Самарқандлик чақалоқфуруш уч йилдан сўнг ушланди

Меҳнат муҳожирлари орасида бедаво дардга чалинаётганлар кўпаймоқда. Маҳкумдан 1500 доллар пора талаб қилган суд ижрочиси 7 йилга кесилди. Cамарқандда чақалоқфурушлик жинояти уч йил ўтиб фош этилди. Тошкентда уйлар қимматлади. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Cамарқандда чақалақфурушлик жинояти уч йил ўтиб фош этилди”

Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳри туғруқ комплекси акушер гиненологи чақалоқфурушликда айбланди (“Инсон ва қонун”, 25 ноябр).

Воқеа уч йил аввал рўй берган. Акушер гинеколог нотаниш жувон ташлаб кетган чақалоқни узоқ йиллардан бери фарзанд кўришни орзу қилиб юрган муаллимага сотган. Муаллима пора эвазига қиз чақалоқ кўргани ҳақида ҳужжат ҳам тўғрилаган.

Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар суди айбдорларга тегишли жазо тайинлаган. Жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар – акушер ҳамда муаллиманинг исм-шарифи, қизчанинг кейинги тақдири ошкор этилмаган.

“Меҳнат муҳожирлари орасида бедаво дардга чалинаётганлар кўпаймоқда”

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орасида ОИВ (одам иммунитет танқислиги вируси)га чалинаётганлар кўрсаткичи сезиларли даражада ошган (“Оила даврасида”, 27 ноябр).

Республика ОИТСга қарши кураш маркази директори Нурмат Отабековга кўра, 2014 йилнинг 10 ойида мигрантлар орасида ОИВга чалинганлар 531 тани ташкил этган.

Жаҳон миқёсидаги тадқиқотларга кўра, миграция даврида 20 фоиз мигрантларнинг муваққат жинсий шериги бўлади, 17 фоизи эса рағбатлантириш эвазига жинсий майлини қондиради, 2,8 фоиз мигрант бир марта бўлса-да, гиёҳванд модда қабул қилади.

Марказ раҳбарининг таъкидлашича, Ўзбекистонда ушбу бедаво дардга чалинган беморларга йилига 1000 доллар миқдорида дори берилади.

2014 йил 1 январь маълумотига қараганда, мамлакатда 28250 нафар ОИВга чалинган бемор рўйхатга олинган.

“Маҳкумдан 1500 доллар пора талаб қилган суд ижрочиси 7 йилга кесилди ”

Тошкент шаҳри Яккасарой туманида фаолият юритиб келган суд ижрочиси порахўрлик учун етти йилга озодликдан маҳрум этилди (“Ҳуқуқ”, 27 ноябр).

Дастлаб қамоқ жазоси тайинланган, кейин эса жазоси ахлоқ тузатиш ишларига алиштирилган маҳкумнинг делоси исми ошкор этилмаган 30 ёшли суд ижрочиси иш юритувига берилади.

Маҳкум зарарни мулкидан эмас, ойлик маошидан тўлашни илтимос қилади. Аммо суд ижрочиси маҳкумнинг қонуний талабини қондирмай ундан 1500 доллар пора талаб қилади.

Савдолашувдан кейин пора миқдори 1000 долларга туширилади. Маълум бўлишича, суд ижроси пора олаётганда ашёвий далиллар билан қўлга туширилган.

“Қор ёғди. Кўмирнинг нархи қанча?”

Бу йил аҳоли учун 1 тонна кўмир нархи 125 100 сўм этиб белгиланган (“Адолат кўзгуси”, 27 ноябр).

“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти бош директори Н.Умаров аҳолидан тушаётган саволларга жавобан маълум қилишича, кўмир нархи 2014 йилнинг 1 октябрида Иқтисодиёт вазирлиги билан келишиб белгиланган.

“Ўзбеккўмир” ширкати раҳбари кўмир сотиб олиш учун вилоятларда ташкил этилган ҳудудий кўмир етказувчи унитар корхоналарига мурожаат қилишни тавсия этади.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” нега мижоз манфаатини ҳурмат қилмайди?”

Йўловчилар “Ўзбекистон ҳаво йўллари” орқали амалга оширилаётган деярли ҳар бир парвозда кутилмаган “совға”ларга эга бўлади (“Новый век”, 27 ноябр).

Тошкентдан Бангкокка парвоз қилган фуқаро Людмила Сидорова йўловчиларга фақат бир хил таом таклиф қилингани (танлов имконияти берилмагани) ҳамда хизматчиларнинг муомаласидан арз қилган.

“Ҳаво йўллари” компанияси раҳбариятига саволимиз бор, нима учун икки миллион сўмга чипта харид қилган йўловчиларга кўнгилдагидек хизмат кўрсатилмайди? Йўловчилар ноқулайликларга индамай кўниб кетиши керакми? Арзимас бўлиб туюлган бу каби ҳолатлар компания нуфузига салбий таъсир кўрсатади-ку” деб ёзади газета.

“Тошкентда уйлар қимматлади”

Тошкентда октябр якунларига кўра иккиламчи уй бозоридаги ўртача таклиф 1 квадрат метр учун 776 АҚШ долларини ташкил этди, бу сентябрь ойига қараганда бир фоизга кўп.

Бир қатор матбуот нашрлари хабарига қараганда, пойтахтда бетон деворли квартиралар баҳоси 2 фоизга, ғишт уйлар эса 1 фоизга қимматлаган.

Уйларнинг ўсиш кўрсаткичи Сирғали, Яшнобод, Учтепа ва Чилонзор туманларида 3 фоиз, Мирзо Улуғбек, Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида 1 фоиз, Бектемирда эса 2 фоизни ташкил қилган.

“Хонанда Лола: шортида суратга тушсам, бунинг нимаси ёмон?!”

Ўзбекистон ёшлари орасида машҳур хонанда Лола ижтимоий тармоқлардаги очиқ-сочиқ суратлари юзасидан изоҳ берди (“Даракчи”, 27 ноябр).

“Мен бир нарсани чин юракдан хоҳладимми, уни қилишим керак. Мен “шорти”да уйимда юрибман, ҳолбуки, бундай калта “шорти”ларни одамлар кўчада кийишяпти. Бунинг нимаси ёмон?!” деган хонанда.

Аввалроқ Лоланинг ошхона столида, яланғоч оёқларига термулиб ўтирган сурати ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлганди. Айни чоқда, хонанда Лола яхшиям, отаси ижтимоий тармоқлардан фойдаланмаслиги, йўқса, аллақачон қизининг шахсий саҳифасини ўчириб юборган бўлишини тан олган.