Украинадаги олий ўқув юртларда ўқиётган минглаб ўзбекистонлик талаба ўқишини Ўзбекистонга кўчирди. Олий таълим вазирлиги ўзи бошчилик қилган бундай жараён сабабини "Украинадаги нотинчлик ҳамда бундан хавотирга тушган талабаларнинг сўрови" билан изоҳлади. Киевдаги икки университет маъмурияти эса талабалар мажбуран юртига қайтарилаётганини айтди.
Сентябрь-октябрь ойлари ичида Украинадаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабалар ўқишини Ўзбекистондаги олий ўқув юртларига кўчирди.
Бу ҳақда Озодликка келган хабарда талабаларнинг Киевда миллионларни Майдонга тўплаган демократик ғояларни юқтиришидан туғилган хавотир бунга туртки бўлгани урғуланди.
Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот котиби Марат Зокиров талабалар қайтарилганига оид хабарни тасдиқлади. Аммо, у ўзбекистонлик ёшлар "Украинадаги нотинч вазият боис, талабаларнинг ўз аризаси асосида", яъни ихтиёрий равишда қайтарилганини таъкидлади.
Талабалар сони ҳақида аниқ маълумот бермаган матбуот котиби шу кунга қадар Украинада ўқиётган ўзбекистонлик талабаларнинг 90 фоизи қайтариб бўлинганини айтди. Ундан олинган маълумотга кўра, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Термиз, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларидаги муқобил олий ўқув юртларига жойлаштирилаётган талабалар сони бир неча мингдан иборат.
Расмий маълумотга кўра, бу ерда гап ҳам давлат шартномаси асосида ўқиётган, ҳам мустақил равишда бориб ўқиётган ўзбекистонликлар ҳақида бормоқда.
Бухоро Давлат тиббиёт университетига қайтарилган 40 дан ортиқ талаба номидан аноним тарзда Озодликка сўзлаган студентга кўра эса, улар ортга қайтаришларини сўраб, мурожаат қилмаган.
Аксинча, Украинадаги ўзбекистонлик талабаларга "Ўзбекистондаги ота-оналарнинг мамлакатдаги вазиятдан ваҳимага тушгани ва ҳукуматга болаларини қайтаришни сўрагани боис" ўқишини Ўзбекистонга кўчириши шартлиги айтилган. Шундан сўнг талабалар зарур ҳужжатларни имзолаган.
"Аслида, ота-оналар мурожаат қилган бўлиши мумкин. Россиядаги телевидение Украинадаги вазиятни ўта ваҳимали қилиб кўрсатгани учун ўзбекистонликларда Украинада уруш бўлаяпти, Киев ҳам нотинч, деган ваҳима бор. Лекин ота-оналар қаерга ариза билан мурожаат қилишгани ҳақида талабаларнинг ўзлари ҳам билмайди. Қайтарилган бухоролик талабалар кўринишидан розидек. Лекин кўпчилиги Киевдаги ўқишини мақтаб гапиришидан ич-ичида норозидек кўринади. Муҳими, бу ҳақда очиқ гапиришни исташмаяпти", деди Озодликнинг айни масалани ўрганган Тошкентдаги манбаси.
Бухоро Давлат тиббиёт университети маъмуриятидан олинган маълумотга кўра, Киевдаги тиббиёт йўналишида дарс берган бир неча олий ўқув юрти талабалари Олий таълим вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида қайтарилган. Маъмурият талабалар мажбуран қайтарилганига оид эҳтимолни тўлиқ инкор қилди.
Аммо, ўнлаб ўзбекистонлик талабасига жавоб берган Александр Богомолец номидаги Киев Миллий тиббиёт университети мулозими Озодлик билан суҳбатда талабалар мажбуран қайтарилганини айтди.
"Бизга Ўзбекистон томонидан келган сўровда ота-оналар хавотири боис, талабалар қайтарилиши айтилган эди. Мен кейин бир неча талаба билан гаплашдим, улар ўқишини Ўзбекистонга кўчиришни истамаслигини айтишди менга. Лекин, Ўзбекистондаги тоталитар сиёсат ҳаммага маълум, айниқса, давлат шартномаси асосида ўқиётган студентлар ўқишини кўчириб кетишга мажбур бўлишди, назаримда", деди исмини сир сақлашимизни сўраган мулозим.
Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонасидан эса бу борада расмий изоҳ олишнинг имкони бўлмади. Аммо, ўзбекистонлик талабаларни ортга қайтариш жараёни бошланган пайтда, шу йил бошида Озодликка интервью берган элчихона мулозими Озодликка бу борада келган илк хабардаги иддаони очиқ-ойдин тасдиқлаган эди.
Ўзбекистонликларни Киев шаҳрига, мамлакатнинг ғарбий ва марказий минтақаларига бормасликни тавсия қилган мулозим боришга мажбур бўлиб қолган ўзбекистонликларга "ўта зийрак ва эҳтиёт бўлиш, намойишларда иштирок этмаслик, воқеаларни суратга ёки видеотасвирга туширмаслик, содир бўлаётган воқеалар мавзуида маҳаллий аҳоли билан баҳс-мунозараларга киришмаслик тавсия қилинишини" айтган эди.
Озодлик саволларига жавоб берар экан, элчихонанинг ўзини таништиришни истамаган расмийси ўз ватандошларига берилаётган бундай тавсияларни Украинадаги сиёсий вазиятнинг мураккаблиги билан тўғридан-тўғри боғлаган эди.