Компроматлар кампанияси кичик Ислом Каримовни нишонга олди

Президент Ислом Каримовнинг невараси Ислом Каримов. (Расм "Ўзбекистон халқ ҳаракати" сайтидан олинди)

Кейинги бир ҳафта ичида Ўзбекистон президентининг невараси Ислом Каримовнинг шахси ҳақорат қилинган ва унга оид конфиденциал маълумот ҳамда фотосуратлар илова қилинган бешта мақола эълон қилинди. Мамлакат ташқарисидаги бир нечта веб нашрлар тарафидан эълон қилинган қораловчи мақолалар ўтган ҳафта кичик Ислом Каримовнинг ББС мухбири Наталья Антелава билан Лондонда ўтказган видеосуҳбатидан кейин пайдо бўлгани кузатилди.

Туркум мақолаларнинг биринчисида Акрам Мансур деган номаълум автор “Ислом Каримов тилини тиймаса” унга нисбатан “эътирозлар” яна пайдо бўлишини айтиб, таҳдид қилади.

Жумладан, Ўзбекистон Халқ ҳаракати сайтида эълон қилинган туркум мақолаларда кичик Ислом Каримов ароқхўр, банги¸ муттаҳам ва фоҳишабоз сифатида тасвирланган.

Ўтган ҳафта охирида эълон қилинган мақолаларда президент невараси “ўзини мухолифатчи қилиб кўрсатишга уринмоқда", аслида эса, “фаҳшга берилган, бачкана ва ҳеч нарсага ярамайдиган лапашанг” қабилида тасвирланган.

Бу “мақола”ларни таҳлил қилган тошкентлик мустақил журналист Алексей Волосевичнинг Озодликка айтишича¸ Ислом Каримовнинг неварасига компромат манбаини биринчи оиланинг ўзидан қидириш керак.

Ҳақиқий портрет?

Интернетда эълон қилинган мақолаларнинг номлариданоқ нима мақсад кўзлангани аëн бўлади:

“Узбекская сага: ху из Ислам Каримов-джуниор?”¸ ( Ўзбек сагаси: кичик Ислом Каримов ким ўзи?) “Кто теперь оплатит наркоту и вечеринки?”(Наркотик ва базми жамшидларнинг пулини ким тўлайди?), “Узбекская сага: второе явление Ислама-джуниора народу” (Ўзбек сагаси: Кичкина Исломнинг халққа намоëн бўлиши) "Не получается с девками, так пойду во власть" или Честный портрет внука узбекского президента” ( Қизлар билан ишим юришмаса, ҳокимиятга келаман ëки Ўзбекистон президенти неварасининг ҳақиқий портрети).

Акрам Мансур¸ И. Агзамов деган номаълум авторлар ва ҳеч ким билмайдиган “Мустақил журналистлар уюшмаси” вакили Ш. Юлдашев каби аноним муаллифлар эълон қилган мақолаларда Ўзбекистон президенти неварасининг шахсий ҳаëтига оид тафсилотлар эълон қилинади.

Бу мақолаларни таҳлил қилган тошкентлик мустақил журналист Алексей Волосевич эътиборни мазмунга эмас, контекстга қаратади.

- Мақолаларнинг айнан неваранинг Би-Би-Сига интерью берганидан кейин урчигани тасодиф эмас. Интерьвюда у бувиси Татяна Каримова Ўзбекистон президентини ахборот изоляциясида тутиб турганликда айблаган эди. Бу интервюдаги тўғри гап кимгадир қаттиқ ëқмаган кўринади. Шу боис дарҳол бу мақолалар пайдо бўлди. Мақолалар неварани ëмон отлиқ қилиш мақсадидагина ëзилган. Мақолалардаги асосий мужда – набира Каримов ëлғончи ва унинг гапига ишонманглар деган гап. Мақолардан бирида¸ агар у жим бўлмаса¸ яна янги мақолалр чиқиши ҳақида огоҳлантириш ҳам бор,- дейди суҳбатдош.

Мақолалардан бирига кичик Ислом Каримов чилим тутатиб турган расм илова қилинган. (ЎХҲ сайтидан олинди.)

