“Жиҳодга кетганларнинг кўпи ўзбеклардир”

Суриялик йигит отишмалар пайтида яраланган болакайни касалхонага олиб кетмоқда.

Қирғизистон Дин ишлари давлат комиссиясининг жанубий вилоятлар бўйича масъули Курбанбай Узаков мана шундай иддаони билдирди. "Бугуннинг гаплари" дастурида халқаро террорчилик ва экстремизмга қарши кураш бўйича эксперт Бегижон Аҳмедовнинг айни мавзудаги фикрлари билан таниша оласиз.

Қирғизистон Дин ишлари давлат комиссиясининг жанубий вилоятлар бўйича масъули Курбанбай Узаков Сурияга кетаётган қирғизистонликларнинг кўпи Ўш ва Жалолобод вилоятларидан эканини таъкидлади:

-Ростини айтганда, ўзбек миллатига мансуб ёшларимиз кўпроқ кетаяпти. Яқинда Ўшда илмий-амалий анжуман ўтказдик. Мана шу анжуманда ўзбеклар ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириш масаласи кун тартибига қўйилди, - деди Курбанбай Узаков.

"Бугуннинг гаплари" дастурининг меҳмони - халқаро террорчилик ва эстремизмга қарши кураш бўйича эксперт, 200дан ортиқ мақолалар ва илмий тадқиқотлар муаллифи, жамоат арбоби Бегижон Аҳмедов билан мана шу мавзуда суҳбатлашдик.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Бугуннинг гаплари меҳмони Бегижон Аҳмедов

Бундан бир неча ой олдин Қирғизистондан Сурияга жиҳод қилгани кетганлар сони 70 киши атрофида экани айтиб келинган эди. Расмий маълумотларга таянсак, айни пайтда бу кўрсаткич икки баробардан ортиқроққа кўпайиб, 150 кишига етган.

Бир неча кун олдин Ўш вилоятининг Аравон туманидан икки оила бола-чақаси билан Сурияга жиҳод қилиш учун кўчиб кетгани аниқланди.

Бундан ўн беш кун аввал Ўш шаҳар милицияси Ўшда 9-синф ўқувчиси ўз синфдошларини “Сурияда жиҳод қилишга чорлагани” ҳақида маълумот тарқатган эди. Милиция расмийлари Ўшдаги мактаблардан бирида 8-синфини битириб, Россияга ишлагани кетгани айтилаётган Ҳасанбой исмли ўсмир синфдошларини интернет орқали жиҳод қилишга чақиргани ва тенгдошларига руҳий-маънавий босим ўтказгани тўғрисида гапирган.

Қирғизистон Дин ишлари Давлат комиссиясининг масъули Курбанбай Узаковнинг фикрича, одамларнинг “жиҳод қилиш” орзусида Сурияга чиқиб кетаётганига диний саводсизлик асосий сабаб бўлмоқда.

Сурияда Қирғизистоннинг ўзларини “жиҳодчи” деб атаган фуқаролари орасида 10га яқин аёл борлиги айтилади. Қирғизистон расмийларининг билдиришича, йил бошидан бери Сурияга одам ёллаш бўйича 15та факт аниқланиб, 8та жиноят иши очилган.