АҚШда Эбола бемори билан учган самолёт йўловчилари қидирилмоқда

Техасдаги касалхона ҳамширалари бир неча кун давомида тегишли ҳимоя кийимисиз ишлашга мажбур бўлган.

АҚШ Президенти Барак Обама Эбола вирусининг Америкада тарқалиши олдини олиш учун жиддий чоралар кўрилишини ваъда қилди. Чоршанба куни АҚШда яна бир ҳамшира Эбола вирусини юқтириб олгани тасдиқланди. Расмийлар бу ҳамшира билан битта самолётда учган 132 йўловчини аниқлаш ҳаракатларини давом эттирмоқда.

Президент Барак Обама Эбола вируси билан боғлиқ вазиятни 15 октябрь куни ҳукумат вакиллари билан икки соат давомида муҳокама қилди. Учрашувдан кейин мухбирлар билан мулоқот қилган Обама Эболанинг Қўшма Штатларда кенг тарқалиши эҳтимоли “жуда кам”, лекин бунинг учун тегишли чоралар кўрилиши лозим дея таъкидлади.

- Бу касалликнинг Қўшма Штатларда кенг тарқалиши олдини олишимиз мумкинлигига ишончим комил. Лекин Ғарбий Африкада Эбола эпидемияси назоратдан чиқиб кетадиган бўлса, бу қийин бўлади. Агар бу рўй берадиган бўлса, эпидемия бутун дунё бўйлаб тарқалиши мумкин, деди Обама.

Прездиент Обама 15 октябрь куни Британия, Франция, Германия ва Италия раҳбарлари билан виедо-конференция воситасида Эбола муаммосини муҳокама қилди ва вазиятни назоратга олиш учун халқаро ҳамжамият кенгқамровли чора кўриши керак, дея таъкидлади.

Чоршанба куни АҚШнинг Даллас шаҳрида яна бир ҳамшира Эбола вирусини юқтириб олгани тасдиқланди. Бу ҳамшира Эболадан ўлган беморни даволагани аниқланди. Расмийлар шунингдек, ҳамширада ҳалокатли вирус аломатлари аниқлангунига қадар у йўловчи самолётда учганини маълум қилишди.

Шу сабабдан мутасадди идоралар Кливленддан Далласга бу ҳамшира билан битта самолётда учиб келган 132 йўловчини аниқлашга ҳаракат қилмоқда. Йўловчилардан зудлик билан махсус ташкил қилинган фавқулодда марказга мурожаат қилиш сўралмоқда.

Мутахассисларга кўра, Эбола вируси беморда касаллик аломатлари кузатила бошлагандан кейингина бошқаларга юқиши мумкин.

13 октябрь куни Далласга учиб келган Frontier Airlines ширкатига қарашди 1143-рейс экипажи ҳамширада ўша куни касаллик аломатлари кузатилмаганини айтмоқда. Лекин унда касаллик белгилари 14 октябрь куни эрталаб кўрина бошлаган ва кўп ўтмай унда Эбола вируси борлиги аниқланган.

Айни пайтда, АҚШдаги йирик ҳамширалар касаба уюшмасининг айтишича, тиббиёт ходимлари иккала ҳамшира ишлаган касалхонада протоколларга амал қилинмаганидан шикоят қилмоқда. Айни касалхонада АҚШда Эбола ташҳиси қўйилган илк бемор даволанган.

Техасдаги касалхона ҳамширалари касаба уюшмасига бир неча кун давомида тегишли ҳимоя кийимисиз ишлашга мажбур бўлгани ва вирус тарқалишининг олдини олиш бўйича етарли кўрсатма олмаганларида шикоят қилган.

Ҳамширалар миллий касаба уюшмаси вакили Дебора Бёргернинг айтишича, Эбола билан касалланган либериялик бемор Томас Эрик Дункан касалхонага келтирилганда бир неча соат давомида очиқ жойда қолдирилган.

Унинг айтишича, ҳамширалар ичи кетиб қусган беморга муолажа қилаётган пайтда касаллик юқмаслиги учун кийимларининг очиқ жойларини пластир ёрдамида ёпишга мажбур бўлган.

Касалликни Либерияда юқтириб олгани айтилаётган Дункан 8 октябрь куни Даллас касалхонасида вафот этган эди. Расмийлар касалхонанинг 76 нафар ходими Дункандан касалликни юқтириб олган бўлиши мумкин, дея уларни ҳозирда назоратга олган.

Шунингдек Дункан касалхонага қабул қилинишидан олдин у билан мулоқот қилган 48 киши ҳам тиббиёт ходимлари назоратига олинган.

Эбола вируси эпидемияси Ғарбий Африкада март ойида бошланганидан бери касалликдан 4500га яқин одам вафот этди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, ўлимлар сони ҳар уч ҳафтада икки баробарга кўпаймоқда.

Ташкилот Либерия, Сьерра-Леоне ва Гвинеяда кузатилаётган касаллик кўлами декабр ойига қадар ҳар ҳафта 10 минг кишининг вирусни юқтириб олишига олиб келиши мумкин, дея огоҳлантирмоқда.