Қирғиз чегарачилари бир йилда 70 ўзбекистонликни ушлади

Ўзбек-қирғиз чегарасидаги "Дўстлик" чегара пунктида навбатда турганлар

Қирғизистон Давлат чегара хизмати якунланаётган йилда чегарадан ноқонуний ўтишга уринган 252 одам ушлангани, буларнинг 70 нафари Ўзбекистон фуқароси эканини маълум қилди. Ушланган ўзбекларнинг икки нафари ҳарбий хизматчи экани ва қисқа муддатли суриштирувдан сўнг қўйиб юборилгани айтилди.

Қирғизистон Давлат чегара хизмати эълон қилган йиллик ҳисоботида 2014 йилда Ўзбекистон билан чегарасида содир бўлган низолар, чегараолди ҳудудида яшовчи, чегарадан ўтиб-қайтувчи фуқаролар томонидан содир этилган қонунбузарликлар сони камайганини қайд этди.

Хизмат матбуот котиби Гулмира Бўрубаеванинг айтишича, якунланаётган йилнинг 10 ойи ичида жами 70 ўзбекистонлик чегарада қисқа муддатга ушланганини айтди:

- Ўтган 10 ойда Қирғизистон давлат чегарасидан ноқонуний йўллар орқали ўтгани учун 70 нафар Ўзбекистон фуқароси ушланган. Улардан икки нафари ҳарбийдир, - деди Қирғизистон Чегара хизмати матбуот хизмати расмийси Гулмира Бўрубаева.

Унга кўра, ўзбек-қирғиз чегарасида содир бўлган 5 инцидент 2 тасида ўзбек чегарачилари томонидан қурол қўлланилган ва натижада, бир қирғизистонлик ҳалок бўлган.

Биринчи воқеа 10 ноябрь куни Ўзбекистоннинг чегара яқинидаги Водил аҳоли пунктида содир бўлган ва бир қирғизистонлик жароҳатланиб, оёғи ампутация қилинган.

Озодлик бу ҳақда хабар қилган эди. Озодликка маълум бўлишича, 10 ноябрь куни Қизилқия-Қадамжой автойўлида Ўзбекистон чегарачилари фуқароларга қарши қурол қўллагани оқибатида тўрт ўзбекистонлик ва Қирғизистоннинг Қадамжой тумани Марказ қишлоғида истиқомат қилувчи бир қирғизистонлик тан жароҳати олган.

Иккинчи воқеа эса 13 ноябрь куни икки давлат ўртасида ҳали аниқланмаган баҳсли чегара ҳудудида содир бўлган ва унда бир қирғизистонлик ўлган.

- Иккинчи воқеа 13 ноябрь куни Олабуқа туманидаги чегаранинг аниқланмаган қисмида содир бўлган. Ўзбекистон томонига кўра, қирғизистонликлар чегарадан контрабанда молларини олиб ўтишга ҳаракат қилган. Ўшанда Ўзбекистон Республикаси чегарачилари Қирғизистон фуқаросига қарши қурол қўллаган. Натижада, Қирғизистон фуқароси Ўзбекистон ҳудудида шифохонада вафот этган, - дейди Гулмира Бўрубаева.

Иккинчи воқеа ҳақида ҳам Озодлик хабар берган. Ўшанда гувоҳлар инцидентнинг Жалолобод вилояти Олабуқа тумани Ўзак қишлоғига туташган Ўзбекистон ҳудудида содир бўлганини хабар қилган эди. Ўзбек чегарачилари томонидан отиб ўлдирилган шахс Қирғизистон фуқароси, 40 ёшли Аҳмаджон Ëқубжонов экани Озодликка маълум қилинган.

Қирғизистон чегара хизмати расмийси Гулмира Бўрубаеванинг айтишича, ўтган йили қирғиз-ўзбек чегарасида 15 та инцидент қайд этилган.

2014 йилнинг 10 ойида Қирғизистоннинг қўшни давлатлар билан чегарасида содир бўлган жами низолар сони эса 40 та экани айтилмоқда. Буларнинг 32 таси қирғиз-тожик, 5 таси қирғиз-ўзбек, 2 таси қирғиз-қозоқ чегараси, 1 таси қирғиз-хитой чегарасида содир бўлган.

Қирғизистон чегара хизмати қурол қўлланилган 8 низо қирғиз-тожик чегарасида содир бўлганини айтмоқда ва чегаранинг бу қисмида можаролар кўпайган. Яъни, 2013 йилда қирғиз-тожик чегарасида 19 та инцидент кузатилган бўлса, 2014 йилнинг 10 ойи ичида 32 та инцидент қайд этилди.

Жумладан, қирғиз-тожик чегарасида 11 январь куни содир бўлган можаро пайтида 7 нафар қирғиз чегарачиси яраланган.

Ҳозирда, 1 минг 378 километр узунликда бўлган қирғиз-ўзбек чегарасининг 1 минг 54 километри аниқланган чегара бўлиб ҳисобланади.

Қўлга олинган жами 252 шахснинг 182 нафари чегарадан ноқонуний ўтишга ҳаракат қилган Қирғизистон ва Тожикистон фуқароларидир.