Россия Президенти Владимир Путин бугун эрталаб Миланда Европа Иттифоқи етакчилари ҳамда Украина Президенти Петро Порошенко билан нонушта қилди. Пайшанба куни кечаси Путин Германия Канцлери Ангела Меркель билан музокраларда Украина бўҳрони юзасидан ўзаро келишмовчиликларни ҳал қила олмади.
Миланда ўтаётган икки кунлик Европа-Осиё саммити кун тартибининг асосий эътибори Украинада давом этаётган қуролли тўқнашувга қаратилмоқда. Сулҳ эълон қилинганига қарамасдан мамлакат шарқида ҳукумат қўшинлари билан россияпараст айирмачилар ўртасидаги жанглар давом этмоқда. Ғарб Россияни Украина шарқига қўшин ва қурол юбораётганликда айбламоқда.
Жума кунги нонуштани Путин, Меркель ва Порошенко билан бирга Франция Президенти Франсуа Олланд, Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон, Италия Бош вазири Маттео Ренци ҳамда ЕИ раҳбарлари Ҳерман Ван Ромпей ва Жозе Мануэль Баррозо баҳам кўрди.
Ярим тундан кейингача чўзилган Путин-Меркель учрашувидан олинган расмларда икки етакчи музокара столининг қарама-қарши тарафида бир-бирига юзларида табассумсиз тикилиб турганини кўриш мумкин.
Кремль улар ўртасида “Украина ички можароси келиб чиқиши ҳамда у ерда ҳозирда рўй бераётган воқеалар сабаблари хусусида жиддий келишмовчиликлар сақланиб қолмоқда”, дея баёнот тарқатди.