Алексей Волосевичнинг бу гапига исбот ўлароқ¸ ушбу мақола ëзилаëтган пайтда кичкина Каримовга қарши яна бир “мақола” сиздирилди.

Ҳажвия тарзидаги бу мақола “Ислам Каримов-младший: “Мама будет рвать всех подряд! (Кичкина Ислом Каримов: Онам ҳаммангизни йиртади), деб номланган.

Ҳажвияга кичик Ислом Каримовнинг хоразмча чўгирма кийиб¸ чилим чекиб тушган икки расми ҳам илова қилинган.

Каримов оиласи Каримовга қаршими?

Алексей Волосевичнинг айтишича¸ ушбу мақолаларда кичкина Ислом Каримовга оид илгари сира кўрилмаган янги фотосуратлар эълон қилинган.

Бу фотосуратларда қадах кўтариб¸ ëки қимматбаҳо шароб шишасини оғзидан сипқариб турган кичкина Ислом Каримов акс этади.

Мақолаларда Ўзбекистон президенти неварасининг мижози сустлиги¸ пул олиб қайтариб бермаслиги ва ҳашаматга ўчлиги иддао қилинади.

Фотосуратлардан бошқа ҳеч қандай далил келтирилмаган бу иддаолар президент неварасини айблаш учун етарли эмаслиги ҳақида тошкентлик мустақил журналист Алексей Волосевич гапиради:

- Ҳар қандай одамнинг архивида уни аҳмоқона тарзда кўрсатувчи ўнлаб фотосуратлар бўлиши мумкин. Бундай суратларни эълон қилиб¸ ҳар қандай одамга айб ëпиштириш ҳам мумкин. Бу мақолаларда ëш ва бадавлат ўспириннинг ҳаëт тарзини кўрамиз холос. Бу ëш йигит онасининг базму жамшидлари соясида улғайган ва шундан бошқа нарсани кўрмаган. Аммо бу ҳали жиноят эмас. Бу ҳолатда биз кичкина Каримовга қарши қоралаш маъракаси ҳақида гапира оламиз. Компромат ëмғирини ëғдиришмоқда. Тахминимча, бу компроматни унинг бувиси Татяна Каримова уюштирган,- дейди журналист.

Суҳбатдошга кўра¸ шу пайтгача мухолифат ва фуқаровий жамият фаолларига қарши ишлатиб келинган бўхтон қуроли энди биринчи оила мансубларини нишонга олмоқда.

Кичкина Каримов шу йил 12 ноябр куни Би-Би-Сига берган иньтервюсида “Мен ҳам нишонга айланганман” деб таъкидлаган эди.

Аламзадалар қасоси?

Швейцарияда яшовчи сиëсий фаол Сафар Бекжон фикрига кўра¸ кичкина Каримовга қарши сиздирилган компромат ундан зарар кўрган ва ҳозир чет элда яшаëтган Гулнора Каримованинг собиқ ҳамкорлари ва қўриқчиларидан чиққан бўлиши ҳақиқатга кўпроқ яқин.

Ўзбекистон президентининг невараси 22 яшар Ислом Каримов шу йилнинг 2 январидан кейин Тошкентни тарк қилиб, Лондонда яшаëтгани айтилади.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда уй қамоғига олингани айтилаётган онаси Гулнора Каримова ҳақида хорижий матбуотга бир нечта интервью берган 22 ёшли Ислом Каримов бобосининг режимига қарши курашга отланганини эълон қилган эди.

Ўзбекистон президентининг невараси кичкина Ислом Каримов мамлакат бош прокуратураси томонидан “уюшган жиноий гуруҳга” аъзоликда айбланаётган Гулнора Каримова ва америкалик ўзбек миллионер Мансур Мақсудийнинг тўнғич ўғлидир. Шу йил бошроғида уй қамоғига олингани тахмин қилинаётган Гулнора Каримова Европанинг қатор мамлакатларида ҳам пул ювиш ва бошқа иқтисодий жиноятларда айбланиб, тергов қилинмоқда.