширмайди. Улар буни аввалдан ўйлаб қўйган бўлиши керак, телеком ширкатлари ва Интернет провайдерларга, биз айтган пайтда муайан хизматларни тўсиб қўясиз, қабилида кўрсатма берган бўлиши керак. Чунки Интернет провайдерларнинг бу хизматларга доир протоколлари бўлади, яъни оддий қилиб айтганда, уларда алоҳида сайт ёки хизматларни истаган пайтда ўчириб қўйиш имкони бор. Ўзбекистонда бу айнан қандай амалга оширилаётганини айтиш қийин, лекин уларда бу протоколлар бўлиши керак, дейди мутахассис.

Ўзбекистонда Интернет хизматлари давлат томонидан қаттиқ назорат қилинади. Кўплаб мустақил интернет нашрлари ҳукумат тарафидан тўсиб қўйилгани боис халқаро ташкилотлар Ўзбекистон режимини "Интернет душмани", деб эълон қилган.

2011 йил март ойида Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш давлат қўмитаси мобил алоқа операторлари ва Интернет провайдерларга ҳукумат талаби билан ўз тармоқларини ўчириб қўйиш тўғрисида кўрсатма бергани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.

Гленн Кейтснинг айтишича, авторитар режимлар бундай хизматларни ўз мақсадларида блок қилса, телеком ширкатлари ҳам бундан манфаатдор бўлиши мумкин:

- Бу воситаларнинг кўпчилиги, айниқса, мобил телефонларда ишлатиладиган дастурларни телеком ширкатларининг ўзлари ҳам тўсиб қўяди. Чунки телеком ширкатлари бундай хизматларни ёқтирмайди. Чунки масалан, сиз WhatsApp ёки Viber хизматидан фойдалансангиз, мобил алоқа учун пул тўламайсиз. Шунинг учун ўтмишда бу хизматларни авторитар режимлар ҳам, ўз мобил хизматини сизга сотмоқчи бўлган телеком ширкатлари ҳам тўсиб қўйганига гувоҳ бўлганмиз, дейди Гленн Кейтс.

Ўзбекистондаги Ucell мобил алоқа оператори вакили, Озодлик билан суҳбатда, Skype ва Viber каби хизматлар махсус тўсиб қўйилаётгани йўқ, шунчаки алоқа сифатида камчиликлар бор, дея иддао қилди.

Озодлик радиосининг инфорацион технологиялар бўйича мутахассиси айни пайтда фойдаланувчиларнинг ўзлари қўйилган тўсиқни айланиб ўтиши мумкинлигини эслатади:

- Фойдаланувчилар VPN, прокси серверлар ёрдамида тўсиқларни айланиб ўтиши мумкин. Масалан, Skypeнинг созлаш бўлимига кириб прокси сервер орқали боғланишга мослаштириб қўйишингиз мумкин.

Skype, WhatsApp, Telegram, Viber, Mail.Ru абонентларининг айтишларича, текстли хабар алмашиш имкони ҳозирча очиқ қолмоқда.