Тошкент вилояти милицияси собиқ бошлиғи "рейдерлик" қилгани иддао қилинмоқда

Ўтган ойда ишдан олинган Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Абдумажид Муллажоновнинг тақдирига оид хабарлар келмоқда. Муллажонов атрофидаги ҳодисалардан яхши хабардорлигини иддао қилган манба, Ўзбекистондаги нуфузли оилалардан бирининг вакили бундай тарзда ҳокимиятдан четлатилиши унинг катта миқдордаги маблағларни ўзлаштиргани билан боғлиқ демоқда. Бу манбанинг айтишича, Муллажонов пора бериш, тадбиркорлик объектларини ноқонуний сотиб олишда айбланиб, бир ойдан бери Миллий хавфсизлик хизмати томонидан тергов қилинмоқда. Лекин бу иддаоларни Озодликнинг бошқа мустақил манбалари тасдиқлашмади.

Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Абдумажид Муллажонов ишдан олингани ҳақида Озодлик 28 октябрь куни хабар қилган эди. Собиқ милиция бошлиғи Ўзбекистон Маркази банки раиси Файзулло Муллажоновнинг ўғлидир. Мамлакатдаги энг нуфузли шахслардан бири ҳисобланган Муллажонов оиласи вакилининг ишдан олиниши кўпчилик тарафидан Ўзбекистон ҳокимият тузилмаларида жиддий ўзгаришлар рўй бераётганига ишора сифатида қабул қилинди.

Озодлик бу ҳақда хабар бериши ортидан таҳририят билан боғланган ва ўзини бу ишдан яхши хабардорлигини иддао қилган манба Муллажоновнинг ишдан кетишига олиб келган жараён шу йилнинг март ойида бошлананини таъкидлади.

Унинг айтишича, кейинги ойларда МХХ тизимининг ўзида кўплаб шов-шувли ишдан ҳайдаш ва ҳибсга олишлар рўй бергани боис Муллажонов билан боғлиқ тергов тўхтаб қолган.

Манбанинг яна иддао қилишича, Абдумажид Муллажонов ҳозирда МХХ тергов изоляторида ҳибсда сақланмоқда ва Ўзбекистон Жиноят кодексининг камида иккита –– 211- ва 212-моддалари, яъни пора бериш ҳамда пора бершда воситачилик қилиш айблари билан тергов қилинмоқда.

Лекин Озодликнинг бир-биридан мустақил манбалари Муллажоновнинг қамалгани тўғрисидаги иддаоларни инкор қилишди.

Хусусан, Ўзбекистон ҳокимиятида ўз ишончли манбалари бўлган Узметроном нашри бош муҳаррири Сергей Ежков, собиқ милиция бошлиғи ҳақида бошқа маълумотлари борлигини билдирди.

- Мендаги маълумотларга кўра, у кадрлар резервида қолмоқда, деди Ежков.

Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаси ҳам буни тасдиқлай олмаслигини билдирди.

Ўзбекистондаги нуфузли оиланинг вакили бўлган Муллажоновни яқин истиқболда нима кутмоқда, деган саволга Озодлик манбаси “у ҳозир кутиш жараёнида. Унга ё иш беришади, ё беришмайди”, дея билдирди.

Айни пайтда, кузатувчилар Ўзбекистоннинг энг нуфузли оиласи фарзанди Гулнора Каримова бош прокуратура тарафидан тергов қилиниб, уй қамоғида қолаётгани Ўзбекистонда дахлсиз шахс йўқлигини кўрсатади демоқда.

Айни пайтда, Озодлик билан боғланган манба Абдумажид Муллажонов рейдерлик орқали мамлакатдаги қатор йирик тадбиркорлардан бизнесини тортиб олган, дея иддао қилди.

“Абдумажид Муллажоновнинг ишдан олинишига сабаб Юнусобод ва Сергили туманларида ZTE Petroleum МЧЖга тегишли заправкаларни (АЁҚШ-таҳр.) ноқонуний ташкил қилинган кимошди савдоси орқали сотиб олган. Бунинг учун биржадагиларга 700 минг АҚШ доллари миқдорида пора берган”, дея иддао қилади манба.

Унинг яна айтишича, автомобилга ёнилғи қуйиш шохобчаларини ноқонуний ўзлаштириш схемасида иштирок этганлик гумони билан март ойидан бери камида 34 киши, жумладан Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек хўжалик суди, тадбиркорлик объектларини баҳолаш билан шуғулланадиган идора ходимлари ва бошқалар ҳибсга олинган. Яна кўплаб одам тергов идоралари томонидан қидирувга берилгани иддао қилинмоқда.

“МХХ ҳибсга олганларнинг айримлари Абдумажид Муллажоновга қарши кўрсатма берган. Муллажоновнинг Сирдарё вилоятида ҳам 30-40та метан газини қуйиш шохобчалари бўлган. Уларнинг барчасида ҳозир текширув кетмоқда”, дея иддао қилди яна манбамиз.

Озодликка ўзини Муллажоновга доир воқеалардан бевосита хабардор эканини иддао қилган манба бошқа тафсилотларни ҳам гапириб берди.

Унинг айтишича, Абдумажид Муллажонов ҳозирда Ўзбекистон тергов идоралари тарафидан қидирилаётган ва айрим маълумотларга кўра, Бирлашган Араб Амирликларида яшириниб юрган Баҳодир Каримжоновга қарашли объектларни ҳам мулк биржаси орқали арзонлаштирилган нархда сотиб олган. Ўзбекистонда Бохо Шакар лақаби билан танилган Каримжонов 2013 йил бошида мамлакатни тарк этган ва қидирувга берилган.

Манбанинг иддао қилишича Бохо Шакарга тегишли мева-сабзовотларни сақлаш корхонаси тадбиркор қидирувга берилиши ортидан Абдумажид Муллажонов томонидан ўзлаштирилиб, Fresh Green Agro ширкати сифатида унинг яқинлари номига расмийлаштирилган.

“Fresh Green Agro Муллажонов хотинининг Ихтиёр исмли укаси номига расмийлаштирилган эди. Бу фирманинг Сирғалида мева сақлаб берадиган музлатгичлари бор. Бундан ташқари Муллажонов назорат қилган бензин ва газ қуйиш шохобчалари ҳам унга расмийлаштирилган эди”, дея иддао қилади манба.

Манба бу расмда ҳозирда БААга қочган Марказий банк раисининг куёви Азиз Сабуров тасвирланганини иддао қилди. Озодлик бу шахснинг ҳақиқатан А. Сабуров эканини тасдлиқлата олганича йўқ.

Бундан ташқари, бу фирибгарлик схемаларида иштирок этган Муллажоновнинг Азиз Сабуров исмли куёви ҳам ҳозирда Бирлашган Араб Амирликларига кетиб қолганини айтади яна бу манба.

“Азиз республика Саноатқурилиш банкида ишлаган. У ҳам АЁҚШларнинг баъзиларини назорат қилар эди. Бу ишлар бошланганидан кейин у дарҳол ишдан бўшаб, Дубайга кетиб қолди”, дея иддао қилди манба.

Муллажонов атрофидаги воқеалардан хабардор эканини айтган манбанинг бу иддаолари расмийлар томонидан изоҳлангани йўқ. Озодлик бу ва Муллажонов тақдирига алоқадор бошқа иддаоларни текширишда давом этади.