Қорақалпоғистон пойтахти Нукус шаҳри бош меъмори 33 яшар Сағинбай Ўтаниязов ер участкаси ажратиб бериш учун катта миқдорда пора олганликда айбланиб, ўтган ҳафта охирида ҳибсга олинди.
Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаларига кўра, нукуслик архитектор Қорақалпоғистонда “намунали уйлар” қурилиши учун маъсул шахс ҳисобланган.
Манбаларимизнинг айтишича¸ Ўтаниязов намунали уйлар қурилишига ажратилган давлат маблағларини ўзлаштиришда ҳам айбланмоқда.
Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаларидан бири, ўз тасарруфидаги ҳужжатларга таяниб, Ўтаниязовга қандай айб қўйилгани ҳақида билдирди:
- Ҳозир у киши СНБ ни подвалида сўроқ бериб турибди. Мана қўлимдаги ҳужжатдан ўқиб бериб қўя қоламан: Ўтениëзов Сағинбой Қулмурадович 1981 йил 9 октябрда туғилган. Илгари судланмаган. Ҳибсга олингунга қадар Нукус бош архитектори бўлиб ишлаган. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 210-моддаси, яъни пора олишда айбланиб турибди. Лекин ҳали суд бўлмади. Шунингдек, у кишига 205-модда, яъни ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш айби ҳам қўйилмоқда
Суҳбатдош Ўтениëзовнинг қўлга олиниш тафсилотларини ҳам гапириб берди:
- Ўтган ҳафтада Ўтениязовни олдига бир одам ер участкаси масаласида кирди. Намунали уй қуриш учун ер участкани архитектор ажратади. Зўр жойлар пул туради. Ҳуллас, масала ечими 40 миллион сўм, дея белгиланди. У киши ўзи билан СНБ дан олиниб¸ махсус кимëвий ишлов берилган пулни олиб келган. Пул бирин-кетин икки кишининг қўлидан ўтиб, Ўтениëзовга келиб тушди. Шу пайт спецназ Ўтениëзовни кабинетига кириб уларни қўлга олди. Порани уч киши олди, деб таснифлашди. Энди бу групповой пора олишнинг жазоси ҳам оғир¸- дейди Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаларидан бири.
Ўзбекистон Жиноят кодексининг 210- моддасига кўра¸ пора олиш бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шаҳар меъморининг ўз исми айтилишини истамаган яқинларидан бирининг айтишича¸ Ўтениëзовга “Намунали уйлар” қуриш учун ажратилган давлат маблағларини ўзлаштириш айби ҳам қўйилмоқда.
- “Саманбой” овул фуқоралар йиғини ҳудудидаги Узункўл массивида намунавий лойиҳалар асосида 147 та турар-жой қурилиши учун ажратилган давлат маблағларини ўғирлашга ҳам алоқадор, деб айб юклашмоқчи. Бу адолатдан эмас. Сағинбой намунали уйлар учун жавобгар бўлса ҳам, Узункўл массивидаги ишларга алоқаси йўқ уни¸ дейди маҳкумнинг яқинларидан бири.
Сағинбой Нукус ҳокимини илинтириш учун ҳўракми?
Нукусдаги давлат идораларидаан бирида ишлайдиган ва исми ошкор бўлишини истамаган мулозим Озодлик билан суҳбатда “Сағинбой Нукус ҳокимини илинтириш учун қармоқдаги ҳўрак бўлди”, деган иддаони илгари сурди.
- Энди, Сағинбай - кичкина одам. Асосий нишон Нукус ҳокими Жалгас Опаевдир. Жалгас Опаев олдин ҳам ҳамма қамалганида бир ўзи сувдан қуруқ чиқиб қутулиб колган эди. Шу ҳоким ҳозир нишонда турибди. Билишимча, Сағинбай ҳозир Нукус ҳокими Жалгас Опаевга қарши кўрсатма бериб турибди. Бошқа очиқдаги одамлардан ҳам ҳокимга қарши кўрсатма олиниб турганидан хабарим бор. Сағинбай ўз эрки билан ер сота олмайди. Мутлақо бир учи ҳокимга боради бу ишни¸ дейди суҳбатдош.
Озодлик Нукус шаҳар бош меъмори, 33 яшар Сағинбай Ўтаниязовнинг ҳибсга олиниши юзасидан Қорақалпоғистон прокуратурасига қўнғироқ қилиб изоҳ ола олмади.