Тошкент боғчаларига ўз ҳисобидан қишга сабзавот ғамлаш топширилди

Тошкент шаҳридаги болалар боғчаларига ўз ҳисобидан қишга қўшимча пиёз, сабзи ва картошка захирасини ғамлаш буюрилди. Озодликка шикоят қилган боғча мудираларининг айтишича, қишки захира учун бюджетдан пул ажратилмаяпти ва барча харажатлар, одатдагидек, тарбиячилар ҳамда ота-оналар зиммасига тушмоқда.

Тошкент шаҳридаги боғчаларнинг ўз ҳисобидан қишга қўшимча сабзавот ва картошка захирасини йиғиш ҳақидаги буйруқ шаҳар халқ таълими бошқармаси томонидан берилди.

Бу ҳақда исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган боғча мудираларидан бирига кўра, пахтага одам чиқариш, сайлов участкаларини безаш каби топшириқлардан безиган боғча тарбиячилари энди қишга сабзавот захира қилишга мажбурланган:

“Бир тонна картошка ва бир тонна пиёз захира қилишимиз керак экан. Лекин бунга бир тийин ҳам пул ажратилгани йўқ. Пахтага одам чиқар дейишди, ходимларимнинг маошидан ушлаб қолиб мардикор ёлладик. Сайлов участкаларини безатинглар деди, ёнимиздан пул тўплаб қилиб бердик. Энди захирага яна ходимларимдан пул йиғишим керак, бу топшириқлардан чарчаб кетдик”, деди боғча мудираси.

Унинг айтишича, давлат томонидан кундалик равишда берилаётган сабзавотдан ташқари қўшимча равишда қишга сабзавот ғамлаш эҳтиёжи нега пайдо бўлгани ҳақида тушунтириш берилмаётир.

Сирғали тумани халқ таълими бўлимининг ўзини Баҳром, деб таништирган мулозими ҳақиқатан ҳам қишга сабзавот ва картошка ғамлаш ҳақида топшириқ бўлганини тасдиқлар экан, бунинг сабабини очиқламади:

- Бунинг моҳиятини келсангиз тушунтириб бераман, телефонда маълумот бермайман, - деди халқ таълими бўлими мулозими.

Тошкент шаҳридаги боғчалардан яна бирининг мудирига кўра, қишга қўшимча захира йиғишда улар ота-оналар ёрдамига суянишга қарор қилган:

- Бир тоннага яқин картошка ва 600 кило пиёз тайёрлаб қўйдик. Келиб расмларга ҳам олиб кетишди. Харажатини родительский фонддан қилдик. Бюджетдан пул беришгани йўқ, - деди боғча мудираси.

Учтепа туманидаги боғчалардан бирининг мудираси эса захира боғча тарбиячиларининг пуллари ҳисобига қилинаётганини айтди:

- Бу бюджетдан эмас. Ишчиларимизнинг ойлиги ҳисобидан бўлаяпти. Биласизми, биз қандай йўл топдик?! Масалан, барибир ҳар бир тарбиячимизнинг ўзига шу сабзавот қишда керак. Кимга қанча картошка ёки пиёз керак бўлса, завхозимизга список қилиб пулини берди. Завхозимиз Қўйлиқ бозоридан олиб келиб қўйди. Шуни кўрсатиб қутулдик. Энди, қиш пайтда ходимларимиз бозорга югуриб юрмайдию, рўзғорига кераклисини складдан олиб кетаверади. Бошлиқлар ҳам хурсанд, бизга ҳам қулай бўлади, - деди ишбилармон боғча мудираси.

Мудира Тошкентдаги боғча ва яслилар керакли озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаб турилган бир пайтда, бундай ортиқча мажбурият кимнинг ташаббуси эканини ҳам билолмай ҳайрон эканини қўшимча қилди.

Исмини очиқламаган боғча мудираларидан бири янги ташаббус сабабини боғча таъминоти учун бюджетдан келадиган пул чўғи озайганига боғлади:

- Қиш қаттиқ келган пайтда базаларда сабзавотлар музлаб қолади. Биз эса ўзимининг складларда устини ўраб, авайлаб сақлаймиз. Асосан, шу сабаби. Бюджетда эса бунга пул ажратилмаган. Шунинг учун ўзларинг захира қилинглар деб айтишяпти, - деди боғча мудираларидан бири.

Ўзбекистоннинг халқ таълими тизимидаги муассасалар маҳаллий ҳокимиятларнинг текин мардикорларига айланиб қолгани кузатилмоқда.

Жорий йилда Тошкент шаҳридаги мактаблар ва боғчаларга пахта теримига одам ёллаб жўнатиш топшириғи юклатилган эди.

Ўзбекистон парламентига ўтказиладиган сайловлар учун белгиланган участкаларни безаш, плакатлар ёзиш Тошкент шаҳар боғча мудираларига топшрилгани ҳақида Озодлик ўтган ҳафтада хабар берган эди.