Франциядаги икки нодавлат ташкилот Ўзбекистон ва Франция ташқи ишлар вазирларининг Парижда ўтаётган "яширин учрашувлари"да фуқаровий жамият вакиллари қатнашишига имкон берилмаганидан норози бўлди. Фаоллар Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари поймол этилаётган, баъзи қамоқхоналарда маҳбуслар ҳожатхона учун 4 соатлаб навбат кутаётган пайтда Ўзбекистон расмийлари билан бу таҳлит учрашишни "демократик тамойилларга зид" деб қоралади.
Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси ва Қийноқларни тугатиш учун курашиб келаётган АCAT ҳаракати Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг Франция Ташқи ишлар вазири билан Парижда ўтаётган учрашувларини "яширин" дея танқид қилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи ҳар икки ташкилот қўшма баёнотда айтилишича, 6-7 ноябрь кунлари Парижда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Франция Ташқи ишлар вазири Лоран Фабиус етакчилигидаги икки давлат делегациясининг кенг кўламли учрашувлари бўлиб ўтмоқда.
Бу учрашувлар ҳақида Франция Ташқи ишлар вазирлиги сайтида бирор маълумот берилмаган.
Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси раҳбари Надежда Отаева учрашувлардан 5 ноябрь оқшомида франциялик сармоядорларга Интернетда эълон қилинган таклифнома орқали воқиф бўлганини айтмоқда:
- Шундан сўнг биз дарҳол Франция Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтига кирдик ва у ерда ҳеч қандай хабар берилмаганига гувоҳ бўлдик. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири билан учрашув Лоран Фабиуснинг кун таритибига ҳам киритилмаган. Одатда, бунақа учрашувлар ҳақида Ўзбекистон расмий матбуоти шовқин-сурон билан хабар қилади. Лекин, Франция Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон мулозимлари билан учрашувларини сайтида эълон қилмай, матбуот, фуқаровий жамият вакилларига билдирмай ўтказганига бир неча бор гувоҳ бўлдик, - деб таъкидлади Надежда Отаева.
Фаол бундай учрашувларда муҳокама этиладиган масалалар сирасида Ўзбекистон ҳукуматидан мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазиятининг қанчалик ўнгланаётгани ҳақида ҳисоб сўралмаслиги кундай аён, деб ишонади.
- Бу учрашувлар кун тартиби ҳақида ҳам ҳеч қанда маълумот йўқ. Биз биламизки, иккала вазир учрашади, улар билан бирга икки давлат ишбилармонлари ва бизнес вакиллари, одатдагидек, сармоявий лойиҳаларни муҳокама қилади. Лекин аниқки, учрашувларда фуқаровий жамият вакиллари қатнашишига имкон берилмади ва бу Франция ҳукумати даъво қиладиган демкоратик тамойилларга зиддир, - деди ҳуқуқ фаоли.
2005 йилда Андижон воқеаларидан сўнг ЕИ Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан жорий қилинган санкциялар бироз ўтиб бекор қилинган бўлса-да, Франция ҳукумати Тошкент билан мулоқотларда элементар демократик тамойиллардан бири - инсон ҳуқуқларига риоя этишни мунтазам талаб қилиши зарур, деб таъкидлайди яна фаол.
- Ваҳоланки, санкциялар бекор қилинганидан буён Ўзбекистонда аҳвол фақатгина оғирлашди. Сиёсий маҳбуслар сони ошди, қийноқлар қўллаш амалиёти фақат кенгаймоқда. Қамоқхоналарда ўлим ҳоллари кўпайди, маҳбуслар учун, ҳатто санитар шарт-шароит ҳам йўқ. Ҳожатхонага кириш учун маҳбуслар 4 соатлаб навбат кутаётганига оид конкрет фактлар бор бизда, - деб таъкидлайди Надежда Отаева.
Маҳбуслар ҳожатхона учун 4 соатлаб навбат кутиши ҳақидаги мактуб Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги 64/1-сонли колониядан Надежда Отаева ташкилотига келган ва қарийб 4 минг маҳбус сақланадиган қамоқхонада атиги 20 та ҳожатхона борлиги, қишли-қировли кунларда маҳбуслар навбатда туришидан арз қилинган.
- Шундай мураккаб вазиятда Франция ҳукумати Ўзбекистондаги каби ҳукуматлар билан мулоқотда катта масъулиятга эга. Зеро, Франция Қийноқларга қарши конвенцияни имзолаган. Шу боис, Ўзбекистон каби режимлар билан матубот ва жамоатчиликдан яширин учрашувлар ўтказиши мутлақо мумкин эмас. Аксинча, бундай режимлардан инсон ҳуқуқларига риоя этишни талаб қилиши, фуқаровий жамият фаоллари талабларига қулоқ тутиши ва Ўзбекистонга нисбатан сиёсатини ўзгартириши керак, дейди Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси раҳбари Надежда Отаева.
Франция-Ўзбекистон бизнес лидерлари кенгаши расмий сайтида чоп этилган таклифномада берилган маълумотга кўра, Парижга борган ўзбек делегациясига Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар ва инвестициялар вазири ўринбосари Шавкат Тўлагановлар бошчилик қилмоқда.
Делегацияларнинг 6-ноябрь куни бўладиган учрашувда иккитомонлама иқтисодий алоқалар ва сармоя киритишга мўлжалланган лойиҳалар муҳокама этилиши айтилган.